Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / “Оқ ота” масжиднинг илк ғишти қўйилди

“Оқ ота” масжиднинг илк ғишти қўйилди

Бугун, 2021 йил 24 февраль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бўстонлиқ тумани Қораманас қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Оқ ота” жоме масжидининг илк ғиштини қўйиб берди.

Масжидлар Аллоҳ таолонинг муборак уйи бўлиб, бу маъволарни Аллоҳ таолога имон келтирган, У зотнинг севикли бандаларгина обод қиладилар. Қуръони каримда:

إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ

وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ

яъни: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифларда ҳам масжид бунёд этадиган кишилар учун катта мукофотлар ваъда қилинган. Мисол учун, “Ким Аллоҳ розилиги учун масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан қаср барпо этади” (Имом Бухорий ривояти).

Ярим гектар ерда барпо этилаётган “Оқ ота” жоме масжиди ишга тушгач, маърифат масканида бир вақтнинг ўзида 800 киши намозларни адо этиши мумкин.

Ҳудудда таҳоратхона ҳам қурилмоқда. Масжидга ёндош тарзда савдо дўкони қуриш ҳам мўлжалланган.

Аллоҳнинг уйини қуришга ҳисса қўшадиган барча мўмин-мусулмонларга Раббимиз Ўзи ваъда қилган мукофотларни кўпайтириб берсин, иншоаллоҳ.

Тошкент вилояти вакиллиги ахборот хизмати