Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Мусулмонлар мусибатда биродарларига ҳамдард

Мусулмонлар мусибатда биродарларига ҳамдард

Қозоғистонда ўзбек ўғлонларининг умрига зомин бўлган мудҳиш воқеа ҳақида эшитмаган, ундан таъсирланмаган, мусибат аҳлларига ачинмаган инсон бўлмаса керак. Ҳали ҳануз республикамизнинг турли вилоятларидан ушбу хонадон соҳибларига таъзия изҳор қилиш, уларнинг дардларига шерик бўлиб, кўнгилларига таскин бериш, ҳасратларини енгиллатиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш учун юртдошларимиз ташриф буюришмоқда.

Кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдам халқимизнинг нақадар инсонпарвар эканлигидан, мушкул кунларда бир-бирининг ёнида туриб, дардига шерик бўлиш, оз бўлсада мусибатини аритишга уриниш, биродарларининг аламли кўз ёшларини артишга тайёрлигидан далолат беради.

Кўнгиллиларнинг ташаббуси билан бутун юртимиз бўйлаб таъзия хонадонларига ёрдам кўрсатиш учун хайрия акцияси уюштирилганлиги юртдошларимиз томонидан мамнуният ва фаоллик билан қарши олинди.

Шу кунларда Тошкент вилоятида хизмат қилаётган навбатдаги бир гуруҳ имом-хатиблар ҳам мусибатзадаларнинг хонадонларига ташриф буюриб, таъзия изҳор қилдилар, шунингдек, марҳумларнинг оила аъзоларига вилоят номидан моддий ёрдамни етказдилар.

Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз раҳматига олиб, жаннатига ноил қилсин! Яқинларига сабри жамийл бериб, таъзияга келаётганлар ва саҳоватпешаларнинг ажрларини зиёда қилсин!

 

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати