Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг аломатлари-2

Охират уламоларининг аломатлари-2


Учинчи аломат:

Олим охиратда фойда келтирадиган илм билан машғул бўлсин.
Инсон ўзи учун охиратда фойда келтирадиган ва солиҳ амалларга рағбат пайдо қиладиган илмлар билан машғул бўлмоғи лозим. Охиратда мутлақо наф келтирмайдиган ёки фойдаси жуда оз бўлган илмларга умрини зое қилмасин. Биз ўзимизнинг нодонлигимиздан, фақатгина, дунё тўплаш мақсадида ўрганганларимизни ҳам илм деб атаймиз.  Ваҳоланки, жаҳолатдан иборат қарашларимиз оқибатида, ўқиб-ёзган нарсаларимизни илм ҳосил қилиш, деб тушуниб, дин илмларини ўрганишга мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қоламиз. Камдан кам инсон илм ўқимаса, ёки жуда кам ўқиган бўлса ҳам жоҳиллигини тан олади. Агар диний илмларни ўрганишга ҳаракат қилмаса, жоҳиллиги туфайли ўзини олим ҳисоблай бошлайди. Бу катта нуқсондир.
Ҳотами Асом машҳур валий Шақиқи Балхийнинг хос шогирдлари эди. Бир куни шайх шогирдини ҳузурига чақириб сўрадилар:
Эй Ҳотам! бу даргоҳга келганинга неча йил бўлди?
–  Ўттиз уч йил.
–  Шу узоқ йиллар мобайнида нималарни ўргандинг?
–  Саккизта масалани ўргандим.
–  “Инна лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун” шундай узоқ муддатда саккизтагина масала ўргандингми? Менинг ҳам, ўзингнинг ҳам умрингни зое қилибсан-ку!
–  Ҳа  ҳазрат, саккизта масала ўргандим, ёлғон гапирмайман-ку!
–  Яхши, ундай бўлса айтақол, улар қайсилар?
Ҳотами Асом айтдилар:
Биринчи масала: Ҳамманинг кимнидир, ниманидир яхши кўришини, севишини кўрдим. (хотинини, фарзандларини, мол дунёсини, қавму қариндошларини, дўст ёрларини ва ҳакозо) Лекин, кўрдимки оқибатда буларнинг ҳаммаси қабрга кетаяпти ва севганидан жудо бўлаяпти. Шунинг учун ҳам мен яхшиликларга ва савоб амалларга муҳаббат қўйдим. Бир кун қабрга бораман ва севганларим (солиҳ амалларим) ҳам мен билан бирга бўладилар. Ҳатто, вафотимдан кейин ҳам улар мендан жудо бўлмайдилар.
Ҳазрат Шақиқ Балхий: “Жуда яхши”, дедилар.
Иккинчи масала: Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги:

وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى

“Аммо, кимки Парвардигорининг
(ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур”, (Назиъат сураси, 24-оят) дея нозил қилган оятини ўргандим. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақлигига иймон келтирдим. Бас, мен Аллоҳ таолога итоатим йўлида ғов бўладиган нафсимнинг барча хоҳишларига ва орзу ҳавасларига чек қўйдим.
Учиинчи масала: Дунёда ҳар кимнинг ўзи учун ниҳоятда қимматли ва севикли нарсаси борлигини ва ўша нарсани жуда кўз қорачиғидек асраб-авайлашларини кўрдим. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ёдимга тушди:

 مَا عِنْدَكُمْ يَنْفَدُ وَمَا عِنْدَ اللَّهِ بَاقٍ وَلَنَجْزِيَنَّ الَّذِينَ صَبَرُوا أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ 

“Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”. (Наҳл сураси, 96-оят).
Ушбу ояти карима сабабли ҳузуримда нимаки мен учун қадрли нарса бўлса, уларнинг ҳаммасини Аллоҳ ҳузурига юбордим. Чунки, Унинг ҳузуридаги ашёлар ҳамиша сақланиб туради.
Тўртинчи масала: Кўрдимки барча ўзининг қайси жиҳати биландир инсонлар ичида энг шарафлиси, энг обрўлиси, энг ҳурматлиси ва энг буюги бўлишга интилар экан. Кимдир мол дунёси орқали, кимдир мансаб мартабаси воситасида, кимдир насаби сабабли, кимдир ташқи кўриниши, яна кимдир гўзал жуссаси ва либослари билан инсонлар эътиборини жалб қилишга, улардан баландроқ, олийроқ эканини исбот қилишга уринар экан. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эсладим:

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ

“Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”.  (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Шунга биноан мен тақвони ихтиёр этдим. Токи Аллоҳнинг ҳузурида шариф бир инсон бўлай.
Бешинчи масала: Инсонларни кўрдим, бири бошқасига таъна маломат тошларини отади, айб хатосини қидиради, аччиқ ва ҳақорат сўзларни гапиради. Билдимки буларнинг барига ҳасад ва бошқани кўролмаслик сабаб бўлар экан. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ёдимга тушди:

نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَرَفَعْنَا بَعْضَهُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِيَتَّخِذَ بَعْضُهُمْ بَعْضًا سُخْرِيًّا

“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйинсундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз”. (Зухруф сураси, 32-оят).
Бир инсоннинг бошқасидан устун бўлишининг ҳикмати шуки, бири иккинчисини иш билан таъминласин, бири раҳбар, бошқаси ходим бўлсин. Ҳамма бирдай амир, раҳбар бўлса, ким ходим бўлади. Бундай ҳолатда дунё низоми издан чиқиб, хароб бўлади-ку! Мен ушбу ояти шарифа сабабидан ҳасад қилишни тарк этдим. Бирор банда билан ишим бўлмай қолди. Ризқни тақсимлаш ёлғиз Аллоҳнинг қўлидадир. Кимга қанча миқдорда беришни ўзи билади. Шунинг учун, бировга адоват қилишни тарк этдим. Кишининг моли кўп ёки кам бўлишида амалининг алоқаси йўқ. Бунинг барчаси Маликул мулк бўлган зотнинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам бу нарсаларга ғам чекмай қўйдим.
Олтинчи масала: Кўрдимки, дунёдаги деярли ҳар бир инсон бошқаси билан уруш жанжал қилади, бир бирига душманчилик қилади. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини мушоҳада қилдим:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا

“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! ”. (Фотир сураси, 6-оят).
Мен ўзимга душманлик учун шайтонни танладим ва ундан узоқ бўлишга бор куч қувватим билан ҳаракат қила бошладим. Аллоҳ таоло шайтонни инсоният учун душман, деб эълон қилгани туфайли унга қўшимча бошқа бирор кимсани душман тутмадим.
Еттинчи масала: Кўпчилик нон талабида югуриб юрганини кўрдим. Бу йўлда улар ҳатто ўзгалар қаршисида хорланишгача етиб борадилар. Ножоиз ишларни қилишдан ҳам тап тортмайдилар. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини кўрдим:

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Ўзимга назар солдим. Ахир мен ҳам Аллоҳнинг яратган ер юзида юрган махлуқларидан бириман-ку! Шундай экан, менинг ҳам ризқимни ҳам Аллоҳнинг ўзи зиммасига олган-ку! Мен бу нарсалар билан қимматли вақтларимни машғул қилмадим,  Аллоҳ тарафга юзландим. Нимаики Унинг зиммасида бўлса, ўзимни улардан фориғ қилиб олдим.
Саккизинчи масала: Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ишонган ва суянган нарсаси борлигини кўрдим. Кимдир мол дунёсига, кимдир тижоратига, кимдир қўл остидагиларга, ошна-оғайнисига, қариндош уруғларига, яна кимдир соғлом ва қувватли жисмига суянишади. Ваҳоланки, у суянган барча нарсалар ўзига ўхшаган махлуқотлардир. Мен Аллоҳ таолонинг ушбу оятини кўрдим:

وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ

“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар”. (Талоқ сураси, 3-оят).
Шу сабабли мен Аллоҳга суяндим ва Уни ўзимга вакил қилиб сайладим.
Шақийқ Балхий айтдилар: “Эй Ҳотам! Аллоҳ сенга тавфиқ берсин! Мен Таврот, Инжил, Забур ва Қуръондаги илмларни ўрганиб чиқдим. Улардаги яхшиликларни сенинг саккиз масаланг ичида топдим. Ким мана шу саккиз масалага амал қилса, Аллоҳ таолонинг тўрт китобида мужассам бўлган мазмунга амал қилибди”.
Юқоридаги илмларга амал қилишга айнан охират олимларигина муяссар бўладилар. Дунё олимлари эса, доимо мол-дунё топиш, мансаб мартабага эришиш ва обрў-эътибор қозониш ҳаракатида бўладилар.

 

Тўртинчи аломат.
Олим сарҳил таомлар ва гўзал ва қимматбаҳо либосларга ружуъ қўйишдан ўзини сақласин.
Охират уламоларининг тўртинчи аломати, таомларнинг энг яхшилари ва либосларнинг энг қимматбаҳо ва чиройлиларига ружуъ қўймасин. Балки, уларнинг ўртачаларини ихтиёр қилсинлар. Ҳаётлари ўтган улуғларнинг турмуш тарзларига мувофиқ бўлсин. Бу нарсаларга қанчалик кам рағбат қилсалар, Аллоҳ таолога шунчалик кўпроқ қурбат (яқинлик) ҳосил қиладилар ва охират уламоларининг баланд мақомига етадилар.
Шу ўринга бир ажиб қиссани муносиб, деб билдим. Шайх Абу Абдуллоҳ Хаввос Абу Ҳотам раҳимаҳуллоҳнинг шогидларидан эдилар. Шу киши ривоят қиладилар: Шайх Абу Хотим раҳимаҳуллоҳ билан бирга сафарда эдик. Рай деган жойда бизга 320 киши ҳамроҳ бўлди. Биз ҳаж сафарини қасд қилиб йўлга отландик. Бу одамларнинг барчаси таваккулчилардан эди. Уларда сафар учун керакли на егулик, на кийим кечак, на улов бор эди. Рай шаҳрида оддий, сода ва самимий бир савдогар яшар эди. У карвондаги ҳаммани ўз уйига меҳмонга таклиф қилди. Унинг уйида бир кеча меҳмон бўлдилар. Эртаси куни эрталаб мезбон Абу Ҳотам раҳимаҳуллоҳга: “Бу ерда бир бемор олим одам бор. Мен ҳозир у зотни кўриш учун кетяпман. Агар хоҳласангиз сиз ҳам юринг”, деди. Шайх айтдилар: “Беморни зиёрат қилиш савобдир. Агар у олим бўлса, уни кўриш ибодат ҳамдир. Мен албатта, сиз билан бирга бораман”.
У бемор Рай шаҳрининг қозиси шайх Муҳаммад ибн Муқотил раҳимаҳуллоҳ эдилар. Шайхнинг уйига етиб борганда хазрат Ҳотам раҳимаҳуллоҳ чуқур ўйга толдилар. Аллоҳу Акбар! Бир олимнинг уйи шу қадар баланд, муҳташам сарой бўлса-я! Киришга ижозат бўлди. Ичкарига кирдилар. Ҳовлининг ичи ҳам ниҳоятда гўзал, кенг ва покиза эди. У ер, бу ерда пардалар осилган эди. Шайх Ҳотам шу нарсаларни кўриб тафаккурга чўмиб борар эдилар. Шу аснода қозига яқин бориб қолдилар. Қози ниҳоятда юмшоқ пар тўшакларда ястаниб, ором олиб ётардилар. Бош томонларида бир хизматчи елпиғич билан у кишини елпиб тутарди. Савдогар қози соҳибга салом бериб, ёнларига ўтириб ҳол аҳвол сўрай бошлади. Ҳотам раҳимаҳуллоҳ тик туравердилар. Қози у кишини ҳам ўтиришга таклиф қилдилар. У киши ўтиришдан бош тортдилар. Қози:
–  Бизда бирор гапингиз борми?
Шайх Ҳотам:
–  Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим.
–  Сўранг.
Қози соҳиб ҳизматчилари ёрдамида ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Шайх Ҳотам: “Турманг, овора бўлманг. Бемалол ўтираверинг”, дедилар ва савол беришни бошладилар:
–  Сиз илмни кимдан олгансиз?
–  Мўътабар уламолардан.
–  Мўътабар уламолар кимдан ўрганганлар?
–  Улар саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлардан ўрганганлар.
–  Саҳоба розияллоҳу анҳумлар кимдан олганлар?
–  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан.
–  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кимдан олганлар?
–  Ҳазрат Жаброил алайҳиссаломдан.
–  Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом кимдан олганлар?
–  Аллоҳ таолодан.
–  Ҳақ таолодан Жаброил алайҳиссалом воситасида Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишидан саҳобаи киромларга, улардан мўътабар уламоларга, улардан сизгача етиб келган илмларда: “Баланд, ҳашаматли уйларда яшасанг, шунчалик Аллоҳ таолога яқин бўласан, Унинг наздида юксак даражаларга эришасан”, дейилганми?
–  Йўқ. У илмларда бундай келмаган.
–  Агар йўқ бўлса, у илмларда нима дейилган?
–  У илмларда: “Кимки дунёга рағбат қилмаса, охират амалларига рағбат қилса ва фақирларни яхши кўрса, Ундай инсоннинг Аллоҳ таоло хузуридаги мақоми юксак бўлади”, дейилган.
–  Хўп! Ундай бўлса, сиз кимга эргашдингиз, кимнинг йўлини ўзингизга лозим тутдингиз? Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киром роҳияллоҳу анҳумларнинг йўллариними, ёки Фиръавн ва Намрудларнинг йўлиними?
Эй ёмон олимлар! Агар сиз шундай бўлсангиз, дунёга муккасидан кетган, жоҳил, молпарастлар сизларни кўриб: “Олимларимизнинг ҳоли шу бўлса, биз унданда баттарроқ бўламизда!”, дейишмайдими?
Шу сўзларни айтиб Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ у ердан чиқиб кетдилар. Бу суҳбатдан кейин қози соҳибнинг аҳволлари янада оғирлашиб қолди. Ўртадаги бу суҳбат одамлар орасида шов-шув бўлиб кетди. Ҳазрати Ҳотамга: “Қазвин деган жойда Танафусий деган бир олим бор. У қози Муҳаммад Муқотилдан ҳам кўра дабдабалироқ шохона ҳаёт кечиради”, дейишди. (Қазвин Рай шаҳридан 27 фарсах, яъни, 81 мил узоқликда жойлашган шаҳар.)
Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Танафусийга насиҳат қилиш мақсадида Қазвинга йўл олдилар. Танафусийнинг хузурига боргач: “Ҳузурингизга бир ажамий (араб бўлмаган) одам (яъни, ўзларини назарда тутяптилар) дин илмларини ибтидосидан, яъни, таҳорат, намоз масалаларидан бошлаб ўрганиш мақсадида келди”, дедилар. Танафусий: “Бажону дил ўргатаман”, дедилар ва таҳоратга сув сўрадилар. Сувни олиб келишди. Танафусий раҳимаҳуллоҳ таҳоратни мукаммал қилиб амалий тарзда Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳга кўрсатиб бердилар. Шайх Ҳотам раҳимаҳуллоҳ: “Мен ҳам сизнинг олдингизда таҳорат қилсам, сиз кузатиб турсангиз, янада яхшироқ ёдимда қоларди”, дедилар. Танафусий хазратлари таҳорат ўрнини бўшатиб: “Марҳамат”, дедилар. Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ ўтириб, таҳоратни бошладилар ва икки қўлларини тўрт мартадан ювдилар. Танафусий раҳимаҳуллоҳ: “Бундай қилсангиз исроф бўлади, уч мартадан ювинг”, дедилар. Шунда Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ: “Субҳаналлоҳил азийм! Мени бир ҳовуч ортиқча ишлатган сувим исроф бўлади-ю, сизнинг ҳузурингиздаги шунча ортиқча мол дунё, зеб зийнат, ҳашамат ва дабдабали ҳаёт исроф эмасми?”, дедилар. Танафусий ҳазратлари бу инсоннинг мақсади илм ўрганиш эмас, балки мана шу нарса (яъни насиҳат қилиш) эканини  англади.
Сўнгра Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Бағдод шаҳрига етиб бордилар. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ у кишининг ҳолатларидан (яъни илму тақволаридан) хабардор эдилар. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ у киши билан учрашиш мақсадида қўналғаларига ташриф буюрдилар. Ҳотам раҳимаҳуллоҳдан сўрадилар: “Дунёдан саломат ҳолда ўтишнинг қандай тадбири бор?”. Шайх Ҳотам айтдилар: “Сизда тўрт сифат топилмас экан, дунёдан саломат чиқолмайсиз. Улар:
1. Инсонларнинг сизга қилган жоҳиллик ва озорларини кечиб юбормагунингизча;
2. Ўзингиз бировларга нисбатан жоҳилона муносабатларни тарк этмагунингизча;
3. Қўлингиздаги ўзингиз учун суюкли бўлган нарсаларни бошқалар учун ҳам сарф қилмагунингизча;
4. Бошқаларнинг қўлларидаги нарсалардан умидворлик ва таъмагирликдан халос бўлмагунингизча дунёдан саломат бўлолмайсиз”.
Шундан сўнг Ҳазрати Ҳотам раҳимаҳуллоҳ Мадинаи Мунавварага сафар қилдилар. Шаҳар ниҳоятда кўркам, баланд-баланд муҳташам иморатлару саройлар билан тўлиб тошган эди. Бу кишининг келганлари ҳақидаги хабарни эшитиб шаҳар аҳли зиёрат учун хузурларига йиғилдилар. У зот шаҳар аҳлидан сўрадилар: “Бу қандай шаҳар?”. Улар: “Бу Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаҳарлари”, дейишди.
–  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саройлари қаерда? Менга кўрсатинг. У ерга бориб, зиёрат қилиб, икки ракаат намоз ўқиб келай.
–  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саройлари йўқ. Ул зотнинг кичкинагина, пастак уйлари бор холос.
–  Саҳобаларнинг саройлари қаерда? Мен уларни бир бориб кўриб келай.
–  Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумнинг ҳам қасрлари бўлмаган. Уларнинг ҳам уйлари кичкина ва пастккина кулбалардан иборат.
–  У ҳолда бу Фиръавннинг шаҳри эканда.
Одамлар ғазабланиб, Ҳотам раҳимаҳуллоҳни тутиб шаҳар амирининг хузурига олиб бордилар ва айтдилар: “Бу одам Мадинаи тоййибани Фиръавн шаҳри деяпти”. Амир шайхга юзланиб: “Бу қандай гап?”, деди. У зот айтдиларки: “Шошилманг! Аввал гапимни тўлиқ эшитинг! Мен бир ажамий одамман. Шаҳарга кирган чоғимда бу одамлардан: Бу қандай шаҳар”, деб сўрадим, дедилар ва ўртадаги бўлган мунозарани тўлиқ баён қилиб бердилар. Сўнг ушбу оятни ўқидилар:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Яъни, ҳар бир гап-сўзида ва амалида ўзига: “Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилгандилар?”, деб савол берсин ва Расулуллоҳга эргашсин. Сизлар ҳам ўзингизга: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашяпмизми, ёки Фиръавнгами?”, деб савол беринглар. Шундан сўнг шаҳар аҳли чуқур ҳаёлга чўмдилар ва бирор сўз демай Ҳотами Асом ҳазратларини қўйиб юбордилар.
Шу ўринда бир нарсага эътиборни қаратиш лозим. Мубоҳ нарсалардан лаззатланиш ёки уларда кенгчиликка эришиш гуноҳ ёки харом иш эмас. Лекин, неъматнинг кўпайиб кетиши туфайли у нарсаларга қалбда муҳаббат пайдо бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Агар қалбда бундай иллат пайдо бўлса, ундан қутулиш осон бўлмайди. Бундай инсоннинг зеҳнини фақат қандай қилиб бўлса ҳам мол дунё тўплаш йўлларини қидириш, тўпланган мол дунёни кўпайтириш, сармоясинининг камайиши ёки қўлдан бой бериб қўймаслик чора тадбирлари ҳақидаги ўй  фикрлар банд қилиб қўяди. Натижада қалби дунё билан буткул машғул бўлиб қолади.
Кимнинг қалби фақатгина дунё истаклари билан банд бўлиб қолса, динида сустлашиш ва орқага кетиш бошланади. Бора-бора у инсоннинг гуноҳ ишларга қўл уришига ҳам навбат келиб қолиши мумкин. Агар дунёнинг ичига кириб, унинг тегирмонида чарх уриб, унинг муҳаббатидан, ёмонликларидан қалбни сақлаб қолиш осон бўлганида эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қадар дунёга рағбат қилмасликка буюрмаган ва ўзларини ҳам бунчалик дунёдан сақламаган бўлардилар. Эгниларига нақшинли қимматбаҳо тўн кийдириб қўйишганида уни тезда ечиб ташламаган бўлардилар.
Яҳё ибн Язид Навфалий раҳимаҳуллоҳ Имом Молик раҳимаҳуллоҳга бир мактуб ёздилар. Ҳамду сано ва саловотдан сўнг айтдилар: “Менга хабар етишича сиз нафис либослар киярмишсиз. Юпқа нонлар ер экансиз ва юмшоқ тўшакларда ухлармишсиз. Дарвозангизда доимий қўриқчи турар экан. Ваҳоланки, сиз уламоларнинг улуғларидан бўлсангиз. Узоқ-узоқлардан инсонлар илм олиш учун сизнинг ҳузурингизга келишади. Сиз имомсиз,  барчага намунасиз, одамлар сизга эргашадилар. Сиз ниҳоятда эҳтиёт бўлишингиз керак. Мен бу хатни холисона ёздим. Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг бу мактубдан хабари йўқ. Вассалом!”
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу мактубга қуйидагича жавоб ёздилар: “Сизнинг мактубингиз менга етиб келди. Ушбу хатни мен ўзим учун насиҳатнома, шафқатнома ва танбеҳ сифатида қабул қилдим. Аллоҳ таоло тақво билан сизни манфаатлантирсин ва ушбу насиҳатингиз учун яхшилик билан мукофотласин. Аллоҳ таоло менга амал қилишимга тавфиқ берсин. Яхшиликларга амал ва ёмонликлардан омонда бўлиш фақат Аллоҳ таолонинг тавфиқи билангина бўлади. Сиз мени айблаб юқорида санаб ўтган ишлар ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам содир бўлган. Айбга буюрмайсиз-у, лекин буларнинг ҳаммаси жоиз бўлган нарсалар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ 

“Айтинг: «Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» Айтинг: «У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)». Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз”. (Аъроф сураси, 32-оят).
Лекин, мен бу нарсаларни (қимматбаҳо кийимлар кийиш, сарҳил таомлар ейиш, ҳашаматли уйларда яшаш а ҳк.) ихтиёр қилишдан кўра ихтиёр қилмаган афзал ва яхши эканини яхши биламан. Келажакда ҳам ўз муборак мактубларингиздан бизни баҳраманд этиб туринг. Мен ҳам хат ёзиб тураман. Вассалом!”
Имом Моликнинг жавоб услублари қандай ҳам гўзал. Мактубда мубоҳ нарсаларни ихтиёр қилиш жоизлиги ва уларни ўзига мутлақо харом қилиб олмаслик кераклиги борасида фатво ҳам бор. Яна бу нарсалардан сақланиш ва дабдабаларни тарк этиш афзал ва яхшироқ эканлигига иқрор ҳам бор.

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг “Охират уламоларининг аломатлари” китобидан Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имоми ноибиКамолиддин Равшан ўғлининг таржимаси