Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мустаҳкам оила – фароғат маскани

Мустаҳкам оила – фароғат маскани

Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Уни юритишда илоҳий таълимотларга амал қилинадиган бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бу йўлда ота-оналар томонидан қанчадан-қанча яхши ниятлар, ҳатти-ҳаракатлар бўлади. Айниқса, бугунги кунда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Оилалар мустаҳкам ва бахтли бўлиши учун ҳукумат томонидан улкан ишлар қилинмоқда. Лекин минг афсуски, оила бузилиши билан боғлиқ рақамлар ортса ортмоқдаки, камайгани йўқ. Бунинг эса атрофлича, ўзига яраша сабаблари бор.

Оила бузилишига сабаб бўладиган баъзи омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўз юритсак. Маълумки, оила бузилишига турли сабаблар бор, аммо оиласи бузилиш арафасида турган ёшлардан сабабини сўрасангиз, “характеримиз тўғри келмади”, деган жавобни эшитасиз. Аслида унга қуйидаги омиллардан бири сабаб бўлади:

  • Ёшларда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги. Яъни, ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини яхши билмасликлари, оилавий маданиятни тушунмасликлари, умуман олганда ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари оила бузилишига асосий сабаб ҳисобланади. Оила қуриш, уни юритиш қандай амалга оширилиши, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати қай тарзда бўлиши ҳақида муқаддас динимиз таълимотларидан хабардор бўлиш оила мустаҳкамлигининг омилидир. Албатта, ҳар бир нарсани билиб, унинг мазмун-моҳиятига тушуниб етиб, билим асосида олиб борилиши кўп яхшиликларга сабаб бўлади. Оила муносабатлари жуда нозик ва мураккаб бўлиб, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш, унга жиддий қараш лозим. Фарзандларимизнинг фақат моддий жиҳатлари эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.

  • Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик. Бу икки офат бир-бирига жуда яқин ва бир-бирига боғлиқ десак тўғри бўлади. Аллоҳ таъолонинг ароқхўрликни ҳаром қилишида жуда ҳикмат кўп. Кўпинча, эр ароқхўрликни касб қилади, маст бўлиб оилада жанжал кўтаради, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Аммо бугунги кунда аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозлик бўлаётгани мусибат устига мусибат. Эр тул, хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади. Кейинги пайтларда гиёҳвандлик балоси авж олиб, ҳатто уни “аср вабоси” дейиш даражасига етди. Унинг зарари, хатарли оқибатлари ҳақида қанча кўп гапирмайлик барибир, кўпайиб кўплаб одамлар, оилалар ҳаётига зомин бўлмоқда. Оддий бир мисол. Гиёҳвандлик натижасида янги уйланган куёв келинга қўшила олмай ажралиб кетаётгани  катта мусийбат. Жамиятда оилалар бузилишига ота-оналар, болалар нотинчлигига, умуман жамият тараққиётига зарар келтираётган бу иллатга қарши барчамиз бир бўлиб курашмоғимиз лозим.

  • Зино. Оиланинг бузилишига энг кўп сабаб бўладиган иллатлардан бири бу – зинокорликдир. Аслида никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган энг катта мақсад ҳам зинодан сақланиш. Яъни, жинсий майлни ҳалол йўл билан қондиришдир. Аммо, эрлар ёки аёлларнинг зинога боришлари бу ачинарли ҳолат. Чунки, зино жамият таназзулига сабаб бўладиган офатдир. Бу разил иллат барча динлар, халқлар, тузумларда энг жирканч иш, ор-номуснинг топталиши ва ифлослик бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда анашу иллат кўпайиши натижасида қанчадан қанча оилалар бузилиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқдалар. Ачинарлиси шундаки, зино насл-насабнинг бузилишига, оилалар парчаланишига, инсоний ахлоқ ёмонлашувига, турли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади. Лекин, жамиятда анашу иллатга ва унга олиб борувчи йўлларга қарши биргаликда қаттиқ ҳаракат қилмасак келажак таназзулга юз тутиши муқаррар.

  • Эру-хотинларнинг ўзаро муносабатларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги оила бузилишига сабаблардан биридир. Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Чунки, оилада кўпгина келишмовчиликлар етишмовчиликдан келиб чиқади. Назаримда ҳозирги ёшларда сабр, қаноат, бағрикенглик, муроса каби фазийлатлар камайиб кетаётгандай. Ҳозирги ёшларга оила қурса, тез фурсатда уй-жойли бўлса, машина олсада дарров алоҳида уй бўлиб, чиқиб кетса. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуолари деган нарсаларга эътибор камайиб кетаётгандай гўё. Ҳар қандай вазиятда ҳам оила муқаддас эканлиги, унинг шу даражага етишида ота-оналарнинг машаққатли меҳнатлари, ҳаракату-харажатлари ва энг асосийси вақт сарф бўлганини унутмаслик керак.

  • Ёш оилаларнинг бузилишига жиддий сабаблардан яна бири унга ота-оналарнинг ноўрин аралашувидир. Бизга яхши маълумки, қадимдан туркий халқларда ота-оналар ёшлар тарбиясига ва оилалар мустаҳкамлигига гаров бўлиб келишган. Агар оилада бироз келишмовчилик бўлса, насиҳат қилиб, дарров йўлга солишган. Сабрга ва бағрикенгликка ўргатишган. Нимагадир бугунги кунга келиб, ота-оналар, қайнота-қайноналарнинг ёш оилаларга ноўрин аралашуви ёки ҳаддан зиёд ақл бовар қилмайдиган ишларни содир қилиши кўпайиб бормоқда. Ҳузуримизга келадиган ёш оилалардан кўпинча “биз келин билан яхши муносабатдамиз, лекин ота-онам келин билан муроса қилолмаяпти” деган гапларни эшитамиз. Бу илгаригининг мутлақо тескариси. Ҳатто, фарзандига: “Келинга жавобини бермасанг сени оқ қиламиз” деб айтаётган ота-оналар ҳам бор. Бундан ҳам ёмони ўғлига: “Келинни жавобини сен бермасанг мен бердим” дегувчи оталар ҳам борлиги афсусланарлидир. Бу қандай ноинсофлик? Бундан ташқари арзимас сабаб билан “бизнинг кўчада қолдирган қизимиз йўқ”, деб, талоғини олмаса ҳам, қизини юки билан дарров уйига олиб кетиб қолаётган ота-оналар ҳам бор. Энг ёмони “Юртнинг бир қавати” деган иборани нотўғри талқин қилаётганларидир. Динимиз таълимотларида ота-онага бўлган муносабат қай даражада юқори экани ҳаммамизга яхши маълум. Аммо, ҳар бир нарсада чегара бўлгани каби ота-онага бўлган муносабатда ҳам ўзига яраша чегара бор. Исломда иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бировнинг агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, ҳоҳишига биноан оила бузишга рухсат йўқ. Хотинни талоқ қилиш ота-онага яхшилик қилиш эмас.

  • Оила бузилишига яна бир сабаб – бефарзандликдир. Албатта, бандасига фарзанд бериш Яратганнинг иродасидир. Аллоҳ инсонни яратишида фарзанд мухаббатини ҳам қўшиб яратган. Бефарзандлик бу оилада кўнгилсизликдир. Ёш оила қисқа муддатда фарзандли бўлиши шартдай баъзи одамлар бу масалада жуда шошилиб иш кўрадилар. Келин олганига бир ой нари бери ўтиб келин-куёвни олиб дам солдиришга, ёки табибларга югурадилар. Бундай пайтда фарзандни Аллоҳнинг ўзидан сўраш лозим. Ҳаётий тажрибалардан маълумки, одамлар орасида ўн йил, ўн тўрт йилда фарзандли бўлганлари бор. Шунинг учун бу масалада шошилмаслик даркор. Сабр қилиб, дуо қилиб, мутахассис табиблар билан маслаҳатлашиш мақсадга лойиқ бўлади.

  • Фароғат қасрини барбод бўлишига сабаблардан яна бири – телефон ва интернетдаги “ҳаёсизликлар”. Маълумки, телефон ва интернет олами Аллоҳнинг бандаларига ато этган катта неъматларидандир. Узоқдаги яқинлар билан алоқа, катта ҳажмдаги кутубхона ҳамда иш фаолиятдаги қулайликлар ва ҳоказо. Бироқ танганинг икки томони бўлгани каби бу неъматни кимлардир фитна, бузғунчилик, бузуқчилик, ҳаёсизлик манбаларига айлантириб улгурдилар. Номаҳрам инсон билан ушбу алоқа воситалари орқали суҳбатлашувлар натижасида аксар оилалар бузилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Ҳаё имондандир”, деб марҳамат қилганлар. Ҳаёсизлик икки дунёда ҳам давом этажак илоҳий ришта бўлган оила бузилишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун барча катталар яъни, ота-оналар, оқсоқоллар, мураббийлар, ишбошилар ёшларга телефон ва интернет каби воситалардан фойдаланиш ҳақида жуда кўп тарбиявий ишлар олиб боришлари лозимдир.

  • Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молдир”. Ҳадисга эътибор беринг. Молу-дунё бизга берилган синов экан. Манашу синовда келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш, уларни бебахт қилиш яхшимикан? Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда. Ахир бахту-саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу-дунё билан ўлчанмайдику! Иқтисодий имконият кенг бўлгани билан маънавий жиҳатдан инсон қашшоқ бўлса нақадар хунук!     

Анашу сабаблар туфайли оилалар бузилиши, юқорида таъкидлаганимиздай ота-оналар нотинчлиги, эрлар тул, аёллар бева, болалар эса тирик етим бўлиб қолаётирлар. Ҳаммамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади.

                                                                Турматов Хайрулла
                                                     Тошкент вилояти бош имоми