Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-онани ҳурмат қилиш одоби

Ота-онани ҳурмат қилиш одоби

Ота-онанинг оғирини енгил қилиш, уларни турли ёмонлик ва нохушликлардан ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанд учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Ота-онанинг динга хилоф бўлмаган ҳар бир буйруқ-топшириғи сўзсиз бажарилади, чақирсалар «лаббай» деб борилади уларга «уф» тортилмайди, гаплари қайтарилмайди.

Ота-онани ҳақорат қилиш, уларга қўпол муомалада бўлиш, оғринтириш, уларга осий (оқ) бўлиш энг қаттиқ гуноҳ (гуноҳи кабира)лардан ҳисобланади. Аллоҳ таолога энг маҳбуб ва мақбул амал – намоз ўқимоқ ва ота-онага тоат этмоқликдир.

Агар ота-она овқатга муҳтож бўлса овқатлантирилади, кийимга муҳтож бўлса кийинтирилади, уларнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб, сўрамасалар ҳам пул ёки буюмлар бериб турилади.

Ота-она қандай хизматга муҳтож бўлишса, хизматлари шу заҳоти, сўзсиз бажарилади.

Ота-она билан сўзлашганда юмшоқлик ва одоб билан гаплашилади, овоз баландлатилмайди, заруратдан ортиқча гаплар айтилмайди, сўзларини бўлиб ташлаб ёки сўз қистириб, буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапирилмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса – битта эшик очади.

Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан улар рози бўлмагунча, рози бўлмайди», – деди.

«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» – дейилди.

«Зулм қилган бўлсалар ҳам», – деди».

Абдуллоҳ ибн Умар айтади:

«Роббнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир».

Улар бетобланиб қолишса муолажа қилдириш тадбирлари изланади, соғликлари учун садақа қилинади ва Аллоҳдан шифо тиланади.

Айниқса оналар қаттиқ ҳурмат-иззат қилинади. Уларни елкада кўтариб юрганда ҳам бир марталик қийналгани ҳаққини адо қилиш қийин. Ўзингиз ёмон кўрган нарсани ота-онага раво кўрилмайди, яхши кўрган нарсангизни уларга ҳам илинасиз.

Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Онангга», – дедилар.

«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.

«Отангга», – дедилар. Сўнгра яқинларга ва яна яқинларга», – дедилар».

Аллоҳдан ўзингизга қандай мағфират тиласангиз, уларнинг ҳам гуноҳларини кечишини сўраб, дуода бўлинади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга «Тубо» бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин», дедилар».

Ота-она розилигисиз ҳеч қаёққа, хаттоки илм олмоқ ёки ҳаж қилмоқ учун ҳам борилмайди.

Ота-она билан муомалада хўмрайиб олинмайди, кесатиқ, пичинг билан, «сиз ундоқ эмассиз, бундоқ эмассиз», деб камситилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин», – дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимни?» – дейишди.

«Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлигида топа туриб, дўзахга кирганни», – дедилар».

Агар ота ёки онангиз кириб келишса, ўриндан туриб, эҳтиром билан кутиб олинади, юқорига ўтқазилади, улар олдида чўккалаб, тавозеъ билан ўтирилади, оёқни узатиб ёки ёнбошлаб олинмайди.

Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади:

«Абу Ҳурайра икки кишини кўрди ва улардан бирига:

Бу киминг бўлади?» – деди.

«Отам бўлади», – деди у.

«Унда, уни исмини айтиб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан олдин ўтирма», – деди».

Ота-она хурсанд бўлса сиз ҳам хуш кайфиятда туринг, хафа бўлса сиз ҳам дардига шерик бўлинг, гапларини, танбеҳларини малол кўрманг.

Бордию ота-онангиз бирор нарсани ният ёки орзу қилган бўлсалар, мақсадларига етишлари учун қўлингиздан келган ҳамма ишни қилинг.

Ота-онангиз тириклигида ҳам, вафот этганларида ҳам уларнинг дўстлари ва яқинлари билан узилишиб кетмай, уйингизда меҳмон қилиб туриш ҳам одобга киради.

Уларнинг ҳаққига дуойи-фотиҳада бўлиш, қабрларини зиёрат қилиш, яхши ишларини эслаш, руҳларига Қуръон тиловати бағишлаш ҳам фарзандлар бурчидир.

Манба: Адабул муфрад

Пискент тумани “Саид ота” жоме масжиди
имом-хатиби Эшонҳўжаев Сайдраҳим