Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оммавий маданият – аслида маданиятсизликдир

Оммавий маданият – аслида маданиятсизликдир

XXI асрнинг катта муаммоларидан бири «мафкуравий тазйиқ»дир. Унинг ёшларга етказаётган таъсирлари ҳамма давлат каби юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Фан ва техника тараққий этган ушбу асрда, айниқса ахборот технологиялари ақл бовар қилмайдиган даражада  ривожланиб бормоқда. Шунинг билан бирга “оммавий маданият” зарарлари ҳам кириб кела бошлади. Аввало маданият сўзи ҳақидаги алломалар фикрини кўздан кечирсак.

Қори Ниёзий ушбу сўзнинг кенг қамровли тушунча экани ҳақида шундай дейди:

“Маданият тарихи ғоят даражада мураккаб бўлиб, унинг ҳамма томонларини ўз ичига олган китоб ҳеч қайси бир тилда йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.

Исҳоқхон Ибрат эса маданиятни озиқлантириб турувчи омил яхши ахлоқ эканини таъкидлайди:

Маданият жаҳондан осойиш,
Хулқ ҳусни анга оройиш.
Маданият халойиққа роҳат,
Кўрмагай ғамни ҳеч соат.

Эътибор берганимизда, бу тушунчанинг негизи эзгуликдан иборатдир. Бироқ, бугун тилимизда қўлланаётган “оммавий маданият” ибораси бу мазмунни инкор этаётгани рост. Ёшлар онгидаги ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан кириб келаётган, биз учун ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубан иллатларни ўз ичига олган бу “маданиятлар” кўплаб фалокатларнинг ибтидосидир.

“Оммавий маданият” деган ибора остида биз тасаввуримизга ҳам сиғдиролмайдиган кўплаб ахлоқий бузуқлик ғоялари мавжуд. Хусусан, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, ана шу ахлоқсизлик орқасидан бойлик орттириш, бошқа халкларнинг қадим анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли тахдидлар ана шулар жумласидандир.

Айниқса, айни пайтда кенг тарқалган ахлоқсизликни “маданият” деб аталиши, ёинки, минг йиллик маънавий қадрият ва анъаналарни беписандлик билан “эскилик сарқити” дейилиши ёшларнинг тарбиясига жиддий хавф солмоқда.

Бу борада Республикамизнинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида шундай қимматлик фикрлар келтирилади:

“Бу ҳақда фикр юритганда, бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли, деб биламан. Ота-боболаримизнинг онгу тафаккурида асрлар, минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар бу кодекснинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади, десак, ўйлайманки, хато қилмаган бўламиз”.

Дарҳақиқат, аслида халқимиздан бошқалар ўрнак олса арзигуликдир. Минг йиллик одоб-ахлоқ қонимизга сингган эзгу қадриятларни бошқа анъаналар билан алмаштириш онгли инсонга хос бўлмаган одатдир.

Таниқли ўзбек адиби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек шундай деган экан: “Ўзбек халқи азалдан буён маданият булоғининг бошида бўлган”.

Донишманд халқимизда «касални даволашдан кўра, уни олдини олган маъқул» деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, ёшларни нотўғри йўлга кириб кетгандан сўнг уни қайтаришдан кўра, ўша йўлга киришидан олдин асраб қолиш керак деган хулоса чиқади. Яъни, ёшларнинг онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак. Уларни фойдали машғулотларга, илмий тўгаракларга жалб қилиш, спорт билан шуғулланиши учун замин яратиш, яхшиликлар қилишга ўргатиш, муҳими Худони танитиш ана шундай иллатлару бузғунчи ғоялардан йироқ бўлишини таъминлайди.

Биз асли киммиз, кимнинг фарзандларимиз, кимнинг авлодимиз, аждодларимиз қандай буюк инсонлар бўлишган… буларнинг барчасини ҳар бир ўғил-қизларнинг онгига сингиши лозимки, биз ўзгаларнинг маданиятига қизиқмайлик, аксинча улар бизнинг одоб-ахлоқимизни ўргансинлар!

                            “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
                                   4-курс талабаси Мўминов Сиёвуш