Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-она фарёди (онанинг изтиробли ҳикояси – ҳаётий)

Ота-она фарёди (онанинг изтиробли ҳикояси – ҳаётий)


Яратган уларга бир нафар фарзанд ва катта мол-давлат ато этган эди.
Фарзанд ўғил бола. Ўғил бўлганда ҳам полвон ва кўркам бола.
Уни ўқитиб, вояга етказдилар. Яхши даромад топадиган тадбиркор қилиб тарбия этдилар.
Пойтахтнинг энг сўлим жойидан ҳайхотдек уй солиб, қишлоқдан шу жойга кўчиб ҳам келдилар.
Ўғлини ушбу янги уйда уйлантирдилар.
Кўрган инсон бу оилага ҳавас қилар эди.
Орадан бир неча йиллар ўтди.
Нимадир бўлди чоғи – қайнона ва келиннинг сўзи бир жойдан чиқмай қолди.
Оила жилови келинга ўтди.
“Йигитали” келиннинг маслаҳатига кўра ота-онасини қишлоқдаги уй-жойларига бориб яшашларини сўради… Шу билан ота-онасининг “тинчлигини ўйлаган” бўлди.
Ота-онага боласининг тинчлиги, оилавий тотувлигидан нима ҳам муҳим…
Улар бу таклифга осонгина кўнди. Эртага улар кўчини олиб қишлоқ томон йўлга чиқишлари керак…

Тонг отди…
Эрта тонгдан юкларни ортиб кетиш учун буюртма берилган юк машинаси эшик олдига келиб чўзиқ ва такрор овоз берди.
Тўрт-беш нафар паҳлавон йигитлар оила бекаси – келинпошшо кўрсатган кўч юкларини машинага бирин-кетин юклай бошлади.
Шу дамда боласининг бахти учун ҳаммасига чидаб турган ота-онанинг қалбини навбатдаги ҳолат тилка пора қилиб юборди-ки, бу озобга тоғ ҳам бардош бера олмас эди…
Нима бўлди, дейсизми…
Шу аснода уй олдига яна бошқа бир кичикроқ юк машинаси келиб тўхтади. Ундан икки киши тушдида, саломлашиб, ушбу манзилга буюртма олиб келганларини айтишди.
Кейин юк машинасидан аллақандай бежирим ясалган нарсани олиб тушиб, уни келинпошшо кўрсатган жойга ўрнатиб кетдилар.
Ота-она не кўзлари билан кўрмасин ушбу нарса ит истиқомат қилиши учун ясалган бошпана экан…
Ёдига тушди… Келин тушмагур ит боқишни жуда ҳам яхши кўрар эди.
Барчасига кўниб турган шўрлик ота-она:
“Наҳотки аллақандай аккиллайдиган ит учун бошпана топилган, ўз фарзандимнинг уйида биз учун жой топилмаса-я…”, дегандек бир-бирларига бечораҳол тикилиб қўйдилар.
Ўзларидан ўтганини биргина Яратган Эгам ва ўзларигина билардилар…
Шу дамда: “Амаки, юклар ортиб бўлинди. Машина жўнашга тайёр”, деган овоз жаранглади. Бу овоз уларга жуда ҳам ёқиб тушди ва машинага ўтириб қишлоқ сари отландилар.
Ўғил эса кўчада иши билан банд.
Кўчиш ва юкларни жойлаштириш ишларига одам ёллаб, ишни “беш” қилиб, фарзандлик бурчини уддалаб қўйган…
Мана шундай худбин фарзандлардан асрасин!
Худбинларни шиори шундай: “Дунёга ўт кетса-кетсин, оловига менинг шўрвам пишсин!”.

Ота-онага оқ бўлиш, яъни уларни ранжитиш энг катта гуноҳ. Пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) жаннатга кирмайдиган ва қиёмат куни Аллоҳ таоло раҳмат назари билан назар солмайдиган кишилар рўйхатида биринчи бўлиб ота-онасини ранжитган кимсаларни санаган.

xАллоҳ таоло барча гуноҳлардан истагани учун жазони қиёматга қолдириши мумкин. Фақатгина ота-онага оқ бўлиш ундай эмас. Шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло унинг соҳибига шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини тезлатади. Охиратда эса дахшатли азоблар унга “мунтазир” бўлади.

Одатда, Аллоҳ сақласин, ота-она боласини оқ қилдим, десагина бола уларга оқ бўлади, деб тушунилади.
Бугина эмас… Шуни яхши билиш керакки, ота-она боласининг ахлоқсизлиги, меҳр-шафқатсизлиги туфайли азият чекиб ранжиса, бир томчи бўлса ҳам кўз ёши тўкса – мана шунинг ўзи ҳам боланинг ота-онасига оқ бўлганидир.

Ёки боласи туфайли эл олдида уятга қолиб, “Оҳ, бу қандай бола бўлди-я”, деб нолиши ва изтироб чекишининг ўзи ҳам боланинг ота-онасига оқ бўлганидан дарак.

Ҳа, азиз Тенгдошлар! Ота-она масаласи жуда ҳам жиддий ва нозик масала.
Эсдан чиқармайлик, пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўсин): “Кимки ота-онасига яхшилик қилса унга Тубо (жаннат) бўлсин. Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин”, деб дуо қилганлар. Имом Бухорий ривояти.

Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов