Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / МУСУЛМОНЛАР МАСЪУЛИЯТЛИ БИРОДАРЛАРДИР

МУСУЛМОНЛАР МАСЪУЛИЯТЛИ БИРОДАРЛАРДИР

Маълумки, муборак Рамазон ойи муносабати билан юртимиздаги жоме масжидларда Хатми Қуръонлар ўтказилиб, уларнинг поёнига етиши ажойиб Қуръон байрамига, дилларга хушнудлик, кўнгилларга хотиржамлик, руҳга маънавий озуқа улашадиган бетакрор тадбирга айланиб улгурди. Ана шундай Қуръон кечаларидан бири куни кеча Оҳангарон шаҳридаги “Хонобод” жоме масжидида бўлиб ўтди. Бу кечанинг Рамазон ойининг 27 кечаси – Қадр кечасига тўғри келганлиги намозхонларга бир қувонч ато этган бўлса, Хатмонада Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг иштирок этиб, амру маъруф қилганлари, муборак ой, улуғ кеча билан диндошларни муборакбод этганлари кечага алоҳида руҳият бағишлади ва ташриф буюрганларни жуда мамнун этди.

Хайруллоҳ домла Турматов сўзларини доруломон замонда, тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган юртимизда ойларнинг султони, Қуръон нозил бўлган, самодан файзу баракотлар ёғиладиган, раҳмат, мағфират ойи бўлмиш Муборак Рамазон ойи ва минг ойдан ҳам яхшироқ эканлиги таъриф этилган Қадр кечаларини биргаликда, иймон-эътиқод, дуою зикр билан ҳамжиҳатликда ўтказишга мушарраф бўлганимизга шукроналар келтириб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб бошладилар. Барча мусулмон аҳлига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломлари ва дуои хайрларини етказдилар.

Шунингдек, Рамазон ойи, Қадр кечасининг фазли, бундай ғанимат фурсатлар сабаб мўмин-мусулмонлар қўлга киритадиган манфаатлар, эга бўладиган ажру савоблар ҳақида гапирар эканлар, барчани яна бир нарсага – биродари ҳаққига хайрли дуо қилишга – чақирдилар. Зеро, ихлос билан қилинган дуолар ижобат бўладиган дамлардамиз.

Шундай баракотли ой ҳукм сураётган бир пайтда, берилган имкониятни ўзининг зарарига сарф қилиб, жиноятнинг жирканч кўчаларида юрган ака-ука, опа-сингилларимиз бизнинг кўмагимизга, дуоимизга муҳтож эканликларини, бундай салбий ҳолатлар учун барчамиз масъул эканлигимизни, уларга қарши курашишда, олдини олишда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз лозимлигини таъкидладилар.

Хатмона ушбу ғанимат фурсатларда амал дафтарларимизга хайрла битиладиган ажру-савоблардан насибадор бўлиб, Меҳрибон Раббимиз билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират қилишини, улуғ даражотлар билан мукофотлашини сўраб кўздан оққан ёшлар билан қилинган дуолар, эзгу тилаклар билан ўз якунига етди.