Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ношукр банда (мол-давлат ҳасратида аёвсиз ёнган ва ҳамон ёнаётганлар учун)

Ношукр банда (мол-давлат ҳасратида аёвсиз ёнган ва ҳамон ёнаётганлар учун)

Қарздорлик бамисоли тоғ бўлди. Топгани қарзни узиб-узиб тўлаш нари турсин, қуруқ чой ва нонга амал-тақал етади. Гоҳида эса шу ҳам йўқ. Ҳар кун ё кунора эшиги олдига бир неча нафар инсонлар такрор ва такрор келиб, эшик қоқадилар. Эшикка ўрнатилган чақирув қўнғироқ овозига қониқмасдан эшикни зарб билан уриб, тепадилар ҳам. Уларнинг зарби қарздор оиласининг юрагини минг бир пора қилиб юборай дейди. Боз устига қарздор турли сўзлар билан ҳақорат ҳам қилинар. Нафақат унинг ўзи, балки ота-онаси, суюкли ёри ва фарзандлари ҳам. Ён қўшни ва таниш-билишлар олдидаги ҳижолатчиликлар барчасидан ортиб тушарди. Уйни сотиб қарздан қутилай, деса уй жонивор ҳам ижарага олинган. Танишларидан қарз олиб турай, деса улардан ҳам қарз олиб улгурган.

Иложсиз ва чорасиз қарздор Яратганга нола қила бошлади:

“Илоҳим, Ўзинг меҳрибон Зотсан. Мен эса Сенинг ожиз бандангман. Суянчиғим ўзингсан. Сендан бошқа кимга ҳам ёлвораман… Қарзимдан қутилишимга ёрдам бер. Шу қарзимдан қутилсам бас, ижара уйда истиқомат қилсам ҳам, емишим биргина қора нон бўлса ҳам майли, ўзимни бахтли инсон, деб ҳис этган бўлар эдим”. У умид ила очилган қўлларини оҳистагина юзига тортди.

Орадан бироз вақт ўтиб, барчаси сўраганидек бўлди. Омади келди. Қарзларидан тўлиқ қутилди. Чўнтагида беш-олти сўм ортиқча пули ҳам қолди. Буёғига тўй-маросимларда ҳам бемалол иштирок этадиган бўлди.

Бироқ, қисқа фурсат ичида унинг фикр-қарашлари тубдан ўзгара бошлади. Бироз олдин ўзи сўраган ва эришган неъмат буёғига тоғдек ташвиш бўлиб кўрина бошлади. Нима – уй ижарага олинган. Топганига ижара ҳақини тўласа, ундан қолгани уй рўзғоридан ортмаяпди. Энди уни бу гал ижара уйидан чиқиб, хусусий уй олиш орзуси безовта қила бошлади. Маҳзунлик табора ортиб бораверарди. У яна Яратганга нола қила бошлади: “Илоҳим, Ўзинг меҳрибон Зотсан. Мен эса Сенинг ожиз бандангман. Суянчиғим ўзингсан. Сендан бошқа кимга ҳам ёлвораман… Ижара уйдан қутилиб, ўзимнинг шахсий уйли бўлишимга ёрдам бер. Уйли бўлсам бас, бир хонали, кичкина, таъмирталаб бўлса ҳам майли, ўзимни бахтиёр ҳис этган бўлар эдим”. Қўллар оҳистагина юзга тортилди. Чуқур хўрсиниб ҳам қўйди.

Вақтлар ўтиб, барчаси ўзгарди. Бир хона эмас, саккиз хонали шинам ва кўркам  томорқали ҳовли эгаси бўлди. У бугун яна бахтиёр.

Аммо қисқа фурсат ичида яна шу ҳолатлар такрор ва такрор давом этаверди.

Ҳа, дунё ишлари шунақа. Банданинг одати эса шу зайлда давом этаверар экан.

Ҳаётда давлат топиш маррага етиш эмас, ундан қандай фойдаланиш муҳим. Зотан, сўровчи тил сўрашдан тўймас.

Пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) шундай деган: “Агар Одам боласи учун бир водий тилла вужудга келса, у (ҳудди шундай яна) иккита водийи бўлишини яхши кўраверади. Унинг оғзини (яна бир ривоятда, кўзини) фақатгина тупроқ тўлдиради. Аллоҳ тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов