Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қон чиқариш ибодатми?

Қон чиқариш ибодатми?

Инсоннинг ҳаётида бирор муҳим ҳодиса рўй берса, “қон чиқариб юбориш керак”, деган тушунча бор халқимизда. Бу рўй берган ҳодиса хурсандчилик бўлсин ёки мусибат бўлсин, фарқи йўқ. Яъни, киши бирор муваффақиятга эришса, янг уй қурса, ёки машина сотиб олса ва ҳоказо. Ёки бирор мусибатга йўлиқса, оғир дардга чалинса, ёки бирор фалокат юз берса бирор жонлиқ сўйиб “қон чиқариб юбориш” одат тусига айланиб бормоқда. Аслида юқорида санаб ўтилган ҳолатларда эҳсон қилиб юбориш шариатда бор бўлган амал. Аммо унинг номини қон чиқариш деган тушунча билан қилиш масаланинг моҳиятини ўзгартириб юборади. Шу ўринда бир савол туғилади:

Қон чиқариш ибодатми, унда бирор савоб ҳосил бўладими?

Бу саволнинг жавобини ҳакимул уммат номини олган зот Ашраф Али Таҳонавий роҳимаҳуллоҳ айтган қуйидаги гапларидан топамиз: “Қон чиқариш фақат икки ўринда ибодат бўлади. Қурбонликка ва ақиқага жонлиқ сўйилганда. Айнан мана шу икки ҳолатда ибодат ҳосил бўлиши учун айнан қон чиқариш шарт қилинади. Бошқа бирор ўринда қон чиқариш ибодат ҳисобланмайди. Қон чиқариш ибодат бўлади, деб ким айтса, ўша одам кофир бўлади”, деганлар.

Демак, маълум бўляптики, қурбонлик ва ақиқадан бошқа ўринларда жонлиқ сўйиб эҳсон беришда савоб ҳосил бўлиши фақатгина сўйилган жонлиқнинг гўштидан бошқалар тановул қилиши билан боғлиқдир. Қон чиқаришнинг ўзида ҳеч қандай савоб йўқ. Шундай экан зиёфат шаклида қилинадиган эҳсонга гўштни бозордан сотиб олиш ёки бирор жонлиқ сўйиб унинг гўштидан ишлатишда савоб борасида ҳеч қандай фарқ йўқ.

Баъзи одамлар қон чиқаришга шу қадар эътибор беришадики, қўй сотиб олишга пули бўлмаса, битта товуқ олиб бўлса ҳам қон чиқаришга ҳаракат қилишади. Унинг бу ҳаракатида қон чиқаришда алоҳида савоб бор, деган тушунча борлиги аниқ. Бу эса куфрга олиб борадиган хатарли гуноҳдир.

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, бирор авлиёнинг номига атаб жонлиқ сўйиш ҳам катта гуноҳ, яъни ширкдир. Гарчи сўйганда Аллоҳнинг номини айтиб сўйса ҳам асл нияти бирор шахсга аталгани учун бу сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлмайди.

Ишимиз юришмай қолди деб, қон чиқаришлар, темир пирига атаб жонлиқ сўйишлар ҳам шулар жумласидандир. Ҳаттоки, сўйилган жонлиқнинг қонини машинасига ёки уйининг деворларига суркаб чиқадиганлар ҳам бор. Бу эса очиқдан очиқ ширк бўлади.

Шундай экан, бу ҳолатларга бепарво бўлмайлик, биродарлар. Кимдир бу ишни қилаётган бўлса, бу ишининг гуноҳ эканини билмаганидан қилади. Уларга билдириб қўйиш, уларни бу хатодан қайтариш ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади. Жонлиқ сўйиб эҳсон бериш савобли амал, албатта. Аммо, савобни қон чиқаришдан эмас, Аллоҳга бўлган тақвоимиздан, сўйилган жонлиқнинг гўштини эҳсон қилишдан умид қилайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Қилаётган ҳар бир амалимиз шариатга, суннатга мувофиқ бўлишини Аллоҳ насиб қилсин!

Ёрқинжон домла суҳбатлари асосида Оҳангарон тумани «Абдуқаҳҳор Махсум» жоме масжиди

имом хатиби Нусратуллаев Абдулбосит тайёрлади.