Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / «Муъоз ибн Жабал» жоме масжидида илк жума намози ўқилди

«Муъоз ибн Жабал» жоме масжидида илк жума намози ўқилди

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, йигирма тўрт ҳафталик тўхталишдан сўнг мўмин-мусулмонлар муборак жума ибодатини яна адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Бугун 4 сентябрь куни барча жомеларда белгиланган карантин қоидалари ва санитария-эпидемиология меъёрлари асосида жума намози адо этилди. Айниқса, янги бунёд этилган масжидларда илк жума намозини жамоат ила ўқиш ва дуолар қилиш кишига ўзгача бир шукуҳ беради.

Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида «Муъоз ибн Жабал» жоме масжиди янги қурилиб фойдаланишга топширилган эди. 2020 йил 4 сентябрь куни «Муъоз ибн Жабал» жоме масжидида илк жума намози жамоат билан адо этилди. Ушбу масжиднинг очилиш маросимига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ва Вилоят вакили ўринбосари Миродил домла ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ў.Атемов ва туман бош имом хатиби С.Акилхонов ҳамда жума намозига келган мўмин мусулмон халқимиз янги муҳташам масжидни зиёрат қилдилар.

Жума намозидан сўнг қилинган дуо ижобат бўлиши умидида юртимиздаги бу балони тезроқ даф бўлиши, янги масжид қиёматга қадар намозхонлар билан тўлиб тошиши, юқумли касаллик сабаб оғир беморларга Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуолар қилинди.

Маълумот ўрнида юртимиздаги масжидлар сони 2073 тага етди. Тошкент вилоятидаги масжидлар адади 226 тага етиб, республикада Самарқанд вилоятидан (285та) кейин иккинчи масжиди кўп ҳудудга айланди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга жума айёмини муборак қилсин!

[carousel-horizontal-posts-content-slider]