Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оммавий маданият хатарлари

Оммавий маданият хатарлари

Ҳозирги кунда жамиятимиздаги оғриқли нуқталардан бири динимиз, миллатимиз шарафига тўғри келмайдиган оммавий маданиятларнинг кириб келиши кузатилмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, бу маданиятларга эргашувчилар, унга кўр-кўрона тақлид қилувчилар ҳам топилмоқда. Бу ҳолат аксарият ёшларда, баъзи ҳолларда ўрта ёш вакилларида ҳам намоён бўлмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега шундай ҳолат юзага чиқяпти, бунга сабаб нима?

Бизнинг фикри ожимизча, ёшларимизда, умуман олганда халқимизда диний-эътиқод, илм-маърифат, одоб-ахлоқ савияларининг оқсаётганлигидан далолат. Ўзлигини, миллатининг шарафини, қадру қийматини тўлиқ англаб етмаганлигидан деб, ўйлаймиз. Бу холатларни ўнглаш учун энг аввало, таълим-тарбия, одоб-ахлоқ пойдевори бўлган оилаларга катта эътибор қаратиш керак.

Мисол учун кийиниш борасида ўғил-қизларимиз тобора динимизга, миллатимизга зид, ёт бўлган кўринишда кийинишяпти. Жуда тор, ўта юпқа, ҳаддан ортиқ калта, баъзи вақтда эса йиртиқ кийимларни ўзларига ор билмай бемалол кийишяпти. Ота-оналар эса бу борада фарзандларига кўмакчи ўлароқ, шундай кийимларни сотиб олиб, кийдираётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Либос кийишдан мақсад, баданни турли зарарлардан, хатарлардан асраш эмасми? Аксинча бўлганда, бу ҳолатлар соғлиққа зарар етишига, қолаверса фаҳш ишларга йўл очиб беради. Натижада миллатимиз, халқимиз биргина «нотўғри кийиниш маданияти»га эргашиш орқали келажагига катта зиён етказиши мумкин. Бу борада эл-юрт равнақи учун катта-ю кичигимиз бирдек масъулиятни ҳис қилишимиз даркор.

Исломда инсониятнинг барча соҳаларида юксалиши, фаровон ҳаёт кечириши учун кўрсатмалар тўлиқ баён қилинган. Аллоҳ таоло бандаларининг нафақат бу дунёда, балки икки дунё саодатига эришишини хоҳлаб, Ўзининг муқаддас каломи Қуръонда ва яна пайғамбарларини ўрнак сифатида юбориб таълим бергандир. Шундай экан, биздан фақат ўқиб-ўрганиш, таълим бериш, ўзимиз ҳам бу таълимотларга оғишмай амал қилиш талаб этилади.

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди

имом-ноиби Абдурашид қори Исмаилов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]