Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НИЯТ – ҚАЛБНИНГ УЙҒОНИШИ

НИЯТ – ҚАЛБНИНГ УЙҒОНИШИ

Инсон қилаётган ишларининг қандай натижа бериши, авваламбор қалбидаги ниятига боғлиқ. Яхши ният қилган бўлса, яхшиликка, ёмон ният қилган бўлса, ўша мақсадга етади. Ниятни холис қилиш учун кишининг қалби пок, маънавий иллатлардан холи бўлиши лозим. Инсон қалбининг поклиги уни эзгуликлар сари етаклайди. Инсон ҳар доим ҳар соҳада, ҳар бир пок ва халол ишда ниятини яхшилаши лозим.

Аллоҳ буюрган амални У Зот розилиги учун бажаришга қалбни фориғ қилиш ниятдир. Амалларнинг тўғри бажарилиши, мукаммаллиги, савобининг тўкис бўлиши ният ва ихлос билан чамбарчас боғлиқ. Қилинаётган амаллар Аллоҳ учунми ёки бошқа мақсадда қилиняптими, банданинг ибодатга муносабати, Парвардигорига ҳурмати қанчалик баланд экани унинг ниятидан маълум бўлади. Яхши ният ва эзгу амаллар ўз эгасини жаннат сари етакловчи амаллардандир. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади”, деб айтганларини эшитганман, дедилар (Бухорий, Муслим ривояти).

Солиҳ салафлардан бири дедилар: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини жуда ҳам яхши кўраман. Ҳатто таом ейиш, сув ичиш, фойдали ишларни қилишда ниятим бўлишини истайман. Буларнинг барчасида Аллоҳ таолога қурбатни қасд этиш мумкин бўлади, зеро, тананинг соғлом, қалбнинг фориғ бўлиш сабабларини келтириш диннинг муҳим талабларидан ҳисобланади. Ким таом тановул қилишдан ибодатга кувват бўлишини, уйланишдан динининг мустаҳкамлашини, аҳли қалбини поклашни ва ўзидан кейин Аллоҳ таолога ибодат этадиган фарзанд ато этилишини ният қилса, барча ниятларига яраша савоб олади. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғри ва яхши қилинг. Яхшиликни ният қилинг! Уни амалга ошира олмасангиз ҳам, уни доимо бажараётган бўласиз. Агар амал бўлмаса ҳам, ният амал қилган бўлади. Чиндан ҳам, бир киши кечаси туриб нафл намозини ўқишга ният қилди, аммо ухлаб қолди, унинг номаи аъмолига ният қилган амалининг савоби ёзилади, гарчи уни бажара олмаса ҳам”.

Бу ҳикматли дунёда ҳар бир инсон покиза қалб, соф ақидага эга бўлиши ва ҳар бир қиладиган ишидан олдин ниятини яхши қилиши ва шу нияти орқали икки дунё бахт-саодатига эришиши муҳимдир.

Одилжон Нарзуллаев
Зангиота тумани “Имоми Аъзам”
жоме масжиди  имом хатиби

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan