Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НАФЛ ИБОДАТЛАР ЗИКРИДА

НАФЛ ИБОДАТЛАР ЗИКРИДА

Билинг! Фарз намозларидан ташқари яна 42 хил намоз мавжуд. Булар суннат, мустаҳаб ва ихтиёрий намозлардир.

Суннат намози деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларидан олдин ёки кейин, витр намозларидан сўнг адо этишни ўзларига доимо вазифа қилиб олган намозларни назарда тутамиз. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар нақл этилган.

Мустаҳаб намозлар – буларнинг фазли хабарларда ворид бўлган, аммо доимий эканлиги ҳақида нақл этилмаган. Бунга уйдан чиқиш ва киришда адо этиладиган намозлар мисол бўлади.

Ихтиёрий адо этиладиган намозлар – бу юқоридаги икки хил намоздан ташқари намоз бўлиб, бу намоз тўғрисида бирон-бир хабар ворид бўлмаган. Аммо банда ўз ихтиёри билан намоз ўқийди.

Юқорида зикр этилган уч тур намозлар нафл намозлари деб номланади, зеро, нафл дегани – зиёда маъносини билдиради.

Қисқаси, нафл бу фарз намозларга зиёда (қўшимча) қилиб адо этиладиган намозлардир.

Билингки, баданнинг энг яхши ихтиёрий амали – намоздир.

Нафл намозларининг қисмлари ва фазилатлари жуда машҳур. Улар фиқҳ ва бошқа китобларда кўп ва хўп зикр этилган. Аммо биз бу ўринда шу нафл намозларидан бири – тасбеҳ намозини айтиб ўтамиз, зеро, бу намознинг сифатлари айрим одамлардан махфий қолган.

Икрима Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата: «Эй амаки! Сизга бермайми? Сизга ўргатмайми?» – деган сўзларни зикр қилиб, сўнг айтдилар: «Тўрт ракат намоз ўқийсиз. Ҳар бир ракатда Фотиҳа сурасини ва бошқа сурани ўқийсиз. Биринчи ракатда қироатдан фориғ бўлганингиздан сўнг тик ҳолда туриб «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» тасбеҳларини ўн беш марта айтасиз. Сўнгра рукуъга борасиз ва рукуъда турган ҳолингизда ҳам мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтарган вақтда ҳам яна ушбу тасбеҳларни ўн марта айтасиз. Сўнг саждага борасиз. Саждада турган ҳолингизда яна мазкур тасбеҳларни ўн бор қайтарасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз, сўнг яна сажда этасиз ва унда яна ўн бор тасбеҳ айтасиз, сўнг бошингизни саждадан кўтариб, тик бўлишингиздан олдин яна ўн марта тасбеҳларни айтасиз. Бу айтилган тасбеҳларнинг умумий адади етмиш бешта бўлади. Тўрт ракатни шу тахлитда адо этасиз. Агар бу намозни бир кунда адо этишга қодир бўлсангиз, уни адо этинг. Агар бир кунда адо этишга қодир бўлмасангиз, жума куни бир марта ўқинг. Агар жума кунида адо этишга қодир бўлмасангиз, уни бир ойда бир ўқинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз, уни бир йилда бир бор адо этинг. Бунга ҳам имкон бўлмаса, умрингиз давомида бир бор «Тасбеҳ» намози ўқиб қўйинг».

Намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда бирон-бир сабабсиз, масалан, тасбеҳ намозига ўхшаган намоз адо этилмайди, зеро, бу вақтларда намоз адо этиш қатъиян ман этилган.

Билингки, уч вақтда намоз ўқишдан қайтарилишнинг уч сири мавжуд: биринчиси – қуёшга сиғинувчиларга ўхшашликни тарк этиш. Иккинчиси –  шайтон шохига сажда этишдан огоҳлантириш, зеро, қуёш шайтон шохи билан чиқади, юқорига кўтарилган вақтда у қуёшдан ажралади. Қуёш энг олий нуқта (зенит)га келган пайтда шайтон шохи яқинлашади, қуёш заволга оққан вақтда эса шох ундан узилади. Агар қуёш ғарб томон бота бошласа, шох яна яқинлашади, қуёш ботган пайтда эса у яна ундан ажралади. Учинчиси – охират йўлидагилар ибодатни ўзларига доимий вазифа қилиб олганлар. Ҳар вақт амални бир хил усулда адо этиш малолликни вужудга келтиради. Агар монеълик ориз бўлса, ғайрат-ижтиҳод зиёда бўлади, зеро, нафс қайтарилган нарсага ошуфтадир. Инсон наҳий этилган вақтларда намоз адо этишдан ман этилса-да, Қуръони Карим қироатидан ва обидни бир ҳолдан иккинчи ҳолга солувчи тасбеҳ айтиш каби бошқа ибодатлардан қайтармайди.

Шу каби намоз ҳам туриш, рукуъ этиш, ўтириш ва сажда этиш каби турлича ҳолатлардан иборат.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота» жоме масжиди
имом-хатиби Эшонхўжаев Саидрохим