Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚОМУСИМИЗНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

ҚОМУСИМИЗНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган. Ўзбек халқи асрлар мобайнида  сақланиб, сайқал топиб келган ўз миллий урф-одатлари, расм-русум, удум ва анъаналари, ғурури, ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзи, ҳуқуқий онги, эътиқоди, бир сўз билан айтганда, маданий-маънавий дунёси билан ажралиб туради. Буюк аждодларимиз умумбашарият маърифатпарварлигини яратишда бевосита иштирок этганлар, улар жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшганлар. Уларнинг бой маданий-ҳуқуқий меросидан Асосий Қомусимизни яратишда кенг фойдаланилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига биринчи навбатда инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиги сингдирилган. Унинг асосий мантиқий йўналиши қуйидагича: инсон – жамият – давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида Ўзбекистон халқининг инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлиги, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулияти, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий асослари, демократия ва ижтимоий адолат садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш асосий мақсад сифатида белгиланиб, мазкур қоидалар конституциямизнинг қанчалик халқчиллигини кўрсатиб турибди.

Ислом дини инсонпарвар дин бўлиб, инсон қадрини юксакка кўтаради. Аллоҳ таоло инсон наслини шарафлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди, бошқа мавжудотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади. Қуръони каримнинг Исро сурасида: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Худди шунингдек, бу ҳолат Қомусимизда ҳам ўз аксини топган. Унда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир қаторда, Виждон эркинлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Конституциянинг Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинлари ва бурчлари бўлимида кўрсатилган қоидалар мамлакатимизда инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг амалий ифодасидир. Хусусан, Конституциямизнинг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб белгиланган. Бу ўз навбатида барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини, ҳеч кимнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи жиҳатидан камситилиши мумкин эмаслигини кафолатлайди. Масалан, Конституциямизнинг 20-моддасида “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт” эканлиги белгилаб қўйилган. Бу дегани Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳуқуқ ва манфаатларидан фойдаланар эканлар, ўзгаларнинг худди шундай ҳуқуқга эга эканликларини унутмасликлари лозим. Зеро, Конституциямизнинг иккинчи бўлимида кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлар барча фуқароларга тегишлидир.

Шунингдек, Конституциямизнинг алоҳида боби оилага бағишланиб, унда оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилади. Шунингдек, Оила кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги каби бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституциясидан фарқли жиҳати шундаки, унга оилани мустаҳкамлашни таъминлайдиган ҳуқуқий асос сифатида махсус «Оила» боби киритилганидир. Унда оила муносабатлари эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, болалар тарбиясига оид йўналишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда оила муносабатларига оид чиқарилган барча ҳужжатлар, жумладан, Оила Кодекси ҳам айнан мана шу тамойил ва қоидалар негизида ишлаб чиқилган.

Конституциямизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар», дея белгилаб қўйилган. Зеро, жамиятимизда ота-оналар билан болалар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва иззат юксак қадрланади. Қон-қариндошлик ҳиссиёти, ота-оналик ва фарзандлик бурчига ҳурмат туйғуларини тарбиялашга алоҳида эътибор берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар (Термизий). Ёки бўлмаса, “Болаларингизни эъзозланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар”, дейилган ҳадиси шарифда ҳам айнан тарбия назарда тутилган.  Амалдаги қонунларимиз ота-оналарга вояга етмаган болаларига нисбатан маълум бир ҳуқуқлар бериши баробарида, мажбуриятлар ҳам юклайди. Бу ҳуқуқий муносабат вояга етмаган болалар тўғрисида уларнинг ота-оналари ғамхўрлигининг бир шакли сифатида ҳам намоён бўлади.

Асосий қонунимизнинг 66-моддаси бошқа Конституцияларда акс этмаган шарқона инсонийликни ўзида мужассам этгани, яъни ота-она ва болалар ўртасидаги яқинлик, ғамхўрлик ҳамда меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш ғоясини ифодалаганини эса, алоҳида таъкидлаш лозим: «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар». Зеро, бу ҳаёт, турмуш тарзимиз болалардан ўз ота-оналари ҳақида ҳар доим ғамхўрлик қилишни талаб этади. Бу эса ҳар бир фарзанднинг ота-она олдидаги ҳам инсонийлик, ҳам конституциявий мажбуриятидир.

Бизнинг олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири бу, албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини барча фуқароларимиз, ёшидан қатъи назар, ўрганишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2001 йил 4 январда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши мазкур йўлда улкан бир қадам қўйиш учун катта туртки бўлди. Дарҳақиқат, кўп нарса мамлакатда Конституцияни оммавий равишда ўрганиш ҳамда уни ҳаётга татбиқ этишга боғлиқ. Мана шу мақсадда давлатимиз биринчи раҳбари Ўзбекистон Конституциясини болалар боғчасидан бошлаб ўргатиш, мактабларда дарслик тариқасида ўқитиш ҳамда олий ўқув юртларида эса махсус дарс сифатида ўрганишни вазифа қилиб қўйди. Чунки ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита мурожаат қилади. Конституциямиз ўзининг туб мазмун-моҳияти билан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаб берувчи олий юридик ҳужжатдир.

“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Комилов Ихтиёр