Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-онага осий бўлганлар улар вафот этса нима қилиши ҳақида

Ота-онага осий бўлганлар улар вафот этса нима қилиши ҳақида

“Ота-онасига осий бўлган фарзанд вафотларидан кейин улар учун дуо этса, Аллоҳу таоло уни ота-онасига итоат этганлардан қилиб ёзади” (Ибн Абуддунё).

Ота-онага осий бўлганлар улар вафот этган бўлса қуйидаги амалларни бажариши мақсадга мувофиқдир:

Савобини уларга бағишлаб, рўза тутмоқ.

Савобини уларга бағишлаб, ҳаж этмоқ. Олимларнинг кўпига кўра, ота-она учун ҳаж жоиздир. Ҳадиси шарифда “Вафот этган ота-онаси учун ҳаж этганга ҳам ўзи, ҳам ота-онаси учун ҳаж этганнинг савоби берилади. Ота-онасининг руҳига хушхабар берилади”, деб марҳамат қилинди (Доро Қутний).

Савобини уларга бағишлаб, садақа бермоқ. Ҳадиси шарифда “Садақа берганда савобини нега мусулмон ота-онангизга ҳадя этмайсиз? Ҳадя этсангиз, берган садақангизнинг савоби, уларнинг руҳига кетганидек, шу савобдан ҳеч камаймай сизга ҳам ёзилади”, деб марҳамат қилинди (Табароний).

Қабрларини зиёрат этиб, Қуръони Карим ўқиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини ихлос билан ва мағфиратини умид этиб зиёрат этган, қабул бўлган бир ҳаж савобини олади ҳамда буни одатга айлантирган кимсанинг қабрини фаришталар зиёрат қилади” (Ҳаким).

Қабрларини жума кунлари зиёрат этмоқ. Ҳадиси шарифда: “Ота-онанинг қабрларини жума куни зиёрат этганнинг гуноҳлари авф бўлади. Ҳақларини ўтаган бўлади”, деб марҳамат қилинди (Термизий).

Зиёрат этаётганда дуо ва Қуръони Карим ўқиш билан машғул бўлмоқ, тўғри келмайдиган сўзларни гапирмаслик лозим.

Ҳаётликларида ранжиган бўлсалар, фарзанд солиҳ бўлса, улар рози бўлади. Улар ўргатган яхши нарсаларга амал этиб юрган муддатича савоби уларга ҳам тегади.

Улардан бир ёмон нарса ўрганган бўлса, бу ишни ҳар қилганида уларга ҳам гуноҳ ва азоб боради. Шунинг учун улардан ёки улар воситаси билан ўрганган ёмон одатларни тарк этиш керак. Ёмон амаллари билан уларни қабрда азоб чекишига йўл қўймаслик лозим.

Ота-онага сўкинмаслик. Ҳадиси шарифда: “Ота-онага сўкиниш катта гуноҳдир”, деб марҳамат қилинди (Бухорий). Яъни бировнинг ота-онасини сўксанг, у ҳам сенинг ота-онангни сўкиши мумкин.

Уларнинг яқинлари билан яхши муомалада бўлмоқ. Ҳадиси шарифда: “Вафот этган ота-онага дуо ва истиғфор этмоқ, қарзларини тўламоқ, дўстларига икромда бўлмоқ, уларнинг яқинларини зиёрат этмоқ, яхши муомалада бўлмоқ билан уларнинг ҳурматини жойига қўйинг”, деб марҳамат қилинади (Ҳаким).

Дўстлари билан борди-келдини узмаслик. Ҳадиси шарифда: “Отаси вафот этгандан кейин унинг дўстларини зиёрат этган фарзанд энг зўр яхшиликни қилган бўлади”, деб марҳамат қилинади (Муслим).

Дўстлари билан кўришмоқ. Ҳадиси шарифда: “Яхшиликларнинг энг мукаммали отасининг дўстини зиёрат этмоқдир”, дейилади (Муслим).

Фитр байрамида савобини уларга атаб, фитр садақаси бермоқ.

Қурбон байрамида савобини уларга ҳадя қилиш учун қурбонлик сўймоқ.

Ота-онаси яхши кўрган овқатни пишириб, фақирларга тарқатиб, уларнинг руҳини шод этмоқ.

Ёмонликларини гапирмаслик. Ҳадиси шарифда: “Вафот этган яқинларингизни яхшиликлари билан ёдга олинг, ёмонликларини гапирманг”, деб марҳамат қилинади (Термизий).

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонхўжаев Саидрохим