Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / ОХИРАТНИНГ ЗУЛМАТИ ВА НУРЛАРИ

ОХИРАТНИНГ ЗУЛМАТИ ВА НУРЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)дан ривоят қилинади: «Зулматлар бешта, унинг чироқлари ҳам бештадир:

  1. Дунёни яхши кўриш – зулмат, унинг чироғи – тақво
  2. Гуноҳ – зулмат, унинг чироғи – тавба.
  3. Қабр – зулмат, унинг чироғи – «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ«.
  4. Охират – зулмат, унинг чироғи – солиҳ амал.
  5. Сирот – зулмат, унинг чироғи – кучли ишончга қурилган иймон».
  6. Дунёни яхши кўриш – бу нима? “Фа аммаманг тоғо ва асарол ҳаятад дуня, фа иннал жаҳима ҳиял маъва”. Бас кимки туғёнга кетса ва дунё ҳаётини охиратдан устун қуйса, бас албатта, жаҳим (жаҳаннам) унга ўрин бўлади. Бу – дунё матоҳларини туғёнга кетган ҳолатда яхши кўришлик, мусулмон инсон учун охиратининг зулматга айланишидир. Унинг чироғи эса – тақводир. “Фа аммаман хофа мақома Роббиҳии ваҳан-нафса ъанил ҳава, фаиннал жанната ҳиял маъва”. Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса, бас албатта, унга жаннат ўрин бўлади. Ҳар бир мусулмон тақвони ўзига лозим тутсин.
  7. Аллоҳ қайтарган ҳар қандай ишлар – гуноҳдир. Бу эса зулматдир. Унинг чироғи эса намоз ибодатидир.
  8. Ҳаммамизга маълумки қабр ҳеч бир туйнуги йўқ зулматдир. “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини доимий ҳолатда зикр қилиб юришлигимиз унга чироқдир.
  9. Кимки дунё ва охиратга иймон келтирган бўлса, ота-онасига, қариндошларига, қўшнисига ва мискинларга яхшилик қилсин. Ана шу унинг солиҳ амаллари бўлади.
  10. Сирот кўприги қиёмат куни маҳшаргоҳдан жаннат сари ўтиш кўпригидир, унинг остида жаҳаннам ҳозирлангандир. Ундан жаннатга ўтишлигимиз учун иймон тилимизда эмас, қалбимизда бўлишлиги даркор.

Демак, юқоридаги ушбу бешта зулмат амалларининг акси бўлган бешта нурни ўзимизда мужассам этмоғимиз лозим бўлади.

Тошкент вилояти Тошкент тумани
“Ғишт кўприк” жоме масжиди
имом-хатиби Рўзанов Худойқул