Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Олтин куз – савобли ишлар фасли

Олтин куз – савобли ишлар фасли

Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг деҳқону боғбонлари йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни хоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкин:

«Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур» (Аъроф, 58).

Дарҳақиқат, бозорлардаги тўқин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар — оятда таъкидланганидек — Парвардигорнинг изни билану чиқмокда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ  диёрдир.

Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:

«Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни   ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир» (Абаса, 24 32).

Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки шу ҳосиллар билан юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин бўлади. Бу йилги ҳосил кейинги йиллардаги фаровон ҳаётимиз гаровидир.

Шу ўринда кишлоқ жойларда учрайдиган бир муаммо ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳали ҳосили тўлиқ йиғиб олинмаган пахтазор ва далаларда ёки янги экилган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқиш, афсуски, одат тусига кириб қолган. Бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан:

«(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара, 205).

Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи кишиларни ёмон кўради.

Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг кўлланиши ҳам адолатдандир. Бунга Довуд (а.с.) ва Сулаймон (а.с.)нинг қиссаси мисол бўла олади:

«Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида хукм қилган кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қўйлари (тунда) кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик…» (Анбиё, 78-79).

Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд (а.с.) қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон (а.с.) эса: «Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтариб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса», — дейдилар. Шунда Довуд (а.с.) Сулаймон (а.с.)га қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир» — деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади.

Демак, келтирилган зарарни қоплаш учун уларни турли хил жавобгарликларга тортиш жуда ўринлидир.

Азизлар! Бу йил омборларимиз буғдой билан тўлди, пахтазорларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, уни териб олишга ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистонликнинг бурчидир.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин! Юртимиз тинч ва обод бўлсин!

 

Одилжон Нарзуллаев – Янгийўл тумани

«Жомеъ» жоме масжиди имом хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]