Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Меҳнат миграцияси қурбонлари (долзарб)

Меҳнат миграцияси қурбонлари (долзарб)

Москванинг тарихий масжиди имоми Рамил Садиков ўз ваъзларининг бирида меҳнат муҳожирлари ҳақида сўз юритар экан, мусулмон ўлкасидан номусулмон мамлакатга пул топиш учун келишни – макруҳ дея таърифлаш мумкинлигини таъкидлади. Бу сўзларини тушунтириб бериши сўралганда, у бу билан мусулмонларнинг ўзлари учун ноодатий бўлган шароитда дуч келадиган қийинчиликларини назарда тутганлигини айтди. Ва бу сўзлар меҳнат миграцияси шахс ва жамиятга қай даражада таъсир этишини ўрганиш бўйича ўтказилган илмий тадқиқотларда ўз исботини топмоқда.

БМТнинг Аҳоли фонди (UNFPA) ва Қирғизистон миллий статистика қўмитаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 38 % аёллар ва 45 % эркаклар чет элда ишлаб юрган аёлларнинг аксари ахлоқсиз ҳаёт тарзини юритади, деб ҳисоблайди.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, чет элга пул топиш учун кетаётган қирғиз аёлларининг аксарияти ёлғиз аёллардир. Шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистонлик мигрантларнинг асосий қисми ҳам бевалар, оиласидан ажрашганлар ва оила қурмаган ёлғиз аёллардир. Ўз навбатида, уларнинг кўпчилигига ёмон кўз билан қаралади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мигрант аёллар мустақил пул топганликлари ва бегона юртда ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишга кўникиб қолганликлари боис, уларнинг табиатида ҳам миллий менталитетга хос бўлмаган ўзгаришлар юз беради. Бу эса эркакларни чўчитади ва улардан узоқлашишга мажбур қилади.

Яна бир жиҳат, “эркин муносабатлар” кўпинча “эркин муҳаббат” сари етаклайди ва бу исталмаган ҳомиладорликларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, бу аборт билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Мутахассислар норасмий аборт билан шуғулланувчи тиббий марказларнинг фаолият олиб бораётганлигини таъкидлашмоқда. Афсуски, бундай марказларда мажбурий равишда тўхтатилган хомиладорлик сабабли юзага келган асоратлар учун “қурбон”нинг ўзигина жавобгар саналади. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мигрант қирғиз аёлларининг 18 % қачонлардир исталмаган ҳомиладорликни тўхтатиш мақсадида абортга мурожаат қилишган.

Ваҳоланки, 2016 йилда Қирғизистон аёллари ўртасида “Жамиятни идрок қилишда гендер” тадқиқоти доирасида ўказилган сўровномага кўра, 87-89 % аёллар абортга салбий муносабатда эканликларини, бундай амалиётни ҳеч қачон қўлламасликларини билдиришган.

Айнан Қирғизистон тадқиқот учун олинганлигининг сабаби, бу ерда чет элга ишлаш учун чиқаётганларнинг 40 %ни аёллар ташкил этади. Тожикистон ва Ўзбекистонда бу кўрсаткич 15 % атрофида.

Мигрант – аёллар дуч келадиган муаммолардан яна бири – бу иш қидириш вақтида уларнинг жинсий зўрлашларга дуч келишларидир. Нима бўлганда ҳам, мигрант – эркаклар аксариятининг фикрига кўра, чет элда ишлаб келган аёлларни одатий ҳаёт тарзига қайтариш анчайин мушкул. Ўта қийин шароитлардаги меҳнатдан кейин уларнинг кўпчилигида саломатлик билан боғлиқ муаммолар ҳам вужудга келади. Шунингдек, фарзандлар, қариндошлар ва яқинлар билан муносабатларда ҳам турли хил тушунмовчиликларга дуч келинади.

Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, имом Рамил Садиковнинг сўзларида жон бор.