Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оламларга раҳмат пайғамбар

Оламларга раҳмат пайғамбар

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳга ҳамд-у санолар бўлсин. Умматга меҳр-шафқатда ва юксак ахлоқда намуна бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд-у саловатлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат, ислом нури қилиб юборди. Ислом умматининг бу дунёда ҳидоят сари йўлбошловчиси ва охиратда шафоатчиси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишлари биланоқ олам нурга тўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, талимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонлар ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солиш кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат, улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли ўша даврдаги ботил ақидадаги инсонлар ҳидоят топдилар. Ҳақ таоло ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли ширк ва куфр аҳлига аввалги умматларга юборилгани каби азоб юбормади. Набий алайҳиссалом оламларга фақат раҳмат ўлароқ юборилганлиги айтилади. Набий алайҳиссалом ўзлари ҳақида “Мен (инсониятга) инъом этилган раҳматдирман!”, дер эдилар. Дарҳақиқат, Набий алайҳиссаломнинг юборилишлари инсониятнинг залолат ва гумроҳликдан тўғри йўлга келишига, жаҳаннам азобидан қутулишига сабаб бўладиган буюк имконият ва фурсатдир. Ул зот олиб келган илоҳий кўрсатмалар, набавий ўгитларга амал қилган кишилар дунё-ю охиратда бахт-у саодат топажаклар. Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таолонинг инояти билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам нажот эшикларини биз учун очиб бердилар, нажотга эришиш, Аллоҳнинг розилигига интилиш учун қандай бўлиш кераклигини ўзлари ўрнак бўлиб кўрсатиб бердилар. Аллоҳ таоло Набийимиз соллаллоҳу алйҳи васалламни умматларига меҳр-муруввтли ҳолда юборди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сўнгги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсонлар оламидан чиқарди. Бу эса инсонлар учун беназир шараф ва улкан мақомдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига асло машаққатни раво кўрмаганлар. Ҳар дам имкон қадар енгилликни ирода қилганлар. Ул зот соллаллоҳу алйҳи васаллам умматларини ардоқловчи, инсонлар орасида энг шафқатли ва меҳрибон зот эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги “Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг ўта мағфиратлисан, раҳмлисан”, деган қавлини тиловат қилдиар.

Исо алйҳиссалом: “Агар уларни азобласанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, бас, албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисан, ўта ҳикматлисан”, деган эдилар.

Бас, У зот икки қўлларини кўтариб туриб:

“Аллоҳим! Умматим! Умматим!” дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:

Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг билса-да, “Сени нима йиғлатяпти?” деб сўра”, – деди.

Жаброил алайҳиссалом келиб, у ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларини хабарини бердилар. Ҳолбуки, У Зот билар эди. Шунда Аллоҳ:

Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва “Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз”, деб айт”, деди” (Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳам у зотнинг умматларига болган раҳм-шафқатлиликларини, тенгсиз муҳаббатларини билиб олса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоят маёғи эдилар. Залолатда адашиб юрганларни ҳидоятга йўллар, адашганлар улар орқали ҳидоят манзилини топар эдилар. Ул зот асло инсонларни залолатда, ғафлатда қолишини истамас, жонларини таҳликага қўйиб бўлса ҳам, уларни Ҳақ таоло йўлига чақирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши қандай болиши, қандай ҳаёт кечириши кераклигини ўз намуналарида кўрсатиб бердилар. Охиратда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига шафоатчи бўлишлари ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз раҳматидандир. Хулоса орнида шуни айтиш жоизки, доимо Аллоҳ таолога биз бандаларига юборган бу раҳмати учун ҳамд-у сано айтишимиз, унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд-у саловатлар айтишимиз лозим ва лобуддир.

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти  2-курс талабаси
Обидов Қосимжон