Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Мусулмонларнинг саодат омиллари

Мусулмонларнинг саодат омиллари

Нофеь ибн Абдулхорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир «, дедилар» (Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмонларнинг саодатига омил бўладиган уч муҳим нарса зикр қилинган.

Кенг маскан – киши яшайдиган уй, умрининг кўп қисмини ўтказадиган жойдир. Яшаш шароитининг қулайлиги, барча шароитлар мавжудлиги ҳақиқий саодат омилидир.

Бугунги кунда юртимизнинг барча жабҳаларида қурилаётган қулай шароитли уйлар юртдошларимизнинг саодатига хизмат қилмоқда.

Ҳадиси шарифда иккинчи саодат омили солиҳ қўшни эканлиги таъкидланади. Маскан қулай бўлсаю қўшни нобоп бўлса, бу ҳам бир катта муаммо. Шу сабаб, динимизда қўшни билан яхши муносабатда бўлишга буюрилади. Қўшнига яхшилик қилишга тарғиб қилинади. Халқимизда бежиз «Қўшнинг тинч сен тинч”, дейилмаган. Охирги йиларда қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар йўлга қўйилаётгани тахсинга лойиқ. Бу эса, ўз навбатида, мусулмонларнинг саодатига катта ҳисса қўшилишига сабаб бўлади.

Бундан хулоса қилиб, қўшнилар билан ахил, иттифоқ бўлиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиришимиз кераклигини англаб етишимиз лозим.

Бошқа бир ҳадисда «Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир», дейилган. Қўшниларга яхшилик қиладиганлардан бўлайлик.

Учинчи саодат омили – яхши маркаб(улов)дир.

Кўчага чиқсангиз, кўчаларни тўлдириб, мусулмонларнинг узоғини яқин қилаётган автоуловлар бугун ҳаммани хайратга солмоқда. Кеча-кундуз тиним билмай, юртдошларимизнинг саодат омили бўлаётган бу уловларни ўз юртимизда ишлаб чиқилгани биз учун катта фахрдир. Яхши улов инсон ҳаётида доимий равищда эҳтиёжи тушиб турадиган нарсалардан бири эканини ўйласак, масала янада ойдинлашади. Бугунги жадал тараққиёт жараёнида уловлар ҳам ривожланиб бормоқда ва унга инсоннинг эҳтиёжи ортиб бормоқда. Бугун уловларсиз ҳаёт ўтказишни тасаввур қилишнинг ўзи амри маҳол. Ҳадиси шарифдаги бахт-саодат омилига сабаб бўладиган нарсаларнинг барчасига юртимизда катта эьтибор берилаётганини шу юрт фуқароларининг бахтли, саодатли ҳаёт кечириши учун қилинаётган ҳаракат деб қабул қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло бу зикр килинган саодат омилларини ато этиб, уларнинг бардавом бўлишини насиб этсин.

Оҳангарон тумани “Чил қори” жоме масжиди
имом-хатиби Орифжон Хусенов