Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОЛИМНИНГ ВАФОТИ – ОЛАМНИНГ ВАФОТИ

ОЛИМНИНГ ВАФОТИ – ОЛАМНИНГ ВАФОТИ

Кўринмас ёв – коронавирус бутун дунё аҳолисининг сабрини синовдан ўтказди. Бу вабо жаҳон халқларига жуда катта талафотлар етказди, башариятнинг силласини, тинка-мадорини қуритди. Моддий зарарлар қопланар, молиявий харажатларнинг ўрни тўлар, бироқ… Бироқ маънавий йўқотишлар-чи?..

2020 йил худди шу бугун, яъни 16 сентябрь куни таниқли уламо, кучли воиз, дин йўлида қайғурган олим, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов коронавирус инфекциясини юқтириш оқибатида боқий дунёга риҳлат қилган эди.

Хайруллоҳ домланинг ва бошқа илм аҳллари, улаомларимиз, имом домлаларимизнинг вафотларини эшитиб, хаёлимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, Аллоҳ таоло илмни бандалари (қалбидан) бир тортишда суғуриб олмайди. Лекин унга уламоларни вафот эттириш ила барҳам беради…” (Имом Муслим ривояти), деган муборак ҳадислари келди.

Хайруллоҳ домла Турматов 1976 йил 16 август куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида таваллуд топган эди. У 1994–2003 йилларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Чет Сув” жоме масжиди имом-хатиби ҳамда Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, 20-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси; 1998–2003 йилларда Тошкент вилояти педагогика институти талабаси; 2000–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси; 2003–2014 йилларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри “Қорабоғ” жоме масжиди имом-хатиби ҳамда Ангрен шаҳар бош имом-хатиби; 2014–2020 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакили ҳамда Зангиота тумани “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаган.

Хайруллоҳ домла Тошкент вилоятига бош имом-хатиб бўлганларида кўплаб масжидлар обод бўлди, кўплари қайта қурилди, таъмирланди. Бу ишлар эса, ҳақиқатан, вилоятимиз мўмин-мусулмонларини чексиз хушнуд этди.

Домла 2014–2020 йиллар мобайнида Тошкент вилояти бош имом-хатиби сифатида жуда кўп савобли ишларни қилишга улгурди. Вилоятимиздаги 57 та масжидни қайта қуриш ва реконструкция қилишга бош-қош бўлди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда кўплаб талабаларнинг ўқув-шартнома пулларини тўлашга кўмаклашди.

Биргина умрининг сўнгги уч ойида домла иккита масжид: Олмалиқ шаҳридаги “Ҳилол” ва Юқори Чирчиқ туманидаги “Муъоз ибн Жабал” жомеларини очиб бергани ҳам у кишининг доимо савоб ишларнинг пешида юрганларига далилдир.

Хайруллоҳ домланинг маърузалари, мавъизаларини кўпчилик намозхонлар, мўмин-мусулмонлар интиқлик билан кутишар эди. Чунки у кишининг гапларида маъно бор, сўзларида куюнчаклик яққол сезилар эди. Мисол учун, “Ҳидоят” журналининг 2020 йил 4-сонида домланинг суҳбати чоп этилди. Унда айтилган сўзлар ҳар бир мусулмонни янада уйғоқ ва тиришқоқ бўлишга чорлайди:

«Яқинда Исломободдаги илмий тадқиқот маркази профессори Доктор Фаррух Салим ҳайратли маълумотларни тақдим қилди. Сайёрамизда мусулмонларнинг умумий сони 1 476 250 000 кишидан ортиқроқ экан. Демак, дунёдаги беш кишидан бири мусулмон. Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик. Нима учун биз мусулмонлар тараққиётдан орқада қолиб, ўзаро ихтилофга киришиб кетдик?

Менинг фикримча, муаммонинг илдизи таълимда. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига 57 та давлат аъзо. Улар ҳудудида умумий 500 та университет бор. Ҳар уч миллион мусулмонга битта университет тўғри келади. Қизиғи, дунёнинг 500 та энг кучли университети рўйхатида мусулмон давлатларининг бирорта университети йўқ. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ҳар бир миллион мусулмонга 230 нафар олим тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШда 4000, Японияда 5000 ни ташкил этади.

Мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганини ушбу мамлакатдан экспорт қилинадиган юқори технология воситалари сонидан билиб олса бўлади. Масалан, Покистон давлатининг бир йиллик экспорт маҳсулотларининг фақатгина 1 фоизи юқори технологияларга тўғри келади. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоирда вазият янада ачинарли. Ушбу мамлакатлар экспортининг фақатгина 0,3 фоизигина юқори технологияларга тўғри келади. Сингапурда ушбу кўрсаткич 58 фоиз. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг 57 аъзосининг бир йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти 3 трлн. долларга бормас экан. Биз 57 давлат бир бўлиб биргина Германиянинг ялпи ички маҳсулотини ишлаб чиқара олмас эканмиз…»

Хайруллоҳ домла ана шундай жонкуяр, фидойи, дин ғамини еювчи, нуктадон олим, ташаббускор раҳбар эди. У кишининг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек, олим вафот этса, қиёматгача ўрни тўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло у кишининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Маконини Фирдавс жаннатларидан қилсин. Омин!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]