Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-онасининг қадрига етмаган хор бўлур

Ота-онасининг қадрига етмаган хор бўлур

عَنْ أَبيى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "رَغِمَ أَنْفُهُ، رَغِمَ أَنْفُهُ، رَغِمَ أَنْفُهُ" قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: "مَنْ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ عِنْدَ الِكِبَرِ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا ثُمَّ لمَ ْيَدْخُلِ الْجَنَّةَ". رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин!”, дедилар. Айтилди: “Ким? Ё Росулуллоҳ!”. У зот: “Ким ота-онасини кексалик пайтларида бирларини ёки икковларини топсаю, сўнг, жаннатга кирмаган бўлса”, дедилар”.  (Имоми Муслим ривояти).    
Мазкур ҳадиси шарифдан маълумки ота-онага хизмат қилиш, уларга яхшилик қилиб эъзозлаш, жаннатга кириш учун энг катта восита экан. Уларга оқ бўлиш, озор бериш, уларнинг ҳақларини паймол қилиш ва итоат қилмаслик эса, дўзахга киришдаги энг асосий сабаблардан биридир. Ожиз банда ота-онасининг хизматларида кўп хато ва камчиликларга йўл қўяди. Шунинг учун, кимки ота-онасининг иккисини ёки бирларини кексайган пайтларида уларнинг дуо ва розиликларини топиш учун уларга чиройли хизмат қилсин!  Бордию бунинг акси бўлиб, уларга озор берса, қаровсиз ташлаб қўйса ва улар олдидаги фарзандлик бурчини бажармаса дўзахга киришга лойиқ бўлади. Ушбу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари унга тегиб қолиши хавфи бор. Аллоҳ таоло ота-онага оқ бўлишдан сақласин!
Оққ бўлган жазосини шу дунёдаёқ олади
Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Айниқса ота-онага қилинган исён ва уларга оққ бўлишнинг жазоси албатта муқаррардир.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمْعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "كُلَّ الذُّنُوبِ يُؤَخِّرُ اللهُ مُا شَاءَ مِنْهَا إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ إِلاَّ عُقُوقَ الْوَالِدَيْنِ، فَإِنَّ اللهَ تَعَالَى يُعَجِّلُهُ لِصَاحِبِهِ فِي الْحَيَاةِ قَبْلَ الْمَمَاتِ". رَوَاهُ الْحَاكِمُ


Абу Бакра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ Ўзи ҳохлаган гуноҳларнинг (жазосини) ҳаммасини қиёмат кунигача кечиктиради. Фақат ота-онага оққ бўлишни эмас. Албатта, Аллоҳ таоло, унинг соҳибига (жазосини) ўлимидан олдин ҳаётида тезлатади”, деганларини эшитдим”. (Имом Ҳоким ривояти).
Демак, ота-онасига оққ бўлиб, уларга нонкўрлик қилган махлуқ, охиратда оладигани аламли азобу уқубатлардан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам қилмишига яраша жазоланмасдан қолмас экан. Бунга кўпчиликларимиз гувоҳ бўлган кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди
имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев