Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Намозда “соҳа устаси” бўлишни хоҳлайсизми?!

Намозда “соҳа устаси” бўлишни хоҳлайсизми?!

Қайси соҳа вакили бўлмасин, ўз мутахассислигини яхши эгаллаган, ўз касбининг устаси бўлса, иши ривожланади, харидори кўп бўлади, умумий қилиб айтганда, кам куч сарфлаб ҳам роҳат кўриши мумкин. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Соҳасининг мутахассиси бўлган илм эгаларидан бу даражага қандай етишганларини сўрасангиз, улар: “Авваламбор, Яратганнинг инояти, мадади билан, ундан кейин эса ожизона қилган меҳнатимиз, кўп йиллик машаққатимиз, илм йўлида жидду жаҳд қилиб, мушкулотларга қилган сабримиз натижаси”, – дея жавоб беришади.

Дурадгор, заргар, қурувчи, шифокор, наққош каби истеъдод соҳиби бўлган соҳа вакилларини саволга тутсангиз, улар ҳам ютуқларга эришиш осон бўлмаганлиги, бунинг учун не-не босқичлардан ўтишга тўғри келганлиги, 15-20 йил тиним билмай меҳнат қилиш керак бўлгани ва ҳозирда ўша узоқ йиллик машаққатларининг мевасидан баҳраманд бўлиб, роҳатда, неъмат ичра яшаётганларини айтишади.

Худди шунингдек, савдогарлик, тижорат, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчилар ва ўз ишида кўп зафар қучиб, ютуқларга эришганлар, машғулоти натижасида салмоқли мол-давлатга, сармояга эга бўлган инсонлардан бу ҳолатга қандай етишганларини сўрасангиз, улар ҳам бунинг учун кўп меҳнат талаб этилганлиги, бу йўл учун 15-20 йилдан ортиқ вақт сарфланганлиги, илк фаолият бошлаганида анчагина қийинчиликларни бошидан ўтказгани, ҳатто бир чақа ҳам фойда ололмагани, бироқ сабр-бардош ва кучли ирода шундай зафарларга эришишига сабаб бўлганлигини таъкидлашади.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳеч ким бир кун ёки бир ҳафта ё бир ой ёхуд бир йилда муваффақиятга эришиб, соҳасининг устасига айланмаган, қилган ишидан натижа, унум топмаган. Бунинг учун камида 10, 15, баъзида 20 йил талаб этилишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу, албатта, умумий ҳолатнинг баёни. Лекин баъзи инсонлар ҳам борки, улар оз фурсатда юксак натижаларга эришадилар, соҳаларини яхши эгаллайдилар. Бу ҳам Аллоҳнинг бир иноятидир.

Юқорида келтирганларимиз асосан дунёвий маслакларга тегишли эди. Ана энди мен сиз азизларнинг эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчиман.

Буюк тобеъин Собит Буноний шундай дейдилар: “Мен намоз ўқиш йўлида 20 йил қийналдим (яъни қалбни тайёрлаш, намоз ўқиш вақтида Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиш, Ул зотдан қўрқиб туриш даражасига етгунимча 20 йил сарфладим). Ана энди буёғига намоз ўқишим менга роҳат бермоқда, бунинг Аллоҳнинг буюк неъмати эканлигини англамоқдаман”.

Субҳаналлоҳ! “Намоздаги ҳушу ҳузуъга ҳам шунча вақт керакми, наҳотки бу нарса шунчалар эътибор талаб қилса?!” – дейишимиз мумкин.

Ҳа, керак бўлса шунча вақт сарфлаш, жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади. Шу ўринда, тобеъиннинг сўзини ўқиганлар: “Биз ҳам 15-20, балки 30 йилдани бери намоз ўқиймиз, нима бўлибди?!” – деб айтишлари, тобеъиннинг сўзлари уларни ҳайратга солмаслиги мумкин!

Келинг, тобеъиннинг сўзлари ҳақида бироз мулоҳаза юргизиб кўрайлик!

Эътибор беринг-а, буюк тобеъин Собит Буноний розияллоҳу анҳу намоз борасида 20 йил машаққат чекканларини айтмоқдалар. Бу гапларга изоҳ берадиган бўлсак, ул зот намозни азбаройи буюк амал эканлигини англаб, Аллоҳ таолога юзланиб, Яратгани билан алоқа боғлашга ихлосла интилиб, эртага Қиёматда илк сўраладигани намози ва у Жаннатнинг калити эканлигини тушунган ҳолда ибодат қилганлар, айнан шулар намозга шу қадар жиддий ёндашишларига сабаб бўлган. Агар намоз ўқишни ҳам бир соҳа сифатида оладиган бўлсак, шу соҳада роҳат-фароғатга етишиш учун 20 йил умрларини фидо қилганлар. Сўзларидан бу мақомга эришиш учун анчагина машаққат чекканлари англашилмоқда.

Эҳтимол, намоз ўқишни илк бошлаган вақтларида хаёлни бир жойга жамлай олмаганлар, хаёл уларни турли оламларга сайр қилишга чалғитаверган, диққатни тўплашга қанчалар уринмасинлар, уддалашнинг имкони бўлмаган. Лекин улар “Бўлди, етар!” – деб қўл силтаб кетмаганлар, балки намознинг фарз, вожиб, суннат амалларини синчиклаб ўрганишга қатъий бел боғлаганлар, бунда масаланинг макруҳ, гуноҳ бўладиган жиҳатлари ҳам четда қолмаган, шу қадар “намоз соҳасини” эгаллашга берилганларки, бунда соҳага тегишли қирраларни ўрганиб, ўзлаштириб бораверганлар. Албатта, бунда соҳанинг душмани шайтон билан қаттиқ курашишга тўғри келган. Улар ҳам шайтон билан ҳам нафслари билан жанг қилиб, енгилмаганлар.

Намознинг фақат фарз ва суннатларига эмас, балки ҳушу (яъни Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис қилиб, қўрқиб туриш) ва ҳузуъ (яъни ўзини Аллоҳ таолонинг қули эканини тан олиб, Ул зотга бўйсуниш) даражасини эгаллаш учун кўп нафл намозлар ўқиб, машқ қилганлар. Тинмай ҳаракат қилаверган, лекин намоздаги роҳатга эриша олмаган. Шунга қарамай, уринишларини тўхтатмаган, бутун ўй-хаёлини шунга жамлаган ҳолда, Аллоҳ таолодан ҳушу, ҳузуъ беришини сўраб шижоат билан ибодат қилишда давом этаверган. Орадан 20 йил ўтибгина “намоз соҳаси” унга роҳат келтирган, ўзининг неъмат ичра эканлигини ҳис қиладиган даражага етган, бир сўз билан айтганда, бу соҳанинг устасига айланган.

Тўғрида, инсонлар кенг давлатга эга бўлиш, бойлик, хазинанинг калитини, дунёни қўлга киритиш учун бор ақлларини ишлатадилар, бор кучларини сарфлайдилар. Керак бўлса, тонгдан то қора тунгача меҳнат қиладилар. Бутун ўй-хаёллари шунда бўлади.

Ана энди айтингчи, наҳотки охират амали, Жаннат калити, Яратган Роббимиз билан юзлашиш манбаи, алоқа воситаси бўлган – намоз йиллар давомида ўрганишга, пухта ўзлаштиришга, кўп ақл ва куч сарфлашга ва асосийси, бу “соҳа”нинг устаси бўлишга ҳақли бўлмаса?!

Айтингчи, намозга қанчалик эътиборлимиз?!

Намознинг фарз, вожиб амалларини, суннат, макруҳ ва гуноҳга сабаб бўладиган амалларни қанчалик синчиклаб ўрганганмиз?!

Намоз биз учун қанчалар муҳим амал даражасига чиққан?!

Намоз Жаннатнинг калити эканлигини том маънода англаганмизми?!

Намоз Яратган Роббимиз билан алоқа боғлаш воситаси эканлигини, гуноҳлар қилиб бу алоқага футур етказиб қўйишимиз мумкинлигиничи?!

Намозимизда ҳушу ҳузуъни топа олдикми?!

Намоз роҳатини қўлга киритиш учун қанча вақт ажратмоқдамиз?!

Дунёвий ишларга қайғурганчалик намоз учун қалбимиз ўртанадими?!

Намоз ўқиётганимизга неча йил бўлди?!

Фарзандимиз, аҳли аёлимизга дунёвий ишларни ўргатишга рағбат қилганимизчалик намозни ўргатишга рағбатлимизми?!

Биз учун намоз шунчаки ўқиш керак бўлганлиги учун ўқиладиган амалми ёки уни ҳар галгисини соғиниб кутиб, мазза қилиб адо этамизми?!

Намозимиз бизларни фаҳш ва мункар ишлардан қайтара оляптими?!

Дунёвий соҳаларни эгаллашга ҳаракат қилганимизчалик, охират амали бўлмиш “намоз соҳасини” қўлга киритишга қанчалар уринаяпмиз, куч сарфлаяпмиз?!

Намоз ўқиб роҳатланаяпмизми?!

Буюк тобеъиннинг сўзлари орқали, юқоридаги мулоҳазаларни келтириб, намоз, ушбу соҳани эгаллаш оғир, ўта машаққатли деб, ҳаммани қўрқитиш фикридан йироқмиз. Фақат намоз Яратган Роббимиз билан боғланиш, Ул зот билан алоқа боғлаш воситаси эканлигини ҳисобга олган ҳолда, бу соҳага жиддий ёндашиб, кўпроқ эътибор қаратишимиз лозимлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос.

Айнан шу сабабли, намозни чуқур ўрганиш учун йиллар давомида ҳаракат қилишимиз, кўп нафл намозларни адо қилишимиз, ҳушу, ҳузуъ, уни ўқиганда роҳатланадиган даражага етгунимизча жидду жаҳд билан уринаверишимиз лозим. Ана шундагина “намоз соҳаси”нинг чинакам мутахассисига, устасига айланамиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчамизни намозда роҳат топадиган бандаларидан қилсин!

ҒИЁСИДДИН ҲАБИБУЛЛОҲ

Битта фикр

  1. Alloh rozii bo’lsin. Juda ham foydali maqola ekan.