Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Охират уламоларининг алломатлари – 5

Охират уламоларининг алломатлари – 5


Олтинчи аломат:

Олим фатво беришда шошилмасин.
Охират уламоларининг олтинчи аломати фатво беришда шошилмасликдир. Ҳаттоки, яхши билган масалалари бўлса ҳам, уни айтишдан эҳтиёт бўлишлари, агар бошқа илм аҳллари бўлса, масала айтишни уларга ҳавола қилишлари марғубдир.

Абу Ҳафс Нишопурий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳақиқий олим шундай бўладики, бирор масала айтаётганда жуда қўрқади. Ҳар бир фатво айтаётганида, “бу айтган гапимга  қиёмат кунида қандай жавоб бераман”, деган андиша билан сўзлайди».

Баъзи уламолар айтадилар: “Саҳобалар розияллоҳу анҳум қуйидаги тўрт нарсадан жуда эҳтимом билан сақланардилар:

  1. Имомликка ўтиш;
  2. Васийлик қилиш;
  3. Омонат сақлаш;
  4. Фатво бериш.

Улар асосан қуйидаги беш нарса:

  1. Қуръон каримни тиловат қилиш;
  2. Масжидларни обод қилиш;
  3. Аллоҳ таолони зикр қилиш;
  4. Яхши сўзлар ила насиҳат қилиш;
  5. Ёмон сўзлардан тийилиш билан машғул бўлишар эди”.

Ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Баъзи одамлар шундай тез фатво бериб қўядиларки, агар шу масала Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳавола қилинганида эди, Бадр аҳлидан бўлган буюк саҳобаларни йиғиб, улар билан машварат қилиб, кейин жавоб айтган бўлар эдилар”.

Қадри улуғ саҳобийлардан, Пайғамбар алайҳиссалом хонадонларида ўн икки йил хизматда бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бирор масъала сўралса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга (машҳур фақиҳ ва сўфий тобеъин) жўнатар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан масъала сўралса (у зот машҳур саҳобий ва раисул муфассирийндир) Жобир ибн Язид розияллоҳу анҳуга (фатво берувчи тобеъин) жўнатар эдилар. Ҳазрат Абдуллоҳ бин Амр (машҳур фақиҳ саҳоба) розияллоҳу анҳудан бирор масъала сўралса, Ибн Мусайяб розияллоҳу анҳуга (тобеъин) ҳавола қилардилар.

Еттинчи аломат:

Олим ботиний илмга, яъни, сулукка жуда эҳтимом билан жидду жаҳд қилсин.

Охират уламоларининг еттинчи аломати сулукка, яъни, ботинини ва қалбини поклашга қаттиқ киришсин. У ўз қалбини ва ички дунёсини ислоҳ қилишга ҳаракат қилса, бу нарса унинг зоҳирий илмлари тараққий этишига ҳам васила бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўз илмига амал қилса, Аллоҳ таоло унга ўқиш ва ёзиш воситасисиз ҳам илм беради”. Яъни, бундай илм илми Раббоний дейилади.

Аввалги анбиёларнинг китобларида келади: “Эй Бани Исроил! Сиз илм осмонининг устида, уни олиш учун ким у ерга чиқарди, ёки илм ернинг илдизида, ким ҳам уни юзага олиб чиқарди, ёки илм денгизнинг нариги қирғоғида, у ёққа ким ҳам ўтиб уни олиб келарди деманг. Балки илм қалбингиз ичрадир. Сиз руҳоний ҳаётингизни одоб билан сиддиқларнинг ахлоқига мувофиқ қилинг. Шунда қалбингизда илм зоҳир бўлганини кўрасиз ва илм сизни қамраб, ўраб олганини ҳис қиласиз”.

Тажрибалардан шу нарсага гувоҳ бўлдикки, Аллоҳ таоло аҳлуллоҳларга шундай илму маърифатни ато қиладики, уни китоблардан топа олмайсиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан қудсий ҳадисда марҳамат қилади: “Менга бирор бандам фарз амалларни адо этганчалик маҳбуб бўла олмайди. (Яъни, ҳеч бир амал билан банда намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа фарз амалларни адо қилиб, Аллоҳга муқарраб бўлганчалик яқин ва севимли бўла олмайди). Бундан кейин қайси банда нафл ибодатни адо қилса у ҳам менга яқин ва суюкли бўлади. Бу маҳбублик охир оқибат шу даражага етадики,  натижада Мен бандамни яхши кўриб қоламан. Мен кимни яхши кўриб қолсам, ўша бандамнинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Яъни, унинг юриш туриши, кўриши, эшитиши Менинг розилигимга мувофиқ бўлади. Агар у бандам Мендан бирор нарса сўраса, тўла тўкис қилиб бераман. Агар Мендан бирор нарсадан паноҳ сўраса, унга паноҳ бераман”.

Баъзи ҳадисларда қуйидаги мазмундаги жумла келади: “Кимки Менинг валийларимдан бирортасини душман тутса, у Менга қарши жанг эълон қилибди”. Чунки, Аллоҳнинг авлиёлари руҳан ва тафаккур жиҳатидан Аллоҳга яқиндирлар. Қуръони карим илмларининг дақиқ жойлари ва сир асрорлари уларга равшан бўлади. Чунки, бундай инсонлар Аллоҳ таолонинг зикру фикри билан ҳар вақт машғул бўлишади. Ҳар бир шахсга амали ва сайъ ҳаракатига яраша тавфиқдан насиба берилади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир узун ҳадисда охират уламоларининг васфи келади. Ушбу ҳадис Ибн Қаййумнинг “Мифтаҳу дарус саъадаҳ” китобида ва Абу Наъиймнинг “Ҳиля” китобларида келган. Шу ҳадисда айтилишича: “Қалб худди идиш кабидир. Қалбларнинг энг яхшиси яхшиликларни ўзида кўпроқ жамлаганидир. Илм жамлаш мол жамлашдан кўра яхшироқ. Илм сени ҳимоя қилади, молни эса сен ҳимоя қиласан. Илм сарфлаган саринг кўпаяди, мол эса сарфлаганинг сари камайиб бораверади. Молнинг фойдаси уни сарфлашинг билан тугаб қолади. Лекин илмнинг фойдаси ҳамиша боқийдир. Ҳатто, бир олим бу дунёдан ўтганидан кейин ҳам унинг ваъзлари, ёзган китоблари орқали унга узлуксиз равишда ажру савоб етиб туради”.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир чуқур хўрсиниб айтдилар: “Менинг кўксимда илм бор. Кошки унинг аҳллари бўлсайди, уларга берсам. Лекин мен дин илмларини дунё топишга сарфлаётганларни кўряпман. Яна шундай инсонларни кўряпманки, улар лаззатлар ичра шўнғиб, шаҳватлар занжирига ўралашиб қолдилар ёки мол тўплашнинг ортидан югуриб кетдилар”. Хуллас, ушбу узун ҳадисдан баъзи қисмларини бу ерда зикр қилиб ўтдик.

Аллоҳ барчаларимизни илмига амал қилувчилардан қилсин!

 

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг  “Охират уламоларининг аломатлари”
китобидан  Тошкент шаҳар “Ҳазрати Алий” жоме масжиди
имоми ноиби
Камолиддин Равшан ўғлининг таржимаси