Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Неъматлардан маҳрум бўлишнинг икки сабаби

Неъматлардан маҳрум бўлишнинг икки сабаби

Аллоҳ таоло бир қавмга тинчлик, омонлик, фаровонлик ва офият каби неъматларни берган бўлса, ушбу неъматлар мазкур қавмда давомий бўлиши учун қавм солиҳ амалларда бардавом бўлиши лозим. Бу неъматларнинг кўтарилишига асосан икки нарса сабаб бўлади.

Биринчиси: Агар ушбу қавм гуноҳ-маъсиятларга берилиб кетса, Аллоҳ таоло улардан неъматларни тортиб олади. Бу ҳақда Ўзининг каломида марҳамат қиладики:

ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَى قَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ وَأَنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ (٥٣)

Бундай бўлиши Аллоҳ бир қавмга берган неъматини, токи, улар ўзларини ўзгартирмагунларича, ўргартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи ва билгувчи зот бўлганидандир” (Анфол сураси 53-оят).

Демак, инсонлар ўзларига берилган неъмат уларда бардавом бўлиши ёки ундан маҳрум бўлишлари уларнинг қилаётган амалларига боғлиқ экан. Модомики, қавм солиҳ амалларда бардавом бўлиб, ўзларининг яхши ҳолатини ўзгартирмай шукур қилишда давомий бўлар экан, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг бу ҳолатини ўзгартирмайди, яъни неъматни улардан тортиб олмайди, балки янада зиёда қилиб бераверади.

Иккинчиси: Агар банда ўзига берилган неъматни Аллоҳ таолодан эканини билмаса, яъни “Ўз меҳнатим билан, ўзимнинг ақл- заковатим билан эришдим”, деб даъво қилса ёки мол дунёси ва куч-қуввати билан ғурурланиб кибрга кетса, Аллоҳ таоло уни берилган неъматдан маҳрум қилади. Каҳф сурасидаги боғ эгаларининг қиссаси бунга ёрқин мисолдир. Бу қиссага кўра икки кишининг жуда чиройли ва серҳосил боғи бўлиб, улардан бири шу берилган неъматларни Аллоҳ таоло берганлигини унутди ва туғёнга кетди. Натижада, шеригига “Менинг сендан молим кўп ва одамларим қувватлироқ” (Каҳф сураси 34-оят), деб фахрланди ва бир лаҳзада боғи ер билан яксон бўлди. Бу қиссада барчамиз учун буюк ибрат бордир.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, бирор қавм гуноҳда бардавом бўла туриб, улар неъматларга бурканган бўлса, Аллоҳ улардан рози эканини билдирмайди. Бу неъматлар улар учун истидрож, яъни азобни кечиктиришдир. Бу ҳақда Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ таоло бир бандага у маъсиятда давомий бўла туриб дунёдан унга истаганини бериб турган бўлса, бу унинг учун истидрождир”, деганлар. Демак, бирор киши гуноҳларда давомий бўла туриб, унинг ризқи кенг қилиб қўйилган бўлса, Аллоҳ таоло уни яхши кўрганидан беряпти, деб хулоса қилмаслигимиз керак. Чунки охиратда унинг ҳисоби оғир бўлади. Ҳакимлар айтадиларки: “Гуноҳларингиз бу дунёингизга таъсир қилмаётган бўлса, охиратингизга, албатта, таъсир қилади”.

Аллоҳ таоло бизни неъматларга шукур қиладиган бандаларидан қилсин.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби Нусратуллаев Абдулбосит