Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НОТИҚЛИК САНЪАТИ ҲАҚИДА

НОТИҚЛИК САНЪАТИ ҲАҚИДА

“Ўқитувчининг нутқи ноқис, заиф бўлса, унинг билими қанчалик чуқур ва тугал бўлмасин, ўзига ҳам, ўқувчига ҳам жабр.Она тилида пухта, лўнда ва ширадор нутқ туза олиш тажрибаси ва маҳорати математика ўқитувчиси учун ҳам бирдай зарурий эҳтиёждир. Ўқитувчи равон ва гўзал ифодаларга бой нутқи билан ўқувчиларини маҳлиё этиб, бермоқчи бўлган билимини ёш авлод шуурига осонликча сингдиради.Зотан, она тили миллий маънавиятимизнинг, дунёни теран идрок этишимизнинг заминидир”[1]. Нотиқлик санъати жуда муҳим санъат ҳисобланади.

Нотиқлик санъати ўзи нима? “Риторика (грекча рҳеторике – “нотиқлик санъати”) – нотиқлик санъати ҳақидаги фан бўлиб, у аудитория олдида нутқ қилиш маҳоратини, ўз нутқи ёрдамида тингловчиларга самарали таъсир қилиш сирларини, нотиқлик маданиятини ўргатади”[2].

Қадимда сўз айтувчи нотиқни-воиз, унинг нутқини ваъз деб атаганлар. Воизлик санъати – жамоат олдида нутқ сўзлаш, нотиқлик санъати, илмий-сиёсий маъруза, баҳс- мунозара, тарғибот ва ташвиқотнинг асосий воситаси сифатида кенг ижтимоий мавқега эга бўлган санъатдир.

ХV асрда Хиротда яшаган атоқли аллома Ҳусайн Воиз Кошфий ҳам нутқ ҳақида қимматли фикрлар билдирган:

«Билгилки, одамзотнинг шарафи нутқи билан ва нутқ одобига риоя қилмаган одам бу шарафдан бебаҳрадир. Сўз ҳамма вақт савоб учун ишлатилиши, тўғри ва ҳаққоний бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, жим турган маъқул», – дейди ва суҳбат қоидаларини иккига ажратади.

И. Ёши улуғларнинг суҳбат одоби қоидалари олтита:

  1. Ҳар кимнинг аҳволига қараб муносиб сўз айтсин;
  2. Дағаллик қилмасдан, лутф ва мулойимлик билан гапирсин;
  3. Гапираётганда табассум қилиб, очилиб гапирсин;
  4. Овозини баланд кўтармасин, эшитувчиларга малол келтирмайдиган қилиб гапирсин;
  5. Одамларга нафи тегадиган маъноли гапларни гапирсин;
  6. Агар сўзнинг қиммати-қадри бўлмаса уни тилга олмасин, чунки улуғларнинг сўзи бамисоли уруғдир, агар уруғ пуч ёки чириган бўлса, уни қаерга экманг униб чиқмайди;

ИИ. Ёшлар суҳбат одоби саккизта:

  1. Сўрамагунларича гапирмасин;
  2. Гапираётганда овозини баланд кўтармасин;
  3. Гапираётганда ўнггу сулга қарамасин;
  4. Ғаразли ва кинояли гапларни гапирмасин;
  5. Қаттиқ гапирмасин ва бетга чопарлик қилмасин;
  6. Пушаймон бўлмаслик учун ўйлаб гапирсин;
  7. Одамлар гапини бўлиб сўз қотмасин;
  8. Кўп гапирмасин. Чунки, кўп гапириш ақли ноқислик белгисидир. Оз бўлса ҳам, аммо соз гапиришни шиор этсин.[3]

Кайковуснинг нотиқ сўзнинг маъноларини ҳар томонлама ўрганган бўлиши керак, деб ҳисоблайди: «Ей, фарзанд, сўзнинг юз ва орқа томонини билгин, уларга риоя қилгин, сўзлаганингда маъноли гапир, бу нотиқликнинг аломатидир. Агар гапирган вақтингда сўзнинг қандай маънога эга эканини билмасанг, қушга ўхшайсан, бундай қушни тўти дейдилар! Шундай кишини нотиқ (сухангуй) деймизки, унинг ҳар сўзи халққа тушунарли бўлсин ва халқнинг ҳар сўзи унга ҳам маълум бўлсин. Ўйламасдан сўзлама, ҳар бир сўзни ўйлаб гапир, то айтган сўзингдан пушаймон бўлмагайсан. Агар сўзни ва илмни яхши билсанг ҳам, ҳеч бир сўзни бузма тўғри таърифла. Сўзни бир хилда гапир».

Оламдаги энг буюк нотиқ, нутқлари энг таъсирли зот Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳисобланадилар.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли гапирар, сўзламоқчи бўлган фикрларини тушунарли баён қилиб берар, сўзларини қувватлаш учун келтирган ҳужжатлари ўта кучли бўлар эди. Бу борада у Зот энг юқори мартабаларни забт этган эдилар. Шунингдек, у Зотга чуқур ва кенг маъноли қисқа сўзларни ишлатиш қобилияти ато қилинган бўлиб, бундай сўзлар «Жавомиъ ал-калим», деб номланади. Бу сўзлар ҳаводан нутқ қилмайдиган ва ваҳийдан ўзга нарсани сўзламайдиган Пайғамбарнинг сўзларидир! У зот соллалоҳу алайҳи васаллам бизга ҳар жабҳада ўрнак бўладиган буюк муаллимимиздир.

Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларнинг ҳозирги кундаги гапиришингизга ўхшаб гапирмас эдилар. У Зот гапирсалар дона-дона ва тушунарли қилиб гапирар эдилар. Бирор киши у Зотнинг сўзларини санамоқчи бўлса, бемалол санай оларди».

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан  умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор[4].

Франсиянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам сиёсатчи, саркарда, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, Ер юзининг 20 та минтақасида исломий салтанат қура олган… Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у зот ўлчовларга сиғса!”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
Ислом билим юрти 4-курс талабаси
Маҳмудова Муниса Баходиржон қизи

 

[1] Mahmudov.N.Ma’rifat manzillari. –T.1999.28-bet.

[2] Qahhorov.I. Notiqlik san’ati. T.:Turon zamin ziyo. 2015. 7-bet.

[3]Husayn Voiz Koshifiy.Futuvvatnomai sultoniy.Sharq yulduzi, 1993, 165-bet

[4] Ahzob surasi 21-oyat