Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мусибат ва машаққатларга сабр қилиш

Мусибат ва машаққатларга сабр қилиш

Аллоҳ таоло айтади: «Сабр қилувчиларнинг савоблари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилади» (Зумар сураси, 10-оят).

Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирилмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъбир қилганлар. Сабр – машаққатларга чидаш, иймон тақозо қилган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир.

Ҳадиси шарифларда сабр уч қисмдан иборатлиги баён қилинган:

1. Тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш.

2. Гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш.

3. Мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиш.

Ҳаётда банда доимо синовда бўлади. Гоҳ яхши ҳолатлар билан, гоҳо машаққат ва қийинчиликлар билан. Бу барчасида доимо сабрли бўлиш талаб этилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: хорғинликми, беморликми, ташвишми, мағзунликми, озорми, ғам-ғуссами, хаттоки тикан кириши етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг  хатоларини каффорот қилади», дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда, мусулмон киши, каттаю-кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикан киришига ҳам сабр қилмоғи гуноҳларига каффорот бўлиши хақида айтилди.

Шундай экан, азизлар, бошимизга ҳар не мусибат тушганда ҳам аламзадалик қилиб, Аллоҳга ҳуш келмас ишлар қилишдан хазир бўлайлик. Балки, мусибатни бандасига синов қилиб туширган Аллоҳ таолога чиройли сабр қилиб яшайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни шариат доирасида собитқадам қилсин!

Янгийўл шаҳар бош имом хатиби А.К.Пазлитдинов