Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Нега қимматчилик бўлади?

Нега қимматчилик бўлади?

Бир пайтлар Ҳинд диёрида нархлар жудаям кўтарилиб, қаттиқ қимматчилик бўлди. Инсонлар йиғилиб ўша замонда ўз зуҳду тақвоси билан машҳур бўлган Раббоний уламолардан бир шайхнинг ҳузурига бориб, нархларнинг кўтарилиб кетгани ва қимматчиликдан шикоят қилишибди ва ҳукуматга қарши қўзғалон қилиб, намойиш қилсакмикан, деб маслаҳат сўрашибди. Шунда шайх ҳазратлари: «Норозилик намойишлари нодон жоҳиллар иши. Аллоҳнинг наздида инсонлар билан бошқа нарсалар тарозининг икки палласига ўхшайди. Агар Аллоҳ наздида инсоннинг қиймати иймон ва солиҳ амал билан кўтарилса, бошқа нарсаларнинг қиймати тушиб кетади. Бордию гуноҳу маъсиятлар сабабли инсоннинг қиймати Аллоҳ наздида тушиб кетса, нархлар кўтарилиб, қимматчилик кенг ёйилиб кетади. Шундай экан, сизлар солиҳ амалларни кўпайтириб, иймонингизни мустаҳкамланг, токи Аллоҳ наздида қийматингиз ошиб, нарх наволар пасайсин. Инсонларни фақирликдан қўрқитманглар, у шайтоннинг ишидир. Ўзингиз билмаган ҳолда унинг аскарларидан бўлиб қолманг. Аллоҳга қасамки, агар денгизнинг энг тубида мустаҳкам силлиқ ҳарсанг тош бўлиб, унинг ичида бир банданинг ризқи бўлса, у тош ўша банданинг ризқини етказиб бериш учун албатта ёрилур. Билиб қўйинг, қимматчилик Аллоҳ таоло сизга юборган ризқни сиздан тўсиб қўёлмайди. Ҳикматда айтилганидек:

«Сенинг оғзингни очиб қўйган Зот ризқингни асло унутмас»».

Аллоҳ таоло айтади: «Агар шаҳарлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик» (Аъроф сураси 96-оят)

Иймон ва тақво билан жамиятлар неъматларга бурканиб фаровон ҳаёт кечирур. Неъматларнинг заволи гуноҳу маъсиятлар сабаблидир.

 

Баҳодир Раҳматуллоҳ