Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан дарслар: Ўзини ва ўзгаларни алдашни тўхтатиш

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан дарслар: Ўзини ва ўзгаларни алдашни тўхтатиш

Жуда кўплаб инсоний камчиликлар орасида, шубҳасиз, ёлғон энг ёмони саналади. Аслида бўлмаган уйдирмалар билан доимо мақтаниш; ваъда бериб, сўзида турмаслик; нопок йўл билан ҳаётда бирон нарсага эришишни муаммо деб санамаслик; дўст, биродар кўриниб, ишончни суиистеъмол қилиш, сирларни ўзгаларга ёйишдан ҳам аянчли нима бўлиши мумкин?!

Бежизга саҳобаларнинг саволларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича жавоб бермаганлар: Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» – деб сўралди. У зот «Ҳа», – дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» – деб сўралди. У зот «Ҳа», – дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?», деб сўралди. У зот «Йўқ», – дедилар» (Имом Молик ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана бундай кўрсатмалари баён қилинади: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар”” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизий ривояти).

Инсонлар орасида гўёки “бегуноҳ ёлғон” деган тушунча ҳам борки, уларнинг наздида бу ўзгаларга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Аслида ухлаб қолиб, ишга кеч келган ходим уйдирма бир баҳонани айтса, бундан кимга зиён?! Мисол учун, у билан йўлда қандайдир бахтсиз ҳодиса содир бўлди ёки уйидаги сув қувури ёрилиб кетиб, созлаш учун ушланиб қолди. Савоб иш сабаб кеч қолганлигини айтса нима бўбди?! Масалан, қўшнисини касалхонага элтиб қўйгани ёки ёлғиз қарияни оғир аҳволдан қутқаргани… Ўзгаларни кўз ўнгида ўзимизни қаҳрамондай ҳис қилсак, бунинг нимаси ёмон, бундан кимга қандай зарар тегади?!

Бундай олиб қараганда, ҳеч қандай. Лекин бу ерда ўз-ўзидан бир қанча муаммолар келиб чиқади. Одатда бир ёлғон орқасидан иккинчисини тортади. Бугун биз ўзимизни оқлаш учун алдадик, эртага кимгадир яхши кўриниш учун ёлғон гапирамиз, индинига эса дўстимизга ваъда бериб, бажармаслик оддий ҳолга айланади, бирон баҳона билан имкон бўлмаганлигини “тўғри тушунтириб” қўя қоламиз; қарз олиб, имконимиз бўлса ҳам, аҳволимиз оғирлигини важ қилиб, уйдирмалар билан беришни чўзиб юраверамиз. Бора-бора ростгўй инсондан аста-секинлик билан ёлғончи бўлиб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмай қоламиз. Хатти ҳаракатлар одатга, одатлар хулққа, хулқ эса тақдирга айланади.

Ёлғончи инсон атрофдагиларнинг ҳурматидан қолади, унинг рост сўзига ҳам ҳеч ким ишонмайди. Ҳадиси шарифда ёлғончилик мунофиқликка тенглаштирилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади””(Муттафақун алайҳ).

Яратган ростгўйларни яхши кўради, ёлғончиликни эса қоралайди. Наҳл сурасининг 105-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар». Инсон ушбу иллатнинг ёмонлигини англамас экан, дин, унинг таълимотлари унга қуруқ сўз. Демак, у Аллоҳдан ҳаё қилмайди. Аллоҳ таолодан қўрқмаган, унинг кўрсатмаларига амал қилмаган кишининг инсонлардан уялиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Яна бир ёлғон тури борки, кўпчилигимиз у ҳақда унутиб қўямиз. Бу ўз ўзини алдашдир. Аслини олганда, инсон ўзини ўзи кўпроқ алдайди. Бу қандай бўлиши мумкин?

Ҳар бир инсоннинг каттаю кичик гуноҳлари, камчиликлари бор. Лекин аксаримизда уларни тан олишга мардлик етишмайди. Бунинг ўрнига баҳоналар билан ўзимизни оқлашга ҳаракат қиламиз. Таниш ҳолат-а?!

Мисол учун, орамизда ўзининг жаҳлдор ва асабийлигини тан олмай, атрофдагиларни айблайдиганлар талайгина. Худдики бошқалар уларнинг сабрини синайди, доим жаҳлига тегиб, жанжал чиқишига сабабчи бўлади. Бошқа биримиз эса дангасалигимизни эътироф эта олмаймиз. Бунинг ўрнига, усталик билан турли баҳоналар ўйлаб топамиз, ўша қилиниши керак бўлган ишнинг у қадар муҳим эмаслигига ўзимизни ҳам бошқаларни ҳам ишонтирамиз. Хасис одам эса ўзини тежамкор эканлигини уқтиради. Айёр ўзини ақлли ва уддабурон деб ҳисоблайди.

Ўзининг салбий одатларидан воз кечолмаётган кишилар айниқса ўзларини оқлашни жуда яхши кўришади. Мисол учун, кашандалар, ичкиликбозлар, хаддан ортиқ ширинликхўрлар, ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолганлар ва ҳоказо. Қандайдир тобеълиги борлигини тан олиш ўрнига улар йиллар давомида ўзларини оқлаб келишади: қилмишларининг ҳеч қандай ёмон томони йўқлиги, бундан ҳеч кимга зарар тегмаётгани, ҳамма нарса жойидалиги, бошқалар бундан ҳам баттарроқ ишлар қилишаётгани…

Арзимас нарсалар учун ҳам ёлғон гапириш одатидан қандай қутилиш мумкин? Ёлғон одатда инсоннинг ўз заифлигини тан ололмаганлигидан, ўзини борича қабул қилмаганлигидан келиб чиқади. Бошқача айтганда, ростгўйлик учун мардлик керак, ёлғон – жасурлик етишмайдиган қўрқоқ инсонларга хосдир.

Камчиликларини тан ола билиш инсонни камситмайди, аксинча, ростгўйлиги, ҳалоллиги учун унга бўлган ҳурматнинг ошишига сабаб бўлади. Шунингдек, ўз устида ишлаш, мавжуд камчилик ва муаммоларини бартараф этишга ундайди.

Ёлғон нафақат руҳий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам зарарлидир. Ахир ёлғончи доимий руҳий зўриқиш, стрессда яшашга маҳкум: фош бўлиб қолсачи, ҳақиқатни билиб қолишса нима бўлади?.. Эски ёлғони фош бўлмаслиги учун айлантириб янгидан бошқа ёлғон тўқишга мажбур.

Шундай экан, агарда инсон жамият орасида обрў-эътиборга, ҳурматга, энг асосийси, Аллоҳ таолонинг розилигига сазовор бўлмоқчи экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиши, у кишининг таълимотларини ҳаётга тадбиқ этиши лозим бўлади.

Яратган Роббимиз барчамизни икки дунёда саодатманд, Ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўладиган бандаларидан қилсин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди имом-хатиби А.Саиджахонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan