Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Охиратдан умидворлар Аллоҳнинг уйларини обод қилади

Охиратдан умидворлар Аллоҳнинг уйларини обод қилади

Барчангизга маълумки, озод ва обод Ватанимиз – Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги тантаналари ҳали ҳам давом этмоқда. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар учун фазилатли бўлган ҳижрий янги йилнинг дебочаси бўлмиш Муҳаррам ойи ҳам кириб келди. Тошкент вилояти, хусусан, Бекобод тумани аҳолиси учун қутлуғ шодиёналарга яна бир ажойиб туҳфа бўлди. Бекобод туманидаги “Далварзин” жоме масжиди янги жойда, замонавий ва кўркам кўринишда янгидан қад ростлайди.

Бугун – 2019 йилнинг 3 сентябрь куни “Далварзин” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Дастлабки ғиштни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳамда эл ичра ҳурматга сазовор бўлган нуроний отахонлар қўйиб бердилар. Маросимда, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман мутасаддилари, имом-хатиблар ҳамда масжид аҳли иштирок этди.

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов сўзга чиқиб, масжид қуришнинг нақадар улуғ вазифа эканлиги, бунинг учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам беҳисоб ажру савоблар борлиги, саҳоватпеша инсонларнинг ризқи баланд бўлиши, яхши ният сабаб Аллоҳ таоло баракотлар ёғдириб қўйиши ҳақида тўхталар экан, буларнинг барчасининг амалга ошишида бевосита ташаббускор ва сабабчи бўлаётган юртбошимиз ва мутасадди раҳбарларнинг ўрни беқиёс эканлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасига ҳаммамиз гувоҳ эканлигимизни таъкидладилар.

2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди. “Далварзин” жоме масжиди ҳам ана шу дастурга асосан замонавий кўринишда, намозхонларга барча қулай шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда қайта қурилади.

Тадбирда ташриф буюрганлар учун дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Қуръон тиловат қилиниб, юрт ривожи, миллат келажаги, динимиз равнақи, бошланган ва олиб борилаётган хайрли ишларнинг давомли бўлишини тилаб дуолар қилинди.