Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир

Неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари шунчалик кўпки, бирор  банда улардан бебаҳра қолмаган. Биз неъматларга бурканиб яшаганимиз учун уларнинг қадрига етмаймиз. Ҳатто бу нарсаларнинг барчаси неъмат эканлигини ҳис қилмаймиз. Аллоҳ таоло ўз Каломида Иброҳим сураси 34-оятда ҳам бу гапларнинг тасдиғини келтирган: “Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, уларни ҳисоблай олмайсиз”.

Биздан бу неъматлардан оқилона фойдаланган ҳолда Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш ва неъматлар учун шукур қилишимиз талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Иброҳим сураси 34-оятида: “Албатта биз шукур қилгувчиларни мукофотлаймиз” ва “Агар сизлар шукур этсаларингиз ва иймон келтирсаларингиз, Аллоҳ сизларни ҳаргиз азобламас” (Нисо сураси 146-оят), дея марҳамат қилади.

Фузайл розияллоҳу анҳу: “Сизлар неъматлар учун доимо шукур айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан келган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкулдир”, деганлар. Биз шукур қилишимиз учун “Алҳамдулиллаҳ” дейишимизнинг ўзи кифоя қилмайди. Шукур ҳам қалб билан, ҳам тил билан, ҳам бошқа аъзолар билан бўлади. Қалб билан шукур қилиш яхшиликларни қасд этиш ва уларни барчага бўлишини исташ, тил билан бўладиган шукур Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, шукрона изҳор этишдир. Аъзолар билан бўладиган шукур эса уларни ибодат йўлида ишлатиш ҳамда улар билан гуноҳ қилишдан сақланишдир.

Бизга шукур қилишда энг катта ўрнак бўладиган зот бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдир. Зеро, бу зот аввалги ва кейинг гуноҳлари кечирилиб юборилган пайғамбар бўлишларига қарамай, кечаси билан намозда қоим бўлган, шу сабабли оёқлари шишиб кетган, шунчалик  йиғлаганларидан кўз ёшлари кўкракларигача оққан ва Оиша розияллоҳу анҳо: “Нега йиғлаяпсиз, ё Расулуллоҳ?” – деганларида, “Шукр қилувчилардан бўлмайми, эй Оиша?” – деб жавоб қайтарган зотдирлар.

Биз нимага ишоняпмизки, шундай бепарво юрибмиз. Эй биродарлар, бу фоний дунёда неъматлар учун шукур қилувчи ва улардан тўғри фойдалана олувчи бандалардан бўлайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукур, неъмат шукрини гапирмаслик эса куфрдир”, деган сўзларини эса ҳеч қачон ёдимиздан чиқармайлик.

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Нуриддинова Малоҳат