Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оломонча маданиятнинг бир кўриниши

Оломонча маданиятнинг бир кўриниши

“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,

ё саодат – ё фалокат масаласидир”.

Абдулла Авлоний

Мамлакатимиз мустақилликка эришганига ҳам салкам 30 йил бўлмоқда. Юрт озодлиги, ҳурлиги, халқ фаровонлиги ота-боболаримизга армон бўлди.

Фарзандларни илм-маърифатли қилиш йўлидаги ҳаракатлари учун қатағон қилиндилар. Шундай машаққатлар эвазига келган ҳавас қилса арзигулик фаровон ҳаётимизни қадрлашимиз, ёт ғоялардан ёшларимизнинг онгини авайлашимиз лозим.

Ҳозирги кунда кўпчилик ёшларимиз оломонча маданият таъсирига берилиб кетаяпти. Бундан ўзлари бехабардай гўё.

Ҳар биримизнинг олдимизда келажак авлодни лоқайд, ҳаётга енгил-елпи қараш, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ бўлиб ўсишларини олдини олишдек долзарб вазифа турибди. Афсуски, ҳозирда ёшларимиз орасида оломонча маданиятнинг бир кўриниши бўлмиш “14 феварль – Севишганлар куни”ни нишонлаш урфга айланиб улгурган.

“14 февраль – Валентин куни”. Нима учун ушбу кун айнан шундай аталади? “Муқаддас Валентин” ким ўзи? Бу ҳақда ОАВларида жуда кўплаб маълумотлар берилган. Католик черкови руҳонийлари тарихда учта авлиё Валентин ўтганлигини айтишади. Ўшаларга тақлид қилишлик, юқоридаги саволларга жавоб топмасдан эргашишлик, ўзбек йигит-қизларининг, демакки, муслим ва муслималарнинг билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар (откриткалар) ва телефон орқали севги хабар(СМС)лари жўнатишлари динимизга ва миллий менталитетимизга ҳам тўғри келмайди. Кўр-кўрона бошқа дин ва миллатга тақлид қилиш ёшларнинг онгини заҳарлайди, иродасини сусайтиради ва ўзига, ўзлигига бўлган ишончининг йўқолишига олиб келади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Имом Ахмад ривояти).

Ушбу ҳадисдаги “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса” жумласини бирон қавмнинг кийиниши, юриш-туриши, ҳаёт тарзи ва бошқа урф-одатларига эргашиш маъносида тушунсак бўлади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари қуйидаги сатрларни битганлар:

Олдига қўйганни емак – ҳайвон иши,

Оғзига келганни демак – нодон иши.

Ҳазрати Навоийнинг мисраларида рўбарў келган ҳар қандай нарсани миллий-диний қадриятларига тўғри келадими йўқми, кўр-кўрона амал қилиш ва тарғиб қилиш инсонийлик фазилатидан йироқдалиги таъкидланмоқда.

Мусулмонлар азалдан бир-бирларига ҳиссиётларини, меҳр-муҳаббат, оқибатларини миллий ва диний қадриятларимизга мос келадиган бошқа кўринишларда намоён этиб келишган. Ёшларимизга бошқа дин, ёт урф-одатлардан кириб, анъанага айланишга улгурган Валентин куни динимиз ва миллий ғуруримизга соя солишини, бу каби “байрамлар”га ёшларимиз умуман муҳтож эмаслигини тушунтиришимиз лозим.

14 февраль. Бу кунни “Валентин куни” деб эмас, балки буюк бобокалонимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд топган куни деб нишонлашни уқтиришимиз керак. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг нафис қалам эгаси эканлигини, илм-маърифатдаги ўрни, асарлари, шижоати ва маънавий меросини ўргатишга тарғиб қилишимиз лозим.

Исломда бошқа динларга, масалан, ғарб динларига кўр-кўрона эргашишдан қайтарилади. Зеро, “авлиё Валентин куни” ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди.

Огоҳ бўлайлик, чунки ҳалқимизда бир ҳикмат бор: “Душманлардан қўрқма, нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма, нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.

Азиз юртдошлар, биз ҳам бепарво бўлмайлик, акс ҳолда ёшларни, фарзандларимизни қўлдан чиқариб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига сабабчи бўлиб қоламиз.

Зайнилобиддинхон Қудратов

Пискент тумани бош имом-хатиби