Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Омонат берилган жонга қилманг хиёнат

Омонат берилган жонга қилманг хиёнат

Кейинги пайтларда юртимизнинг айрим жойларида ўз жонига қасд қилиб дунёдан фожиали тарзда ўтаётган эркак ва аёллар, ҳатто навқирон ёшлар борлиги жуда аянчли ҳолдир.

Аллоҳ таоло яратган махлуқотлари ичида энг улуғи, гўзали, мукаррами, азизи – бу инсондир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (отулов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик (Ал-Исро сураси 70-оят). Шунинг учун ҳам шаъни улуғ, барча махлуқотлардан афзал бўлган инсоннинг жонига, молига ноҳақдан қасд қилиш ёки инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ҳаром килинган бўлиб, гуноҳ саналади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, дейдики: “Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси 195-оят).

Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) марҳамат қилурки: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди, шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим””.

Ер юзи бир текис бўлмаганидек, инсон ҳаёти ҳам бир хилда давом этавермайди. Хурсандчиликдан боши осмонга етай деганда ўзидан кетмай шукр қилмоғи даркор. Бир мусибат, қийинчилик, бало ёки машаққатга дуч келса, сабр ва матонатли, чидам ва бардошли бўлиб, Аллоҳ берган ақлдан, фахму-фаросатдан тўғри фойдаланмоқ зарур. Бўлар – бўлмас ишларга сиқилавериш, битмаган юмушларга, хатоларга, эриша олмаган мақсадларга афсус чекиш инсоннинг ҳаётини оғирлаштириб, икки дунёсини хароб қилади. Бунинг ўрнига оқилона ҳаракат қилиб, мардонаворлик билан дош бериб, сабр билан Аллоҳдан нажот беришини сўраб, “Бу кун ҳам ўтиб кетади” нақлига амал қилган ҳолда, ўзига тасалли бермоқ керак.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имоми-хатиби Х.Холбоев