Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Охирги икки йил ичида очарчиликдан азият чекувчилар 55 %га ортди

Охирги икки йил ичида очарчиликдан азият чекувчилар 55 %га ортди

Ўткир озиқ-овқат етишмовчилигидан қийналаётганларнинг сони охирги икки йил ичида 55 %га кўпайди ва 2017 йилда 124 миллион кишини ташкил этди. Бу ҳақда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ижрочи директори Дэвид Бисли БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишида баёнот берди. У очарчилик ва тўқнашувларнинг ўзаро боғлиқ эканлигини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни мавжуд кучайган озиқ-овқат инқирозини тартибга солиш юзасидан зудлик билан чора кўришга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, 2015 йилда дунё бўйлаб оч-наҳорлар 80 миллионни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 108 миллионтани, 2017 йилга келиб эса бу кўрсаткич 124 миллион кишига етди. “Бизда 80 миллион кишини озиқ-овқат билан таъминлашга етарли маблағлар йўқ. Бюджетимиз 6 миллиард доллар атрофида. 108 миллион кишини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун 9-10 миллиард доллар керак, 124 миллион инсон учун эса ундан ҳам кўпроқ”, – дейди Бисли ўз баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатнинг юзага келишига сабаб – “ясама” инқирозлар ва табиий офатлардир. У, шунингдек, тарихдаги энг кўп қочоқлар тўлқинини юзага келтирган Сурия тўқнашувларига ҳамда саҳродаги қумлар кўчиши натижасида унумдор ерларнинг емирилиши кузатилаётган Африкадаги муаммоларга ҳам эътиборини қаратди.

Бисли БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини хавфсизлик соҳасидаги хатарларга ва қуролли тўқнашувларга жавоб беришга чақирди. “Менинг фикримча, бу Хавфсизлик Кенгаши дунёдаги вазиятни тартибга солиш бўйича янада кўпроқ ишларни амалга ошириши мумкин, чунки биз БМТ тарихидаги энг ёмон гуманитар инқироз билан юзлашдик”, – дея таъкидлади Дэвид Бисли.

Ўз навбатида, БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок Яман, Нигерия ва Жанубий Суданда кескин озиқ-овқат танқислиги сақланиб қолаётганлигини маълум қилди. Бундан ташқари, БМТ Конго Демократик Республикаси ва Сомалидаги ҳолатдан ҳам ташвишда. Унинг сўзларига кўра, ушбу давлатларнинг барчасида очарчилик қуролли тўқнашувлар сабаб вужудга келган, хабар беради ТАСС.