Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг алломатлари – 7

Охират уламоларининг алломатлари – 7


Ўн биринчи аломат:

Олим илм ҳосил қилиши мобайнида барча нарсага басират кўзи билан қараш малакасини ҳосил қилсин.

Охират олимларининг ўн биринчи аломати ўз илмида басират кўзи билан қарашга одатлансин. Ҳеч қандай далилсиз фақат инсонларнинг қилаётган амалларига ва гап сўзларига тақлидан амал қилмасин. Балки, ҳар бир амалнинг ҳақиқатини илм билан далилларга асосланган ҳолда амалга жорий қилсин. Ҳақиқий иттибоъ (эргашиш), тақлид қилиш Пайғамбар алайҳиссаломга ва ул зотнинг ҳузурларида бўлиб, амалларига кўзлари билан гувоҳ бўлган ва ҳадисларини қулоқлари билан эшитган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларгадир. Ҳар бир қилаётган амали ва гапираётган сўзларида, “менинг ушбу сўзим ёки амалим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига ёки феълларига мувофиқми ёки хилофми”, деб ўзини ҳамиша юксак эҳтимом билан тафтиш қилиб борсин.

Ўн иккинчи аломат:

Олим бидъатлардан қаттиқ сақлансин.

Охират олимларининг ўн иккинчи аломати бидъат амаллардан қаттиқ сақлансин.  Кўпчилик одамлар умумий равишда қилаётган ишларнинг ҳаммаси ҳам тўғри, мўътабар ва савобли амал бўлавермайди. Балки, асл эргашиш ва тақлид қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган, ҳар бир ҳаракоту саканотларини ўз кўзлари билан кўрган, сўзларини ўз қулоқлари билан эшитган саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларгадир. Бунинг учун инсон ўша улуғ зотларнинг амалларини, ҳаётий ҳолатларини ўрганиб, намуна олиб, ўз ҳаёт тарзига айлантиришга ҳаракат қилмоқлари лозим.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Икки тоифа инсон бидъатчидир. Улар исломда икки хил сабабга кўра бидъатни пайдо қиладилар. Уларнинг бири диний билимсизлиги туфайли асоссиз баъзи нарсаларни диндан деб тушунади. “Бас, дин шудир, нажот шундадир”, деб эътиқод қилади. Амалларини ана шу эътиқодига мувофиқ бажаради.

Иккинчи тоифа бидъатчилар қилаётган амали бидъат эканини, диндан эмаслигини очиқ билади. Аммо, улар дунёга сажда қилувчи ёки дунё тўплашни ҳаётларининг асосий мақсади қилиб олган кишилардир. Улар дунёси кўпайса хурсанд бўладилар. Агар дунёси қўлдан кетса хафа бўладилар. Динни ҳам ўз нафсларига мувофиқ ўзгартириб, ўз манфаатларига йўлида бидъату хурофотларга тўлдириб ташлайдилар”.

Бу икки тоифа одамлар жаҳаннам учун ёқилғидирлар. Аллоҳ таоло бизларни бу икки тоифа бидъатчилардан бўлиб қолишдан ва уларга тобеъ бўлиб адашиб қолишдан сақласин.

Бунинг йўли, энг аввало улуғ уламоларга эргашиш, уларнинг тутган йўлларини, мазҳабларини тутиш, айтганларини маҳкам ушлаш билан бўлади. Бу ишда иншааллоҳ буюк ажр бордир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар ҳозир нафсий хоҳишлар илмга тобеъ бўлган замонда яшаяпсиз. Яқинда шундай замон келадики, у вақтда илм ҳавойи хоҳишларга тобеъ бўлади”. Яъни, қайси нарсага нафслари мойил бўлса, динда унга мувофиқ бир ҳукм яратадилар.

Улуғларимиздан баъзилари айтадилар: “Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар замонасида шайтон ўз лашкарини тўрт томонга жўнатарди. Кечга бориб улар битта-битта бўлиб, ғамга ботиб, ҳориб чарчаб қайтиб келишарди. Шайтон улардан: “Бу қандай ҳол?”, деб сўраса, улар: “Одамлар бизни жуда паришон қилдилар. Биз уларга мутлақо ўз таъсиримизни ўтказа олмаяпмиз. Улар сабабли биз ниҳоятда машаққатга дучор бўлдик”, дердилар. Шунда: “Қўрқманглар, ҳозир уларнинг орасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бор. Улар унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб турибдилар. Ҳозир  уларга таъсир ўтказишингиз мушкул. Яқинда шундай инсонлар келадики, улар устида сизнинг мақсадингиз тўлиқ ҳосил бўлади”.

Сўнгра тобеъинлар замони келди. У даврда ҳам шайтон лашкарларини ҳар тарафга инсонларни алдаб, васваса қилиб, бахтсиз қилиш учун юборди. Ўшанда ҳам улар хафа ҳолатда ноумид қайтдилар. У яна: “Бу қандай ҳол?”, деб сўради. Улар айтишди: “Бу инсонлар ҳам бизни роса диққат қилишди. Бу инсонлар шундай ажиб эканларки, биз не машаққатлар билан уларни васваса қилиб озгина гуноҳ қилдирамиз. Шом вақти киргач эса, улар шундай тавба қиладиларки, натижада кун бўйи қилган гуноҳлари йўқ бўлиб, барча ҳаракатларимиз барбод бўлиб кетяпти”. Шайтон айтади: “Хафа бўлманг, яқинда шундай инсонлар келадики, улар сиз учун кўз қувончи бўлишади. Улар ўз нафсларининг хоҳишларини дин, деб ушлаб олишади. Улар бу иллатга  шундай гирифтор бўладиларки, уларнинг тавба қилишлари учун тавфиқ ҳам насиб бўлмайди. Улар баднафслари истакларидан ўзлари учун дин ясаб олишади”. Шундай замонлар ҳам келди, ораларимизда шундай инсонлар ҳам пайдо бўлдилар. Шайтон уларнинг қалбларига шундай бидъатларни илҳом қилдики, натижада уларга тавба қилишлари учун тавфиқ ҳам насиб бўлмай қолди.

Ушбу ўн икки аломат китобимизда мухтасар тарзда зикр қилинди.  Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ тўлиқ баён қилган эдилар. Аллоҳ таолодан, охират кунининг шиддатидан уламоларнинг қўрқинчлари омма халқникига нисбатан ўзига хос тарзда  кучлироқ бўлмоғи лозим. Чунки, уларнинг ҳисоблари қаттиқроқ бўлади. Уларнинг зиммаларига буюк омонат юкланган. Аллоҳ таоло фақат ўзининг фазли карами билан уларни ҳисоб кунининг оғирлиги ва шиддатидан асрасин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: يَا ابْنَ آدَمَ تَفَرَّغْ لِعِبَادَتِي أَمْلَأْ صَدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ وَإِلَّا تَفْعَلْ مَلَأْتُ يَدَيْكَ شُغْلًا وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ.

 رَوَاهُ التِّرْمِذِي

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй, одам боласи, қалбингни менинг ибодатим учун бўш қил, кўксингни бойлик билан тўлдираман ва сендан фақирликни кетказаман. Агар шундай қилмасанг, қўлингни машғуллик билан банд қилиб қўяман ва сендан фақирликни зойил қилмайман”. (Термизий ривояти).

 

                                   Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг
“Охират уламоларининг аломатлари” китобидан
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Алий” жоме масжиди
имоми ноиби Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси