Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Отам менинг фахрим

Отам менинг фахрим


Шубҳасиз, ота бўлиш Аллоҳ таоло берган буюк неъмат ва улуғ шарафдир. Буни ҳеч ким, ҳатто отанинг ўзи ҳам бекор қила олмайди. Ҳар бир фарзанднинг насаби уни дунёга келтирган ўз отасига нисбат берилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ادْعُوهُمْ لِآَبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ فَإِنْ لَمْ تَعْلَمُوا آَبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُمْ بِهِ وَلَكِنْ مَا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا

 “Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (уларни биродарим фалончи, ёки дўстим фалончи, деб чақиринглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсиз). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир”. (Аҳзоб сураси,         5-оят).
Ҳа, ҳар бир инсон ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган отасига нисбат берилиши, фалончининг ўғли, деб отасининг номи билан чақирилиши керак. Акс ҳолда, дуч келган одам ўзи хоҳлаган болага оталикни даъво қилаверадиган бўлса, ер юзи фисқу фасодга учрайди, инсонларнинг наслу насаби аралашиб, бетайин бўлиб кетади.
Ушбу оятда зикр қилинган бировнинг боласини ўз номига ўтказиб, асраб олиш “табанний”, дейилади. Исломдан олдин ва Исломнинг илк даврларида бу нарса амалда бўлган ва кўплаб муаммо ва чигалликларга сабаб бўлган. Шунинг учун, Аллоҳ таоло охирги ва мукаммал дини Исломда бу каби жоҳилият ишини ҳаром қилди. Чунки, Исломнинг энг асосий буюк мақсадларидан бири ҳам инсонларнинг наслу насабини муҳофаза қилишдир. Ояти каримадаги ҳукмга биноан наслу насаблар аралашиб кетиши олди олинди. Натижада эса, барча инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлалигича ҳимоя остига олинди.
Ҳатто, фарзанд ҳам ўзини дунёга келтирган отасини инкор қилиши ёки ўзини бошқа отага нисбат бериши мутлақо дуруст эмас. Балки кечириб бўлмайдиган гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Буни қуйидаги ҳадиси шарифлардан яна ҳам яхшироқ билиб оламиз:

عن سعد بن أَبي وقاص رضي الله عنه  أنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ مَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أبِيهِ وَهُوَ يَعْلَمُ أنَّهُ غَيْرُ أبِيهِ فالجَنَّةُ عَلَيْهِ حَرَامٌ رواه البخار

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким отасидан бошқага ўзининг отаси эмаслигини билиб туриб, (фарзандликни) даъво қилса, бас, унга жаннат ҳаромдир” дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Демак, гуноҳнинг ҳажми уни билиб туриб қилинса яна ҳам катталашади. Айрим бола асраб олган кишилар эса, боладан буни яширишади. Бу қилмишлари билан ўзлари учун гуноҳ устига гуноҳ юклаб олишади. Шунинг учун, ўз номларига бола асраб олган оилалар, бола ақлини таний бошлаши билан бу ҳақиқатни етказиб, унинг ҳақиқий ота-онаси бошқа инсонлар эканини тушунтириб қўйишлари вожиб бўлади.

عن أَبي هريرة رضي الله عنه عن النبيّ  صلى الله عليه وسلم  قَالَ لاَ تَرْغَبُوا عَنْ آبَائِكُمْ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ أبِيهِ فَقَد كَفَرَ  رواه البخارى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривот қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўз оталарингиздан юз ўгирманглар! Ким ўз отасидан юз ўгирса, батаҳқиқ кофир бўлибди”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Яъни, “юз ўгирманглар” деб, ўз отангизга нисбат берилишдан ва уларнинг номи билан чақирилишдан юз ўгирманглар, демоқдалар. Ким ўз отасидан юз ўгирадиган бўлса, куфр келтирган бўлар экан. Баъзи уламолар бу ердаги куфр иймондан чиқарадиган куфр эмас, балки куфрони неъмат, яъни неъматга ношукрлик, нонкўрлик қилиш бўлади, дейишган. Зеро, ҳадиси шарифда ҳам:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ الله عَنْهُ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ الترمذي

Абу Саъий Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, дедилар”.   (Имом Термизий ривояти).
Қаранг, оддий бир бегона инсон яхшилик қилганда, унга шукр қилиш яъни миннатдорчилик билдириш, яхшилигига яхшилик билан жавоб қайтариш лозим бўлар экан. Ўзига ўхшаган инсоннинг яхшилигини билмаган одам, ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмайди. У Зотга муносиб шукр қила олмайди. Лекин, ота-онанинг фарзандига қилган яхшилиги олдида бошқаларнинг яхшилиги ҳеч нарса эмас. Бироқ, айрим нодон кимсалар ўзларига яхшилик қилганларга: “Сиз менга ота-онам қилмаган яхшиликни қилдингиз”, дейишади. Ваҳоланки бу ота-онанинг қадрини билмасликдан бошқа нарса эмас.
Яна баъзи уламолар: “Фарзанд ушбу ҳадислардаги ҳукмга рози бўлмасдан, ўзича ота-онасидан юз ўгирадиган бўлса, иймондан чиқади”, дейишган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم  يَقُولُ مَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ  أَوِ انْتَمَى إِلَى غَيْرِ مَوَالِيهِ  فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ الْمُتَتَابِعَةُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ رواه أبو داود

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ўз отасидан бошқага (фарзандликни)  даъво қилса, ёки ўз мавлоларидан бошқага нисбатланса, унга қиёмат кунигача кетма-кет Аллоҳнинг лаънати бўлур”, деганларини эшитдим”. (Абу Довуд ривояти).

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ  لَمْ يَرَحْ رَائِحَةَ الْجَنَّةِ  وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَدُ مِنْ مَسِيرَةِ خَمْسِمِئَةِ عَام رواه أحمد

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўз отасидан бошқага (фарзандликни) даъво қилса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламас. Ва албатта, унинг ҳиди беш юз йиллик масофадан билиниб турур”, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифлардан бу масаланинг ўта хатарли экани, ҳар ким ўз билганича иш тутиши ва бепарволик қилиш асло мумкин эмаслиги маълум бўлади. Ислом динида наслу насабни сақлаш ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун оталик ҳаққи шу даражада қаттиқ ҳимоя қилинган.
Аммо, баъзи пайтларда ёш болаларни ҳурматлаб ёки эркалаб ўғлим, қизим ёки болам, деб чақирилишида шаръан ҳеч қандай монеълик йўқ. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳазрати Анас ва ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган ҳадисларда, “Эй ўғилчам”, “Ўғилларим”, деб уларни ўзларига яқин олиб, эркалаб чақирганлар. Шунингдек, ёши улуғ инсонларга ҳам ҳурмат юзасидан, “Отахон” ёки “Онахон”, деб мурожаат қилишнинг зарари йўқ.
Шу ўринда яна бир муҳим масалани айтиб ўтиш лозим. Бу маҳрам ва номаҳрамлик масаласи. Асранди бола вояга етгач, ўғил бола бўлса асраб олган аёлга, қиз бола бўлса асраб олган эркакка номаҳрам бўлиб қолади. Энди уларнинг ота-бола ёки она-боладек муносабатда бўлишлари, бир хонада ёлғиз қолишлари мумкин эмас.
Фақиҳларимиз бу муаммонинг ечимини ҳам айтишган. Агар эр-хотин ўғил бола асраб олмоқчи бўлса, аёл агар ўзининг сути бўлса, ўзи эмизиши ёки яқинларидан бири, масалан, онаси ёки опа-синглисидан бири эмизиб бериши тавсия қиладилар. Шунда бу бола аёлга эмизикли фарзанд ёки маҳрам жиян бўлиб қолади. Агар асранди қиз бола бўлса эрнинг яқинлари эмизади. Шунда бу қиз унга ҳам жияндек бўлиб маҳрам бўлади.
Лекин, мазкур оят-ҳадислардан етим болаларни асраб олиш мумкин эмас экан, деб нотўғри тушунмаслик керак. Аксинча, динимиз таълимотида етим болаларни ўз қарамоғига олиб, меҳрибонлик қилиш, уларни боқиб катта қилиш ва уларга таълим-тарбия бериш энг савобли ишлардан саналади. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай инсонларга жаннатда ўзлари билан бирга бўлишни ваъда қилганлар. Бироқ, бу ўта нозик масалада бола асраб олмоқчи бўлган инсон жуда эҳтиёт бўлиши, шариатимиз талабларига қаттиқ риоя қилиши ва албатта, уламолардан маслаҳат олиши лозим.

                                                                 Тошкент вилояти Зангиота тумани
                                                               “Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби
                                                                               Баҳодир Раҳматуллаев