Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Нафси аммора – хавфли душман

Нафси аммора – хавфли душман

 

Инсон учун энг хатарли душманлардан бири ўз нафси амморасидир1. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир”. (Юсуф сураси, 53 оят).
Оятда айтилганидек нафси аммора инсонни ҳар доим ёмонликка ундаб туради. Агар вақтида унинг  давоси қилинмаса, инсон қалбини хароб қилиши мумкин.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «حُبُّكَ الشَّيْءَ يُعْمِي وَيُصِمُّ «

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарсани кучли яхши кўришинг кўзни кўр ва қулоқни эса кар қилади», дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Ҳаддидан ошган муҳаббат фойда эмас, зарар келтириши маълум. Агар ўша муҳаббат ўз нафсига бўлсачи?  Бу нафси амморани ниҳоятда қувватли қилиб юборади. Натижада, инсон: «Айтган барча гапларим тўғри, булар ҳеч нарса билишмайди. Менга қарши гапиришга уларнинг ҳаққи йўқ», каби нафс ўйларига бориб, қалбини хароб қилиш мумкин. Бу ҳолат ҳар бир инсонда бўлиши мумкин. Нафси аммора одам танламайди, барчани ўз йўриғига юргизаверади.
Нафси аммора Ислом шариатида ман қилинган барча нарсаларни қилишни хоҳлайди. Уни ўзи инсофга келиб қолади, деб кутмасдан Ислом ҳукмларига амал қилиш билан синдириш, зоил қилиш керак.
Бу нафс ҳамманинг устидан ҳукмрон бўлиш, бой бўлиш, насаби ила мағрурланиш, бошқалардан ўзини баланд олиш, ҳамма унга қарам бўлиши, ҳеч кимга тобе бўлмаслик каби орзу-истакларнинг асосидир.
Нафси аммора муолажа қилинмаса, оқибати жуда ҳам аянчли бўлиши мумкин. Руҳий тарбия устозлари ёмонликка ундовчи нафсни тарбиялаш учун маълум зикрлар, сабоқларни айтишган. Унинг энг яхши ва самарали давоси зикрдир. Зикрдан мурод шариат буюрган барча ишлардир.
Баҳоуддин Нақшбанд роҳимаҳуллоҳ нафси амморани тарбиялаш борасида: «Мен Аллоҳ (розилиги)га энг тез етказгувчи  йўлни топдим. Бу нафсга мухолиф (қарши) бўлишдир”, деганлар.
Масалан: кимда намозга эринчоқлик бўлса, дарров янги таҳорат қилиб, намозни ихлос билан ўқийди. Агар китоб ўқишга иштиёқ бўлмаса, шу ондаёқ ихлос билан китоб ўқишга киришади. Агар бирор кимса ҳақида ёмон фикрлар келса, унинг ҳаққига дуои хайр қилади. Хуллас, нафси амморанинг хоҳишига қарши унинг хилофини қилиш, айни ўзини синдириш демакдир. Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар: «Киши ўз нафсининг ислоҳи учун илмдан бир боб ёдлаши, бир йиллик (нафл) ибодатдан афзалроқдир».
Аввало, ҳар ким ўз нафсини ислоҳ қилиши лозим. Зеро, ибодатлардаги риё, ужб ва сумъа каби иллатлар ҳам мана шу нафс касалликлари натижасида юзага келади.
Ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Нафсимни қирқ йил мажбурлаб тарбиялаганимдан сўнгра истиқоматга кўнди».
Қаранг, бу улуғ зот қирқ йиллик умрини ўз нафси тарбиясига бағишлаган ва қирқ йилгача ўз нафси ила курашиб охири енгишга муяссар бўлган эканлар.
Уламолар айтадилар: «Шариатга мувофиқ қилинган ҳар бир амал, ўшанча миқдорда нафси амморани енгади. Шариат буюрган ишларда мустаҳкам бўлиш, нафси амморани синдириб, унинг йўқ бўлишига ва ўрнини нафси мутмаъинна эгаллашига олиб боради.
Ибнул Қайюм ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:  “Нафсингдан эҳтиёт бўл. Чунки сенга не бало етаётган бўлса, мана шу нафсинг (сабаби)дандир. Нафсинг билан (ҳеч қачон) келиша кўрмагин. Аллоҳга қасамки, ҳеч ким нафсини пастга урмагунча, ҳурматли бўлмайди. Ҳеч ким нафсини хор қилмагунча, иззатли ҳам  бўла олмайди. Ҳеч ким нафсини синдирмагунча, тўғирланмайди ҳам. Ҳеч ким нафсини чарчатмагунча, роҳатлана ҳам ололмайди.  Ҳеч ким нафсини қўрқитмагунча, тинч бўлолмайди. Ҳеч ким нафсини хафа қилмагунича, ҳурсанд ҳам бўлолмайди”.
Ислом ҳукмларининг барчаси нафси амморанинг зидди ҳисобланади. Кимки, Ислом арконларидан бирига амал қилса, нафси амморасига хилоф иш қилиб, уни тарбиялаётган, уни хотиржам нафс бўлиши учун тайёрлаётган бўлади. Аллоҳ барчаларимизни нафси амморага енгилиб қолишдан асрасин.

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий роҳимаҳуллоҳнинг «Мактубот»
китоблари асосида Пискент тумани «Собирхон ота» жоме
масжиди имом хатиби Суннатуллоҳ Абдулбосит ўғли тайёрлади.

1“Ан-нафсул аммора бис суъ” – ёмонликка ундовчи нафс.