Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Оила жамият таянчи

Оила жамият таянчи

Аввал хабар берганимиздек, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастури асосида Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида семинарлар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 2017 йилнинг 25 декабрь куни вилоятнинг чекка ва чегараолди ҳудуди бўлган Янгийўл туманининг “Хонтўра хожи” масжидида бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти вакиллигидан Зангиота тумани бош имом-хатиби Нурали Мавлонов “Умид” ва “Дўстлик” маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Шунингдек, учрашувда туман бош имом хатиби, маҳалла профилактика инспектори ҳам иштирок этди.

Учрашувда тинч заминда, осуда маконда яшаётганимизга шукроналар келтиришимиз лозимлиги, ҳаёт неъмати, уни бахт ва саодатда ўтказиш ўзимизнинг қўлимизда эканлиги ҳақида фикрлар билдирилиб, юртимизда яратилган кенг имкониятлар, олиб борилаётган хайрли ислоҳотларга қарамасдан, жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш, ахлоқсизлик, оилавий ажримлар каби салбий ҳолатларнинг учраб тургани, ачинарли эканлиги таъкидланди. Бу каби иллатларнинг олдини олишда ҳар бир инсон халқ ва Ҳақ олдидаги бурчини бажариб, бепарволик қилмаслиги, етишиб келаётган фарзандлар тарбиясига масъулият билан ёндашиши, оилада эр ва хотиннинг, ота-она ва фарзанднинг ҳақ ва мажбуриятлари нималардан иборат эканлигини англаши, бунда эса илм-маърифатнинг ўрни беқиёс эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар, кўтарилган мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Чекка ҳудуд бўлишига қарамасдан, эътибор бериб, вақт ажратиб ана шундай очиқ мулоқотни ташкил этганларга миннатдорчилик изҳор қилдилар.