Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОТА-ОНА СОТИЛАДИ: ОТА 68 ЁШДА, ОНА 66 ЁШ

ОТА-ОНА СОТИЛАДИ: ОТА 68 ЁШДА, ОНА 66 ЁШ

Ушбу шов-шувли эълон билан боғлиқ воқеа Японияда содир бўлган эди. Токио газеталарининг бирида “Ота-она сотилиши” ҳақида жуда ғалати эълон берилди.

Унда қуйидагилар ёзилганди: “Ота-она сотилади: ота 68 ёшда, она 66 ёш. Баҳоси – 900 иена”.

Бу эълонни кўрган киши борки ҳайратга тушди. Инсонлар ажабланган ҳолда: “Шу даврларга ҳам етиб келдикми?! Ота-оналариниям сотишяпти! Ҳукумат қаёққа қараяпти?!” – дейишарди. Бу эълон атрофида шов-шувлар жуда кўп бўлди.

Ана шу эълон мусулмон мамлакатдан тижорат мақсадида кўчиб келган бир ёш оиланинг қўлига ҳам тушиб қолди. Улар автоҳалокатда вафот этган ота-онасини яқиндагина тупроққа беришган эди. Бу жудолик сабаб қанчалар азоб чекишмасин, сабр қилишарди. Улар учун ота-онасини сотиш истаги ваҳшийлик бўлиб кўринарди. Бу ҳолатда сотилаётган ота ва онанинг қалбидан нималар ўтаётганини тасаввур қилиш уларга жуда оғирлик қиларди. Шу сабабли улар нуронийларни сотиб олиб, уйларига олиб келишни ва уларга меҳр, ғамхўрлик кўрсатишни мақсад қилишди. Зора ота-онасидан айрилиқ ва ўзга юртлардаги мусофирчилик, ёлғизлик алами шу билан озгина бўлса-да тинишини ва бир жабрдийдаларга мурувват кўрсатганлари сабаб Аллоҳ таолонинг ажру савобига соҳиб бўлишлари мумкинлигини ўйладилар.

Улар эълонда кўрсатилган манзилга етиб келгач, ҳайратдан ёқа ушлашди. Чунки қаршиларида ҳашаматли, гўзал қилиб қурилган катта уй турарди. Боғчаси турли-туман дарахтлару гулларга тўла эди.

“Наҳотки, наҳотки…”, – дейишарди улар. “Шу муҳташам уйда ота-она учун жой топилмаса?!”

Бир дам қотиб қолишди. “Адашдикмикан?!” – дейишарди шивирлаб. Ҳайрон бўлиб, нима қилишни билмай туришганида эшик очилиб қолди.

– Кимнидир қидиряпсизларми? – деб сўради уйдан чиққан мўйсафид.

– Узр, биз адашдик шекилли. Чамамда нотўғри манзилга келиб қолдик, – дея жавоб берди йигит. – Биз мана шу эълондаги уйни қидираётгандик.

– Манзилни тўғри топиб келдингиз, марҳамат, кираверинглар – деди ҳаяжонланиб мўйсафид.

У меҳмонларни уйга таклиф қилди ва аёлини чақирди. Нима бўлаётганини англай олмай жовдираб турган ёшларга табассум қилди ва тушунтира кетди:

– Кўриб турганингиздай биз камбағал, муҳтож эмасмиз. Лекин бизнинг фарзандимиз йўқ. Қариган чоғимизда биз билан бирга яшайдиган ва бойлигимизга муносиб меросхўр бўла оладиганларни топиш учун мана шундай йўл тутишга қарор қилдик. Бизнингча, бундай эълонга фақатгина қалби пок инсонларгина жавоб бериши лозим эди. Ҳеч кимдан акс-садо чиқмагач, тўғриси, бу ишимиз натижа беришига шубҳалана бошлагандик.

Шундан сўнг, улар ҳам ёш мусулмон оиланинг ҳаётий ҳикоясини тинглашди.

– Яхши ниятингиз ҳурматга лойиқ, Сизларни кўриб турганимиздан жуда мамнунмиз! Хуш келибсиз, азиз фарзандларимиз!

Шахноза Олимбой қизи таржимаси