Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ота-боболаримиз мулла бўлишган…

Ота-боболаримиз мулла бўлишган…

Бир куни олдимга бир йигит келди. Ёнида бир қиз ҳам бор эди. “Келинг нима хизмат?” – десам: “Домла, бизни ўқиб қўйсангиз, баъзида бир-биримизни тушунмай уришиб қоляпмиз”, – деди. Кўринишдан уларни турмуш қурган деб ўйламадим ва шу сабабли йигитдан: “Бу келинми?” – деб сўрадим. Йигит: “Биз ҳали оила қурмаганмиз, аммо икки йилдан бери гаплашиб юрамиз, кейин ишларимиз ҳам юришмаяпти, шунга ҳам ўқиб қўйсангиз”, – деди. Мен уларга бу қилаётган ишлари нотўғри эканлигини, гарчи унаштирилган бўлса ҳам гаплашиш, кўришиш, мулоқотда бўлиш гуноҳ эканлигини, шариатимизда бу ишлардан қайтарилганлигини тушунтирдим. Шунингдек, ишларининг юришмаётганининг сабабларидан бири ҳам мана шу қилаётган ишлари эканини айтдим. Шунда йигит: “Домла, сиз нотўғри ўйламанг, биз унақа “ёмон” иш қилиб юрганимиз йўқ, фақат гаплашиб турамиз, холос, қолаверса, менинг ота-боболарим мулла бўлишган. Бизга ҳаром ёқмайди”, – деди.

Йигитнинг “Менинг ота-боболарим мулла бўлишган”, деган гапи мени ўйлантириб қўйди. Охирги пайтларда одамлар орасида мана шу гап кўп такрорланадиган бўлиб қолди. Нотўғри иш қилаётган баъзи бир инсонларга қилаётган ишининг нотўғри, яъни гуноҳ эканлигини айтсангиз, гўёки, “менга ақл ўргатма, ўзим биламан” дегандек, “менинг ота-боболарим мулла бўлишган”, дейди. Ваҳоланки, қилаётган ишларига назар солсангиз, ширк, бидъат, хурофотдан бошқа нарса эмас. Энг ачинарлиси, бу гапни айтаётганларнинг аксари диндан бехабар, ибодатдан мутлақо узоқ бўлган кимсалардир. Аслида улар ўзларининг аҳволига қараб, “Мулланинг фарзандиман” дейишга уялиши керак эмасми?!

Албатта, бу иллатларнинг асл сабаби жаҳолатдир. Ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси билан мутлақо шуғулланмай қўйгани, фарзандлар эса тарбияни кўчадан, чет эл серияллари ва ижтимоий тармоқлардан олаётганининг оқибатидир. Натижада, бир-бирига номаҳрам бўлган йигит – қизлар кўчада қўл ушлашиб юришдан уялмай қўйишди. Одамлар ҳам бу нарсага кўникиб қолишди. Ҳатто баъзи ота-оналар қизимнинг севган йигити бор, дейишдан ҳаё қилмаяпти, балки бундан баъзида фахрланаётганларга ҳам гувоҳ бўлиб қоламиз.

Авваллари ота-оналар ўғлига фалончининг қизига уйланасан, дейишса, ҳеч қандай эътирозсиз рози бўлишган. Чунки улар ота-она фарзандига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаслигини, келин танлашда ота-онаси ўзидан кўра тажрибали эканлигини билишган. Қиз болалар эса оналари фалон йигитга турмушга чиқасан, деса, ҳатто розиман, дейишга ҳам ҳаё қилишган. Бизнинг аждодларимиз ана шундай ор-номусли бўлишган.

Ҳозирги аҳволимизга бир назар ташлайликчи! “Севган қизим”ни олиб бермади, деб ота-онасидан воз кечиб кетаётган “йигит”лар қанча. Мени “йигитим” бор, деб ота-онасини юзини ерга қаратаётган қизлар қанча.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Аждодларимизга муносиб авлод бўлишни насиб айласин!


Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди
имом-хатиби Абдулбосит Нусратуллаев
.