Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оқибат йўқолмасин

Оқибат йўқолмасин

Фаробий ҳазратларининг бир гаплари бор. «Инсонларни боғлаб турадиган бир ришта бор. Агар шу ришта бузилса, ҳеч қандай ришта инсонларни боғлаб туролмайди, бу одамийликдир» -деган.

Ҳақиқатда ҳам шундай.

Одамларни ота-бола, қуда-анда, қавм-у қариндош, қўни-қўшни, ошна-оғайни, таниш-билиш, ватандош, миллатдош, диндош каби ришталар боғлайди. Шу ришталар сабаб улар бир-бирлари билан давомий гўзал муносабатда бўлади. Бироқ бу ришталар одамийликка асосланган бўлса.

Одамийлик йўқолса, юқоридаги ришталарнинг бирортаси ўртадаги муносабатларни давомий бўлишини таъминлай олмайди.

Халқимиз ҳам отасига, қўшнисига, ёки бирор инсонга одамийликка тўғри келмайдиган муносабатда бўлган инсонни «Бу одаммас» деб қўяди. Ёки одамийликка зид иш қилаётган одамга танбеҳ бераркан, «Одамга ўхшасангчи» деб қўяди.

Масалан, инсонларни боғлаб турадиган энг кучли ришталардан бири – дин. Агар одамийлик йўқолса, инсонлар бир динга эътиқод қила туриб, бир масжидда ибодат қила туриб, бир-бирига душман инсонга айланади.

Шунинг учун энг аввало, фарзандларимизга инсонийлик фазилатларини ўргатишимиз лозим.

Бежизга «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин», -дейилмаган.

Одамийлик, инсонларни динидан, миллатидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар бир-бирига боғлаб турадиган энг кучли ришта.

2010-йиллар туманимизга Корея давлатидан нуфузли меҳмонлар келадиган бўлишди. Туман раҳбарлари уларни кутиб олиш ва таништириш мақсадида, қишлоқларга олиб бориб, куз фасли бўлганлиги учун деҳқончилик ҳосилини йиғиб олиш жараёнини кўрсатиш режасини тузишибди. Туман ҳокимлигига меҳмон бўлиб келган икки аёл кишилик делегация, кутилмаганда биринчи бўлиб масжидга олиб боришларини илтимос қилибди. Бундай илтимос бўлиши етти ухлаб ҳам тушига кирмаган мезбонлар шоша-пиша меҳмонларни бизнинг масжидга бошлаб келишди.

Меҳмонлар ғайридин бўлсаларда масжидга, масжид ходимларига бўлган муҳаббатлари мени ҳайратда қолдирди. Масжидни жуда катта ҳаяжон билан кўздан кечириб, ўзини қизиқтирган саволларни берди.

Шунда масжидда қачон ибодат қилинишини сўради. Мен соат ўн учда пешин намозини адо этиш учун жамоат келишини айтдим. Шунда пешин намозига беш соатлар чамаси вақт бор эди.

Меҳмонлар туман масъулларидан: «Агар рухсат берсангизлар шу ерда пешин намозини қандай адо этилишини кўрсак», -деб рухсат сўрашди.

Мен ҳайрон қолдим. Мусулмонларнинг жамоавий ибодатини кўриш учун беш соатлар чамаси масжидда ўтирмоқчи…

Туман раҳбарлари, борадиган қишлоқда ҳам шундай масжид борлигини, пешин намозига ўша ерга олиб боришини айтиб, меҳмонларни кетишга амаллаб кўндирди. Масжид ҳовлисидан чиқаркан, юзларида табассум-ла масжидга юзланиб, орқа ўгирмасдан, таъзим билан чиқиб кетиши менда ҳайрат уйғотди. Қалбимда уларга нисбатан қандайдир илиқлиқ пайдо бўлди.

Бу улардаги одамийлик сабаб эди…

Миршавкат Музаффар

[carousel-horizontal-posts-content-slider]