Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Огоҳликка даъват

Огоҳликка даъват

Бугунги кунда ёшлар орасида интернетнинг “жозибадор” ва кўзга кўринмас қармоқларига илиниб қолишини олдини олиш, уларни интернетдаги таҳдидларидан ҳимоялаш, келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ёзилган муҳим асарлардан бири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов қаламига мансуб “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобидир.

Жорий йилнинг 18 апрель куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Чирчиқ шаҳар офицерлар саройининг мажлислар залида ушбу китобнинг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мутахасиси Илхом Маърупов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили Хайрулла Турматов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримовлар йиғилган – шаҳримиздаги барча маҳалла диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчилари, таълим муассасаларидан келган устоз ва талабаларга асарни таништирдилар.

Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, турли хилдаги террорчилик ташкилотлари томонидан дин номидан амалга оширилаётган хунрезликлар, у ерда талофот кўраётган минглаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани тўғрисида гапириб, бундай тўдалар ўз сафини кенгайтиришда, манфур мақсадларини амалга оширишда асосан интернетдан тарғибот воситасида сифатида фойдаланаётгани, бу йўл билан эришаётганини афсус билан тилга олдилар.

Бугунги тезкор ахборот асрида интернетдан тўғри фойдаланмаслик оқибатида қанчадан-қанча ғўр ёшларнинг диний-экстремистиқ ғояларга алданиб қолаётгани, алал-оқибат экстремизм нафақат юртимиз, балки бутун дунё тинчлигига таҳдид солаётгани ҳар куни дунёнинг турли бурчакларида амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари мисолида барчага кундек равшан кўриниб турибди.

Муаллифнинг ушбу асари оммани, айниқса ёш авлодни турли ёт оқимлар, бузғунчи кучлар ва оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишда беқиёс аҳамиятга эга.

Асарда бузғунчилар ўзларининг ботил ақидаси, вайронкор ғояларини интернет орқали қандай йўллар билан тарқатаётгани, ёшларни бу каби хатарлардан огоҳ этиш ҳамда уларга қарши курашиш чоралари илмий ва диний манбаларга таянган ҳолда ёритилган.

Китобда ёшларни оммавий ахлоқсизликка тарғиб қилаётган, уларни маънавий қадриятлар, урф-одатларга нисбатан беписанд бўлишга ундаётган, оила муқаддаслигини топтаётган – “оммавий маданият” нинг салбий оқибатлари ҳам очиқ баён қилинган.

Ҳозирда ғарблик айрим ғаразли кучлар томонидан ёшларни манқуртлаштириш мақсадида, беҳаёлик, зўравонлик, одам ўлдириш, бепарволик, дангасалик каби кўплаб салбий хислатларни ўз ичига қамраб олган ўйинларнинг зарарли оқибатларига ҳам алоҳида урғу берилган.

Китобда замонавий педагогик усуллардан кенг фойдаланилган. Жумладан, ҳар бир боб якунида “савол ва топшириқлар”, “мустақил иш мавзулари”, ҳар бир саҳифада “билиб олинг” ва “огоҳ бўлинг” рукни остида улуғлар ҳикмати, алломалар ўгитлари, дин ва давлат арбобларининг мавзуга доир фикрлари жойлаштирилган. Ҳар бир бобни батафсил ёритиш, кўзланган мақсадни ўқувчига тўлиқ етказиш мақсадида мавзуга оид суратлар чизилиб, уларнинг остига изоҳлар ёзилган. Мавзулар бўйича билимларни мустаҳкамлаш учун китоб ниҳоясида тестлар илова қилинган.

Тадбирда сўз олганлар асардан нафақат мамлакатимизда, балки чет мамлакатларда ҳам диний экстремизмга қарши кураш борасида кенг фойдаланиш мумкинлиги, биргина “Селфи”нинг нохуш оқибатлари ёритилганлиги мисолида асарнинг кенг омма учун нақадар муҳимлигини таъкидладилар

Тақдимот давомида китоб хақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг мавзу юзасидан берилган саволларга мутахасислар тамонидан жавоблар берилди.

   

А.Абраев, Чирчиқ шаҳар Бош имом-хатиби