Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оила муқаддас!

Оила муқаддас!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Муҳтарам азизлар! Бир мавзуга тўхталишни мақсадга мувофиқ деб билдим. Бир неча кунлар давомида шу маслага тўхталганимиз афзалми ёки йўқми, ўйлаб юрдим. Мулоҳаза қилиб кўрсам, тўхталишимиз афзал экан. Чунки ҳозирги кундаги келин олаётган қайнота ва қайнона бўлаётган ёш инсонлар бўлгани учун исломдаги одоб-ахлоқни билмоқликлари лозим экан, деган фикрда шу масалага тўхталишни мақсадга мувофиқ деб билдим.

Баъзи қайноталар кейинги пайтда ўта “майдалашиб” кетмоқдалар. Қайнота келинни ҳамма нарсасига аралашиб кетаётган, ҳатто супур-сидирига қадар аралашиб қолаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Қандай гувоҳ бўлаётганимиз сизларга аён. Биз имом-хатибмиз. Оилаларни муросага келтириш, ажрим ёқасида турган оилаларга бориб, маърифий тадбирларни ўтказиб, яраштирув ишларини олиб боряпмиз. Шу жараёнда баъзи бир ҳолатларни кўриб, эшитиб, хайрон қолиб, ёқа ушлаб қоляпмиз.

         Муҳтарам қайноталар, отахонлар! Сиз оиланинг раҳбарисиз. Сизнинг уйингизга келган келин – бу сизнинг қизингиз. Шариатимизда фарзанднинг аёли билан никоҳ қайнотага абадий ҳаром бўлади. Ҳеч қачон ўғли уйланган қизга ота уйланмайди,  у ажрашиб кетса ҳам, оламдан ўтиб кетса ҳам.

Шунақа ачинарли  ҳолатлар  бўляпти эканки, келинни ота, яъни бўлажак қайнота бориб, кўриб келаяпти экан. “Мен бир кўрай келинни”, деяётган қайноталар ҳам бор экан. Кечирасиз, Мухтарам ота ё ака, қайнотасиз! Сиз ўғлингизга олаётган келинни кўриб, нимасига эътибор берасиз? Ақлга сиғмайдиган нарсаку! У сизга ҳали маҳрам эмаску! Унга назар қилишга ҳали умуман ҳаққингиз йўқку! Шаръий жиҳатдан уни фақат уйланмоқчи бўлган йигитнинг кўришига рухсат берилади, холос. Лекин назар қилди хам дейлик, ўғлига нима деб айтади?! “Ўғлим, мен сенга олмоқчи бўлган қизни кўрдим, унинг қадду қомати ундай, чиройи бундай экан”, дейдими?! Бу гапни айтиш учун ота билан боланинг ўртасида қанчалик даражада ҳаё кетиши керак? Шунинг учун бу нарсадан қайнота тамомила сақланиши керак. Яхшиси бу ишни ўғлининг онасига ёки ўғлининг ўзига гувоҳлар олдида кўришлик имконини берсин. Ота келиннинг диёнатини, наслу насабини суриштиришга ҳаққи бор. Лекин келинни бориб ўзи кўришлиги, на шариатимизга, на урфимизга тўғри келмайдиган иш.

         Келинни олгандан кейин у отага айланади. Келин эса унга қиз ҳисобланади. Шунинг учун қайноталар ота билан қиз орасидаги муносабатдан хабардор бўлиши керак. Шунақа холатлар бўляптики, қайноталар келиннинг ҳамма нарсасига аралашиб кетишлигидан ташқари, ўзининг беодобона ҳаракатлари билан ҳам “ном” қозонмоқда. Кечирасизлар-у баъзи хонадонларда на динимизга, на урфимизга, на эркакчиликка тўғри келмайдиган ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз, баъзи ҳунук нарсалар қулоғимизга чалиниб қолмоқда. Астағфируллоҳ, деб ёқа ушламоқдамиз, наҳотки қайнота билан келин шу даражада чегарадан чиқиб кетса?!  Наҳот қайнота шу даражада малъунлик қилган бўлса?! – деб қолмоқдамиз. Бу эса савия пастлигидан, ҳаё йўқлигидан, дину шариатдан узоқ бўлганлигидан ва шайтонга қул бўлганлигидан далолатдир. Ким қаерда шариатни беҳурмат қилса, у шайтоннинг васвасасига тушиб қолаверади.  Бунинг учун қайнота келин билан муомалада  жуда эҳтиёт бўлиши керак.

Келин бор хонага рухсатсиз кириб бўлмайди, шариатимиз нафақат келин бор хона, балки, ота-она, ака-ука, опа-сингил бор хонага ҳам ижозатсиз киришликдан қайтаради.  

Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда: “Киши фарзанди, онаси, агар онаси кексалик ёшига етган бўлса ҳам, ака-укаси ва опа-синглиси, отасининг олдига киришда ҳам изн сўрайди”, деганлар.  Мана шу ҳадисдан кўриниб турибдики, ўзининг аҳли, яъни ўз маҳрамлари ўтирган хонага ҳам ижозатсиз киришлик  мумкин эмас.

Баъзи келинлар мурожаат қилмоқда: “Домла, мен ноқулай ҳолатда турганимда, ҳатто ётоғимда бўлганимда ҳам, ёки бирор иш қилаётганимда ёки ҳаммомда кир юваётганимда қайнотам ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз кириб келаверадилар. Буни турмуш ўртоғимга айтсам, отамни ёмон назар қиляпсанми, бадном қиляпсанми, деб мен билан урушадилар, айтмасам қайнотам билан мени орамдаги ҳаё  пардамиз кетиб қолмоқда, баъзан йиғлайман, ҳатто кўча супура олмай қолдим, эрталабдан кечгача сўрида ўтириб олган, мен у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам қарайдилар, на кир юва олмайман, на ҳовли супура олмайман, ахир қайнота  келиннинг  олдида ўзини сипороқ ушлаши керак эмасми?”  

Минг афсуслар билан айтамизки, баъзи бир қайноталар борки, келин олдида ички кийим билан ҳам, баъзида кўйлаксиз ҳам юраверади.  Келин олдида беҳаё гапларни гапираверади. Келинни олдида беҳаё видеофильмларни ҳам томоша қилаверади. Келин олдида ҳақорат, сўкишларни ҳам айтаверади. Келиннинг нафсониятига тегадиган ҳунук гапларни ҳам гапираверади. Ахир ҳаё пардаси кетиб қолмаяптимикан? Ахир қайнотанинг келин олдидаги ҳурмати ер билан яксон бўлмаяптимикан? Қайнота ўзининг салобати, виқори билан ўтириши керак эмасми, аслида?! Агар биз бундай нуқсонларимизни  бартараф қилмас эканмиз, оқибати ёмонлик билан тугаши, муқаррар. 

Азиз қайноталар! Келинингиздан кўзингизни эҳтиёт қилинг. Тўғри, у сизга қиз. Тўғри, мусулмон одам ёмон назар қилмайди, лекин қуйидаги ҳадисга эътибор бериб кўринг:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳга: “Менинг ҳузуримда иккита синглим бор, уларнинг таъминотини мен қиламан, улардан ҳам изн сўраб кираманми?” – деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, чунки улар ноқулай ҳолатда бўлиши мумкин, уларни хижолатга қўйма”, – дедилар.

Қарангки, ўзининг опа-синглиси  бўлса ҳам ижозат сўрамасдан киришга ҳаққи йўқ экан. Азизлар! Биз ўзимиз чиқарган маданият эмас бу. Бу маданият – Ислом динининг маданияти, Қуръон ва ҳадис ўргатган маданият, бу маданият Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатиб кетган маданият. Биз фақат амал қилишимиз керак, холос.  

Тўғри, келинларимиз ҳам хато қилар, овқатни пиширишни ўхшата олмас, қайнота-қайноналар келинларга ҳам ота, ҳам она бўлиб, тарбия қилиб олсалар, уларга чиройли панд-насиҳатлар билан йўл кўрсатсалар, турмуш мустаҳкам бўлади, оила фаровон бўлади, ёшлар бахтли ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло барча оилаларга бахт-саодат ато қилсин!

Усмон Зуннурайн”  жоме масжиди имом-хатиби              Қ.Қамбаров