Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Муносабат билдиришда хушёр бўлайлик!

Муносабат билдиришда хушёр бўлайлик!

Бир донишманддан сўрашибди:

– Энг яхши кўрган инсонингиз ким?

– Тикувчимни яхши кўраман, – дебди донишманд.

Савол берганлар бироз эсанкираб қолишибди:

– Бу қанақаси? Шунча дўстларингиз, яқинларингиз бор. Бу тикувчи сизга қандай қилиб бунчалик яқин бўлиб қолди?

– Чунки мен ҳар сафар унинг ёнига борганимда, у ўлчовларимни бошидан олади. Бошқалар ундай эмас. Мен хақимда бир марта хулоса қилишади, ўлгунча шу фикр билан юришади…

Мўмин киши биродарига муносабат билдирганда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, кўрган ёки кимдандир олган маълумоти билан эмас, балки мўминлик тарозисида ўлчаб кейин муносабатда бўлиш лозим.

Ҳозир юртимиздаги бўлаётган синовли кунларда бўлаётган воқеликка муносабат билдиришда ҳам кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларда эҳтиёткорлик билан амал қилишимиз лозим.

Мўмин киши тилини яхшилик манбаи қилиб олиши керак. Тили билан атрофга хушнудлик, гўзаллик улашадиган бўлиши, дилларни барбод эмас, обод қиладиган бўлиши, тили билан одамларни ажратиб юборадиган эмас, бирлаштирадиган бўлиши лозим.

Мўмин киши ҳар қандай лағв (бекорчи) суҳбат қуриладиган, бефойда гаплардан, мажлислардан узоқ бўлиши керак.

Аллоҳ таоло қуйидаги икки оятида шу ҳақда марҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ

Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир (Мўминун сураси, 1-3-оятлар).

Мўмин киши эҳтиросларга берилиб, ҳовлиқиб эмас, балки оғир-босиқ бўлиб, қалб кўзи, илм ва ақл билан муносабатда бўлади. Юқорида тикувчи донишмандни ҳар келганда ўлчовини олгандек тикувчидан ибрат олиш лозимдир.

Аллоҳим, барчамизни муносабат билдирганда тилни гўзал, фақат гапириш фойдали бўладиган ўринлардагина гапирадиган суюкли бандаларингдан қилгин.

Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ
Пискент тумани бош имом-хатиби