Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Қорилар саййиди

Қорилар саййиди

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан: “Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг Китобидаги энг улуғ оят қайси?” – дедилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, –  деди у киши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир бор: “Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг Китобидаги энг улуғ оят қайси?” –  дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳу лаа илаҳа иллаа ҳуу ал-ҳаййул-қоййум”, – деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлган ҳолда у кишининг кўксиларига қўлларини қўйиб: “Сенга илм осон бўлсин, Абу Мунзир!” – дедилар. Бу буюк башоратга мушарраф бўлган улуғ саҳобий Убай ибн Каъб Хазражий Бадрий розияллоҳу анҳудирлар.

У зот иккинчи “Ақаба” байъатида қатнашиб дастлаб мусулмон бўлган етмиш нафар мадиналик ансорлардан бири, Бадр ва ундан кейинги ҳамма ғазотларда иштирок этган улуғ саҳоба бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абу Мунзир куняси билан, Умар розияллоҳу анҳу эса Абу Туфайл деб атар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги биринчи ваҳий котиблари бўлдилар.

Бу бежиз эмасди. Чунки, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ўткир ақл-заковат,  фасоҳат ва балоғатли тил ҳамда тингловчини ром этувчи жуда ширин, ёқимли овоз соҳиби эдилар. Бутун умрини, борлиғини Қуръони каримни ўрганишга, илм олишга сарф қилдилар ва саҳобаи киромлар ичида қироатда кўзга кўринган арбобга айландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга алоҳида эҳтиром кўрсатар эдилар. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинади: “Лам якуниллазийна кафару”, яъни “Баййина” сураси нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳ таоло мени “Лам якуниллазийна кафаруу”ни  сенга ўқиб беришимга буюрди”, – дедилар. Убай розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ менинг исмимни айтдими?!” – деди. “Ҳа, Аллоҳ сенинг исмингни айтди”, –  дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу жавобни эшитиб Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кўзларидан шукрона ёшлари оқди.

Чунки Қуръони карим нозил бўлиб турган Пайғамбарнинг ўзига Аллоҳ таоло Қуръонни Убай ибн Каъбга ўқиб бер, деган бўлса, унинг исми энг олий жамоа бўлмиш фаришталар ҳузурида бўлса, исмини Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилиб турган бўлса, бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши, бундан юксак яна қандай мартаба бўлиши мумкин. Бу буюк эҳтиромни таърифлаб бўлармикан?! Бунинг барчаси Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қандай инсон эканликларини яққол кўрсатади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб, чалкашиб қолдилар. Намозни адо этиб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбдан: “Биз билан намоз ўқидингми? –  деб сўрадилар. “Ҳа”, –  деди.

“Менга луқма беришдан сени нима ман қилди?” –  дедилар”.

Имом Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.

Улуғ саҳобалар ичидан айнан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга бундай мурожаат қилиниши у зотнинг энг яхши қори саҳобалардан эканининг яққол эътирофидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим ичидан умматимга энг раҳмлиси Абу Бакрдир. Уларнинг Аллоҳнинг амрида энг қатъиятлиси Умардир. Уларнинг ҳаёда энг содиғи Усмондир. Уларнинг Аллоҳнинг Китобига энг қориси Убай ибн Каъбдир. Уларнинг мерос илмини энг яхши билувчиси Зайд ибн Собитдир. Уларнинг ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир”, –  дедилар. Имом Термизий ривоят қилган.

Имом Бухорий “Тарихи сағир”да мухтасар қилиб, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ансорлардан беш киши: Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумлар Қуръонни жамлаган эдилар .

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган олти қозининг бири эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу кишини “Саййидул-муслимин” (мусулмонларнинг саййиди, пешқадами) деб чақирар эдилар.

Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб: “Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин! Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин! Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин! Ким молу дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин.

Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди”, – деди”. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳузурида Аллоҳ таоло ва охират зикр қилинган заҳоти йиғлашга тушар эдилар. Қуръони карим оятларини ўзи ўқиса ҳам, бошқадан эшитса ҳам, бутун вужудига таъсир этгани шундай билиниб турар, уни қалтироқ тутар эди.  Хусусан, ушбу

 

قُلْ هُوَ الْقَادِرُ عَلَى أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عَذَابًا مِنْ فَوْقِكُمْ أَوْ مِنْ تَحْتِ أَرْجُلِكُمْ أَوْ يَلْبِسَكُمْ شِيَعًا وَيُذِيقَ بَعْضَكُمْ بَأْسَ بَعْضٍ انْظُرْ كَيْفَ نُصَرِّفُ الْآَيَاتِ لَعَلَّهُمْ يَفْقَهُونَ

“Айтинг: У сизларга тепангиздан ёки оёқларингиз остидан азоб юборишга ёхуд сизларни (турли) фирқаларга айлантириб, баъзингизга баъзилар зарарини тотдиришга (ҳам) қудрати етадиган Зотдир. Кўринг, англаб етсинлар деб оятларни қандай (атрофлича) баён қиламиз”,  оятларини ўқиса ёки эшитса, ҳушидан кетиб қолар эдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазллари ҳақида айтилган гапларнинг энг муносибини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари айтганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон қироатини тўрт кишидан: Ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Убайдан ва Муоз ибн Жабалдан талаб қилинг”, – деганларини эшитдим”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164 та ҳадис ривоят қилдилар.

Жундубдан ривоят қилинади: “Мадинага келдим. Баъзи зарур ишлар учун шаҳарга кирсам, кўчалар одамлар билан тўла. Улардан “Нима гап, одамларга нима бўлди?” – деб сўрасам, улар: “Сен бу шаҳардан эмасмисан?” –  дедилар. Мен: “Ҳа, мусофирман”, –  дедим. Шунда улар: “Ахир мусулмонлар ва қорилар саййиди Убай ибн Каъб вафот этдилар-ку!” –  деб айтдилар”.

Бу воқеа ҳижратнинг 30-санасида (милодий 649 йил) содир бўлган эди.

Аллоҳ таоло Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

                                                                          Ёқубжон Бухарбаев
                                                            ТИИ ўқитувчиси,Бекобод тумани
                                                      “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби