Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Насиҳат

Ислом сизга: «Оч қолма, ёмон кўрма, яхши кўрма, – демайди. Лекин, оч қолсанг ўғирлик қилма, ёмон кўрсанг зулм қилма, яхши кўрсанг юз буриб кетма!» – дейди (Шаҳид Рамазон Бутий).

Негадур бугунги кунда оч қолиш қийин, аммо ўғирлик қилиш осон бўлиб қолди. Ўғри одатда мол эгасини пойлаб, билдирмасдан ёки кечанинг қоронғусида ўғирлик қиларди. Энди бўлса кундузи, кўзингизга тик қараб, дардингизни била туриб, кулиб…

Қандай қилиб дейсизми?!

Юзингизга боқиб тарозудан уряпти. Вазифасини суиистеъмол қилиб, битадиган ишни орқага суриб киссангизга қўл тиқяпти. Таъмагирлик қилиб ёки тўғридан тўғри пора сўраяпти…

Ёмон кўриш эса зулмнинг эшигига айланди. Ваҳоланки, мўмин инсон бировни ёмон кўришга ҳаққи бўлса-да , зулм қилишга ҳаққи йўқ эди. Ёмон кўриши мумкин эди, лекин адоват қилишдан қайтарилган эди. Ёмон кўриш шунчалик қабиҳ нарсаки, инсондаги самимийлик ва адолатни қуритади. Бу иккиси қуриган ердан эса зулм ўсиб чиқади.

Ишонч билан, виждон билан Яратганнинг розилиги учун яхши кўриш нақадар гўзал! Яхши кўриш осон–у, давомати қийин. Давом этишга кўзинг етса яхши кўр, илло… Яхши кўрганингдан ҳаргиз юз буриб кетма… Иймонингга, виждонингга хилоф иш қилма, дўстим!

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди Бобохонов Яҳёхон