Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Юртимизда истиқлолдан кейин аёл қадри ва шаъни тикланиб, у оила ва жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Жумладан, оиланинг мавқеи Асосий Қонунимизда кафолатланиб қўйилди: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 4-боб, 63-модда).

Мустаҳкам оила муаммоси ҳозирги вақтда дунёнинг кўпгина давлатларини ўйлантириб келаётган оламшумул, замонавий ибора билан айтганда, глобал масалалар сирасига киради. Гарчи Ғарбдаги кўпгина давлатлар илм-фан ва иқтисодий жиҳатдан тараққий топган бўлсалар-да, лекин ўша давлатларнинг жамияти нураб, жар ёқасига келиб қолган. Қанча-қанча гўдаклар, кичик ёшдаги болалар енгилтак ота-оналари қилмишларининг қурбонига айланганлар. Бу ҳам бўлса, оилавий ҳаётга эътиборсизлик, фақат нафс лаззатлари кетидан қувиш, худбинлик ва дин таълимотларидан бехабарлик десак, муболаға бўлмайди.

Ислом таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом никоҳ фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган  пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Жамият ҳаётида оила қуриб яшаш нақадар аҳамиятли эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта эътибор қаратганлар: “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, бузғунчиликлардан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи рўза унга тўсиқ бўлсин” (Муттафақун алайҳ).

Дарҳақиқат, эркак бўлсин ёки аёл Аллоҳ таоло инсон зотини нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу табиий нафс рағбатини ҳалол–пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган. Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайҳамбаримиз алайҳиссалом суннатлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг  энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи, тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлиги, тотувлиги ва аҳиллигига боғлиқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида шундай дейилади: “Одатда аёл киши тўрт сифат учун никоҳга олинади: дину диёнати, молу дунёси, наслу насаби ва жамоли учун. Эй барака топгур, сен диёнатлисини олгин!” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу муборак ҳадис уйланиш ва оила қуриш борасида одамлар орасида урф бўлган нарсалар ва турлича дунёқарашлар ҳақида хабар беради. Бу масалада турли фикрдаги кишиларнинг турфа йўналишга эга эканлиги айтилади. Одамлар турмуш қуришда бўлажак келиннинг гўзал, молу давлатли бўлиши, насл-насаби тоза, таглик-тахтлик ва ниҳоят, дину-диёнатли бўлишини истайдилар. Лекин аксар ҳолларда бўлажак умр йўлдошининг диёнати, одобу ахлоқига кўп эътибор берилмайди. Асосан қизнинг чиройи, бадавлат хонадондан экани ва насл насабигина қизиқтиради. Дину-диёнати деганда Аллоҳдан қўрқиши билан бир қаторда, барча одамий хислатлар, одоб-ахлоқ, маданият ва маърифатдан хабардорлик тушунилади. Ҳозирги вақтда айнан мана шу жиҳат кўпинча эътибордан четда қолади. Зеро, аёлнинг қалби гўзал бўлса, ташқи гўзаллиги ва насл-насабининг шарафи узукка кўз қўйгандек бўлади. Аммо қалб гўзал бўлмаса, ташқи гўзалликдан не наф!

Худди шу сингари бу борада куёвларга ҳам эътибор бериш лозим. Қиз узатишдан аввал совчи бўлиб келган куёвнинг одоб-ахлоқи, салоҳияти ва соғлигига эътибор берилмоғи лозим. Ҳадиси шарифда: “Қачонки, ҳузурингизга (қизингизни сўраб) дину диёнати ва хулқи сизларга маъқул бўлган ва сизларни қониқтирадиган бир йигит келса, қизингизни унга беринглар. Агар ундай қилмасангиз, Ер юзида фитна ва катта фасод пайдо бўлади”, дейилган (Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифда “бойлиги, таги-тахти қизиқтирадиган” дейилмаяпти, балки, “диёнати ва хулқи сизларни рози қиладиган бир йигит келса”, дейилмоқда. Лекин, афсуски, кўпинча қизларимизга совчи бўлиб келган томонга бадавлат эмаслиги сабабли рад жавоби бериб юборилади. Натижада, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирганларидек, Ер юзида фитна-фасод пайдо бўлади. Зино ва фаҳш ишлар авж олади.

Одамлар қизларини ўзлари сезмаган ҳолда мол-дунёли, аммо ахлоқсиз, маишатпарастлик, кашандалик, ароқхўрлик ва гиёҳвандлик каби зарарли иллатлар гирдобида қолган кишиларга турмушга бериб юборадилар. Натижада, қанча-қанча кўнгилсизликлар келиб чиқади, оилалар бузилади. Шу тариқа, ота-оналар ўз қўллари билан фарзандларини саодат қасрига эмас, балки бахтсизлик зиндонига банди қилиб қўядилар. Шунингдек, турмуш қуриш масаласида дину диёнати ва инсофлилиги билан танилган одамлардан маслаҳат сўраш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги вақтда жамиятимизда учраётган кўпгина оилавий низо ва уруш жанжаллар оқибатини ўйламасдан иш тутиш ва бирёқлама қараш натижасида келиб чиқаётганини асло унутмаслик керак. Бизга мустаҳкам ва маънавияти юксак оила қўрғони лозим. Уни вужудга келтириш учун, биринчи навбатда, бу борада дастлаб пойдеворни мустаҳкам қилишга эътиборни қаратиш лозим.

Бекобод тумани бош имом-хатиби А.Рисбаев