Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг аломатлари–4

Охират уламоларининг аломатлари–4

Бешинчи аломат:
Олим султонлар ва ҳокимлардан узоқ бўлсин.
Охират уламоларининг бешинчи аломати заруратсиз ўринларда султонлар ва ҳокимлардан узоқ бўлсинлар. Уларнинг ҳузурига ҳаргиз бормасинлар. Балки ҳокимларнинг ўзлари олим хузурига келсинлар. Улар билан кам мулоқот қилсинлар. Чунки, улар билан кўп мулоқотда бўлиш, уларга ҳушомад ва розиликларини топиш мақсадида такаллуф кўрсатишдан холи бўлмайди. Султон ва ҳокимлар кўпинча золим ва ножоиз ишларга берилган бўладилар. Уларни бундай ишларини инкор қилиш, зулмдан қайтариш ва ножоиз ишларига танбеҳ бермоқ лозим. Уларга сукут қилиш динда таназзулга юз тутишдир. Уларнинг хурсандчилиги учун мақтаб, таърифу тавсиф қилиш очиқ ёлғончиликдир. Агар олим мол дунё умидида уларга майл кўрсатса ва тамаъ қилса, бу ножоиз ишдир. Ҳар қандай ҳолда ҳам уларга аралашиш муфсид ишларнинг калитидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг яшаши ўрмонда бўлса, у қаттиқ табиатли бўлиб қолади, тараққиётдан орқада қолиб кетади ва (ҳамма нарсадан) ғофил бўлиб қолади. Ким подшоҳнинг олдига кўп кирибчиқаверса, у фитнага дучор бўлади.
Хузайфатул Ямоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўзингизни ўзингиз фитналар ўрнига қўйишдан сақланинг!”, дедилар. Бир қиши сўради: “Фитналар ўрни қаер?” Ул зот: “Амирларнинг дарвозаларидир. Кимки уларнинг ҳузурига бораверса, уларнинг нотўғри ишларини ҳам тасдиқлайдиган, уларни йўқ сифатлар билан мақтайдиган бўлиб қолади”, дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Олимларнинг ёмони ҳокимлар ҳузурига борадиганидир. Ҳокимларнинг яхшиси эса олимларнинг хузурларига келадиганидир”.
Ҳазрат Самнун раҳматуллоҳи алайҳ (Сиррий Сақотий раҳмаҳуллоҳнинг шогирдларидан) айтадилар: “Қачонки бир олимни дунёга муҳаббат қўйганини эшитсангиз, уни дини борасида муттаҳам, деб билинг! Мен ўз тажрибаларимдан англадимки, қачон подшоҳларнинг ҳузурига бориб, улар билан бирга ўтирсам, қалбимга назар соламан ва унда бир оғриқ ва шикастланишни ҳис қиламан. Ваҳоланки, сизлар подшоҳлар билан қаттиқ қаттиқ гаплашганимни, уларнинг раъйларига юрмаслигимни, у ердан ўзим учун бирор манфаат кўзламаслигимни, ҳатто у ернинг сувини ҳам ичмаслигимни гувоҳи бўлгансиз”.
Олимларимиз ичида Бани Исроил уламоларидан ҳам ёмонроқлари ҳокимлар ҳузурига бориб, уларга лаганбардорлик қилиб, кўнглини чоғ қилиш фикрида бўлганларидир. Улар: “Агар ҳокимларнинг ҳузурида уларнинг зиммасидаги вазифаларини соф, тўғри айтсам, улар мени ҳайдаб юборади, деб ўйлайдилар”. Ҳақиқатни гапиришда уламолар учун Ҳақ таолонинг ҳузурида нажот бор. Уламолар султонларнинг ҳузурига бориши жуда катта фитнадир ва шайтоннинг иғволарига воситадир. Қачонки, олим  у ерга боришдан иккиланса, шайтон айтадики, сенинг боришингда улар учун ислоҳият бор. Сен сабабли улар зулмни тарк этадилар ва сен диний шиорларни ҳимоясичиси бўласан. Натижада, олим уларнинг ҳузурига боришни диний вазифа, деб ҳисоблай бошлайди. Ваҳоланки, уларнинг хузирига бориб, кўнглини олиш учун баландпарвоз сўзларни айтиш, уларни йўқ сифатлари билан мақташда дин учун ҳалокат бор.
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга: “Менга халифалик ишларида ёрдам бериш учун муносиб инсонлар керак”, деган мазмунда мактуб ёздилар. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дин аҳллари (яъни охират олимлари) сизнинг ҳузурингиза бормайдилар. Дунё аҳлларини эса сиз хоҳламайсиз (яъни дунё олимлари сизга керак эмас). Чунки, улар мол дунёга ҳарис, таъмагир кишилардир. Ўзларининг очкўзликлари билан ишларни хароб қиладилар. Сиз яхшиси насаби улуғ кишиларни чорланг. Улар ўзларининг улуғ насаблари шарофатидан, ҳурматларига футур етиб қолишдан сақланиш учун ҳам ундай кир, жирканч ишлардан сақланадилар”, деб жавоб бердилар.
Халифа Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳга ёзилган бу мактуб, у зотнинг келажакда зуҳду тақвода, адлу инсофда халқ орасида зарбул масал бўлишларига сабаб бўлди. Ҳаттоки одамлар у кишини иккинчи Умар, деб атай бошладилар.  Бу Имом Ғаззолийнинг фикрлари эди.
Лекин, тўғри фикрда, бирор диний мажбурият туфайли ёки ўз жонининг ҳимояси талабида подшоҳларнинг ҳузурига боришнинг зарари йўқ. Аммо ўзининг шахсий манфаати учун, мансаб обрўга эришиш ва мол дунё орттириш мақсадида бормасин. Фақатгина мусулмонларнинг эҳтиёжларини раво қилишни мақсад қилиб бориш жоиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
وَاللَّهُ يَعْلَمُ الْمُفْسِدَ مِنَ الْمُصْلِح
“Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади”. (Бақара сураси, 220-оят).
Аллор барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг “Охират
уламоларининг аломатлари” китобидан Тошкент
шаҳар “Ҳазрати Алий” жоме масжиди имоми ноиби
Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси