Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / “Оммавий маданият”нинг ёшлар онгига таъсири

“Оммавий маданият”нинг ёшлар онгига таъсири

Ҳозирги кунда миллат маънавиятига хавф солаётган таҳдидлардан бири оммавий маданиятдир. Оммавий маданият ХХ аср ўрталарида шаклланган феномен бўлиб, унга қисқароқ ва тушунарлироқ қилиб таъриф берадиган бўлсак, оммавий маданият-бизга четдан кириб келаётган миллий ва диний қарашларимизга ёт маънавий ва ахлоқий иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндисидир.

Етакчи Ғарб мамлакатларида эстетик ва маънавий-маданий эҳтиёжлари нисбатан тор одамга мўлжалланган ижодий асар ёки буюмларни оммавий равишда ишлаб чиқариш тадбиркорликнинг бир турига айланган.Оммавий маданият бозор билан бевосита боғлиқ бўлиб, унинг қонунларига мувофиқ доимо фойда келтириши керак. Шунга кўра оммавий маданият жанридаги ижодий асарлар(кино, мусиқа, мода) ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарғиб қилади.

Оммавий маданият инсонларнинг маданий ва эстетик талаблари савиясини пасайтиради. Ижтимоий муносабатларда инсонийлик тамойилини бузади.

Оммавий маданият халқнинг энг катта бойлиги бўлган ёшларни ўзига қаратиб, уларни маънавий ва маданий қарашларини менсимасликка ундайди. Бундан ташқари ёшларни енгил ҳаётга чақириб, масъулиятсиз руҳда вояга етишига сабабчи бўлади. Хусусан, оммавий маданият ёшлар онгида телесериал ёки видеофилмдаги бош қаҳрамонларнинг ичиши, чекиши, муштумзўрлиги, ахлоқий меъёрларни менсимаслиги билан ўта салбий таъсир ўтказади.

Оммавий маданиятни тарғиб қилаётганлар ҳаётга бир марта келасан бу ҳаётда хоҳлаганингча яша, қийинчиликларга қўл силта, биз билан бўл, бахтли бўласан деб даъват қиладию, улар ҳаётда барча ишларни қилиш мумкин, имкон топсанг бас деб уқтиришади. Албатта инсоннинг нафсига енгиллик, хоҳлаган ишини қилиш ёқади. Кўплаб ёшларни оммавий маданиятга эргашиб кетаётганининг сабаби ҳам шунда.

Ҳар замонда бузуқликни, фахшни, бехаёликни ҳар хил номлар, ялтироқ шиорлар билан оқлашга интиладиган, тарғиб қиладиган ахлоқсиз тоифалар  чиқиб турган. Бундай бузуқликларни Ислом дини доимо қоралаб келган.

Динимиз инсоният ҳаётига таҳдид қиладиган барча ишларни ҳаром қилган. Нафс бир ишга ружуъ қўйса, чегара билмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига шариатни юбориб, нафсни жиловлашни буюрган ва унга баъзи ишларда чегарани белгилаб қўйган. Агар инсон ушбу чегаралардан ўтиб кетадиган бўлса, ўзи учун зулм қилган бўлади ва Аллоҳ таолога осий бўлади. Оммавий маданият инсонларни ўша чегараларни бузиб ўтишга ундайди. Ҳаром ишларни кишиларга гўзал қилиб кўрсатади. Аллоҳ таоло бузуқлик ва фаҳш ишлардан қайтариб Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

“..Айт (Эй Муҳаммад) албатта Роббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни ҳаром қилди..” (Аъроф сураси 34-оят)

Аллоҳ таоло жамиятни бузилишига олиб келадиган зинони ва унга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилгандир. Бу ҳолат ҳақида “Исро” сурасида шундай деб айтган: “..Зинога яқинлашманг..”

Ояти каримага эътибор берсак, Аллоҳ таоло зино қилманг демади, балки зинога яқинлашманг деди. Бу буйруқ зинога олиб борадиган барча ишлар ҳам ҳаром эканлигини кўрсатади. Демак, оммавий маданият каби бузуқликни тарғиб қилаётган таҳдидлардан четда бўлиш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги вазифа экан. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам: “..Ҳаё иймондан бир жуздир”, – дедилар. Динимиз ҳаёни иймон даражасига кўтарган бир ўринда, барча мўмин кишилар оммавий маданият каби ахлоқсизликлардан четда бўлиши, фарзандлари, дўст-у биродарларини ҳам бу ишлардан огоҳлантириши лозим бўлади. Хулоса ўрнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги гапларини келтириб ўтишни лозим деб топдик:

“Ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, иймон эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз, бу масалани ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак…”

 

       Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
                   4-курс талабаси Мўминов Сиёвуш тайёрлади